Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:16

Мониторинг натижалари ўша-ўша


Феруза “Одил сўз” халқаро ташкилоти Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва журналистлар ҳуқуқларининг бузилиши бўйича ўтказаётган доимий мониторингининг 2004 йил декабрь ойига оид натижаларини эълон қилди.

Мониторингда 57 ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг 37 таси оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий соҳалардаги вазиятига, 18 таси ОАВ ва журналистлар ҳуқуқларининг тўғридан-тўғри бузилишига, 2 таси ОАВга нисбатан айбловларга оиддир.

Декабрь ойи мониторингида Ўзбекистонда парламент сайлови вақтида журналистлар ва сайловчилар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга катта эътибор қаратилган.

Мониторингда “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хонимнинг Ўзбекистондаги ОАВга берган баҳоси келтирилади:

“Ўзбекистонда эркин маҳаллий матбуот мутлақо йўқ. Шу сабабли ОАВда инсон ҳуқуқлари бўйича бирорта гап айтилмайди. Бу мавзуни хорижий ОАВда ишлайдиган маҳаллий журналистларгина кенг ёритади”.

Мониторингда “Бирлик халк ҳаракати” партияси бош котиби Васила Иноятова билан содир бўлган воқеа ҳам тилга олинади. Унда ёзилишича, В.Иноятова расмий давлат органлари вакиллари билан биргаликда Ўзбекистон радиосига очиқ мулоқотга таклиф этилган. Унинг эфир вақтидан фойдаланиб, ўз фикрларини очиқ-ойдин айтгани эшиттириш масъуллари учун муаммо туғдирган.

Бу ҳақда “Озодлик” мухбирига ҳам маълумот берган В.Иноятованинг сўзларига кўра, кўрсатув бошловчисига юқоридан берилган топшириқ асосида жазо қўлланилган. Яъни у бир ойлик маошидан маҳрум қилинган ва огоҳлантириш олган.

Мониторингда “Новости Узбекистана” газетасида С.Пражский имзоси билан босилган мақола ҳам келтирилган. Бу мақолада электрон оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қиладиган журналистлар айбланган. Мазкур мақоладан иқтибос келтирамиз:

“Ҳозир мард бўлиб қолган шундай интернет журналистлардан сўрагим келади: – Хўш, Интернет йўқлигида уларнинг жасурлиги қаерда эди? Уларнинг ҳақиқатгўйлигию принципиаллиги қаерда эди? Ахир, ўша пайтда ҳам гапириш лозим бўлган муаммолар кўп эди-ку!”

“Озодлик” мухбири мана шу мақола юзасидан баъзи журналистлар билан суҳбатда бўлди.

“Замон инфо” ахборот сайти раҳбари Ойсулув Қурбонова бу мақола ўзини анча ранжитганини билдирди.

“Авваламбор, бу мақолани ёзган одам ҳозирда Интернетнинг, хусусан, электрон ОАВнинг имкониятлари ва қулайликлари ҳақида бутунлай тасаввурга эга бўлмаса керак. Эҳтимол бу буюртма мақоладир, буни аниқ билмайман. Бироқ мени бизда журналистларнинг бир-бирини қўлламаслиги, аксинча, ўзаро тош отишишдан ҳам тоймаслиги қаттиқ хафа қилди”, - деди О.Қурбонова.
XS
SM
MD
LG