Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:23

“Бирлик” тарафдорлари пўписалардан қўрқаётгани йўқ


Куни-кеча “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг вилоятлардаги бўлимлари раҳбарлари ва фаоллари Қўқон шаҳрида йиғилиш ўтказди. Унда “Эрк” ва “Озод деҳқонлар” партиялари вакиллари ҳам кузатувчи сифатида иштирок этди.

Йиғилишда “Бирлик”нинг рўйхатдан ўтказилишини ёқлаб имзо чеккан фуқароларга нисбатан маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари тазйиқ ўтказаётгани масаласи муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчиларининг сўзларига қараганда, “Бирлик”ка хайрихоҳ фуқаролардан шу вақтгача маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари адлия вазири номига тушунтириш хатлари ёздириб олаётган эди. Ўтган ҳафтадан бошлаб тушунтириш хатлари вазир ўринбосари номига ёздирилмоқда.

Партиянинг Андижон вилояти бўлими раиси Акбар Ориповнинг таъкидлашича, имзоларни текшириш Адлия вазирлиги ваколатига киришига қарамай, бу ишга маҳалла оқсоқоллари, Миллий хавфсизлик хизмати, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жалб этилмоқда.

“Бирлик”нинг Қўқон шаҳри бўлими раҳбари Адҳам Муҳиддиновнинг билдиришича, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан ўтказилган суҳбатлардан маълум бўлишича, уларга Президент Ислом Каримовнинг мазкур партия тўғрисида айтган гапларини тасдиқлаш вазифаси юкланган.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, И.Каримов бир чиқишида “Бирлик”ни террорчи ташкилот, деб атаган, бошқа ерда эса бундай партия йўқлигини таъкидлаганди.

А.Муҳиддиновнинг маълум қилишича, фуқаролар маҳаллий ҳокимият вакилларининг пўписаларидан кўп ҳам қўрқаётгани йўқ. Турли қаршиликларга қарамай, “Бирлик” тарафдорлари кўпайиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG