Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:57

Партия касаба уюшмасига айланмоқда


Хабарларга қараганда, Аграрлар ва тадбиркорлар партиясининг (АТП) Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида ўтказилган махсус йиғилишида партияни касаба уюшмасига айланишга қарор қилинган.

АТП раиси Марат Зоҳидовнинг сўзларига қараганда, партия ўтган йилнинг 2 августида таъсис қурултойини ўтказгандан кейин рўйхатдан ўтиш учун сентябрь ойида Адлия вазирлигига ҳужжат топширган. Лекин рўйхатга олинмаган. Шундан сўнг ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши туфайли Ўзбекистон либерал демократик партияси юзага келган ва рўйхатга олинган. АТП сингари бу партия ҳам фермерлар ва тадбиркорлар муаммоларини ечишни ўз олдига мақсад қилган.

М.Зоҳидовнинг таъкидлашича, АТП аъзолари орасида ҳукумат топшириғи билан фитна қўзғашга уриниш сезилгандан кейин партияни касаба уюшмасига айлантиришга қарор қилинди. Ташкилот шу шаклда фермерлар муаммоси билан шуғулланишда давом этади. Чунки касаба уюшмалари фермерларнинг ҳар қандай муаммоларига аралашишга ҳақли ташкилотдир.

Ёзёвондаги йиғилишда Фарғона водийсида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ва фермерлар ҳам иштирок этди.

Тошлоқ туманидаги “Осойишта” фермер хўжалиги раҳбари Зумрад Хўжаеванинг айтишича, у касаба уюшма тузилишини қўллаб-қувватлайди. Чунки айни пайтда фермерлар ҳимояга муҳтож. Давлат улардан пахта ва буғдойни кунжара нархида сотиб олмоқда. Фермерларга ер ажратилиш олдидан бу ерлардаги сув насослари талон-тарож қилиб кетилаётир.

Йиғилиш иштироклари яқин ойлар ичида тадбиркорлар ва фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи касаба уюшмасининг таъсис қурултойини ўтказишга келишиб олди.
XS
SM
MD
LG