Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 21:45

Ўзбеклар соғлиғига эътибор бермайди


19 январь куни Тошкентда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида “Репродуктив саломатлик муаммолари” мавзуида ўтказилган анжуман ниҳоясига етди.

Анжуман давомида оналар ва болалар репродуктив савломатлигини тиклаш, улар ўртасида ўлим ҳолатларини камайтириш борасида мунозаралар бўлди ва таҳлилий чиқишлар қилинди.

Анжуман иштирокчилари аҳоли ўртасида репродуктив саломатлик борасида бир қанча ишлар қилинаётганига қарамай, Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими даражаси сезиларли пасаймаётганини қайд этди. Бунинг асосий сабаблари сифатида оналарда турли экстрегенитал касалликлар билан оғриш кўплиги, туғруқлар орасида интервалга эътибор қаратилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг репродуктив саломатлик бўйича мувофиқлаштирувчиси Маҳмуда Каттахўжаева сўзларига кўра, туғруқ орасидаги интервал 2 йилгача бўлса, ҳар мингта чақалоқнинг 80 таси ўлиши кузатилган. Интервал 3 йилдан 4 йилгача бўлганда ўлим 32 тага тушгани аниқланган. Туғруқ муассасаларида кесир кесиш амалиёти кўрсаткичи жуда юқори. Бунинг асосий сабаби оналарнинг касаллигидир.

Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Миркомил Отахўжаев вилоятда оналар ўлими илгариги йиллар даражасида сақланиб қолганини билдирди.

“Аввалги йили вилоятда туғиш вақтида ўнта она ҳаётдан кўз юмган. Ўтган йили ҳам шунча она вафот этди. Улар кўпроқ буйрак касали, қон кетиш асоратларидан ўлди”, - деди М.Отахўжаев.

Бугунги кунда Ўзбекистонннинг барча ҳудудларида ҳудудларида репродуктив саломатлик марказлари фаолият кўрсатмоқда. Уларни ташкил этишдан мақсад аҳоли саломатлиги, хусусан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишдир.

Анжуманда таъкидланишича, репродуктив саломатлик борасида келиб чиқаётган муаммоларга сабаб, биринчидан, жойларда айни тадбир доирасида ишларнинг яхши олиб борилмаётгани бўлса, иккинчидан, аҳолининг ўз соғлиғига етарли эътибор бермаётганидир.
XS
SM
MD
LG