Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:55

Саудия Арабистони Бош муфтийси терроризмни қоралади


Саудия Арабистони Бош муфтийси шайх Абдул-Азиз аш-Шайх Хаж зиёрати пайтида мусулмон ёшлари шайтоннинг васвасасига учиб, бегуноҳ одамларни ўлдириш орқали энг мудҳиш ишларни содир этаётганини баён қилди. Айрим кузатувчилар фикрича, Саудия бош муфтийси бу баёнот орқали терроризмни қоралаган. Айни пайтда таҳлилчилар, таниқли диний уламо айтган гаплар мусулмон жанггариларга таъсир этиши эҳтимолдан йироқ, деган фикрда. “Ислом ва Жамият” рукнининг бугунги сонида шу мавзуга тўхталамиз.

Саудия Арабистони Бош муфтийси шайх Абдул-Азиз аш-Шайх Хаж зиёратини бажариш учун келган тахминан икки миллион мусулмонга қарата чоршанба куни сўзлаган нутқида мусулмон фарзандлари шайтоннинг гапига кириб, мудҳиш ҳодисалар содир этаётгани, улар бошқа мусулмонларни кофирлар, деб атаётгани, портлашлар содир этиш орқали улар бегуноҳ одамлар қонини тўкиб, Ер юзига ёвузлик уруғини сочаётганларини айтди.

Саудия Муфтийси шундай ишлар билан шуғулланаётган ёшларга қарата: ”Бегуноҳ одамлар қонини тўккан ёки бундай ишни амалга оширишга ёрдам берганлар, Худонинг ҳузурига борганингизда нима деб жавоб берасиз?” – деди.

Таҳлилчилар фикрича, Саудия Арабистони Бош муфтийси шайх Абдул-Азиз аш-Шайх бу гапларни айнан Хаж зиёрати пайтида 70дан ортиқ давлатдан келган мусулмонлар олдида айтгани алоҳида аҳамиятга эга.

Саудия Арабистонида инглиз тилида чиқадиган “Arab News” газетаси муҳаррири Файсал Али фикрича, Саудия Арабистони Бош муфтийси Ислом дини тинчлик ва сабр-тоқатлилик дини эканини дунё мусулмонларига яна бир карра эслатган:

”Саудия Арабистони Бош муфтийсининг бу гаплари “Ал-Қайда” ва “Ансар Ал-Ислам” каби экстремистик гуруҳлар мафкурасига ишонган ёшларга қаратилган. Улар жанггариликни ташвиқ этадилар. Ислом жанггариликни тарғиб этувчи дин эмас. Саудия Арабистони Бош муфтийси баёноти орқали дунё мусулмонларига айнан шу фикрни Ислом дини зўравонликни тарғиб этувчи дин эмаслиги, Ислом – тинчлик дини эканини етказмоқчи бўлган”, - дейди саудиялик журналист.

Маълумки, 2003 йил май ойидан бери “Ал-Қайда”га алоқадор жанггари гуруҳ аъзолари Саудияда уюштирган бир нечта террор ҳужуми оқибатида юздан ортиқ одам нобуд бўлди. Дунёнинг 70дан ортиқ давлатидан келган икки миллионга яқин мусулмон муқаддас Хаж амалларини тўла-тўкис адо этишлари учун хавфсизликни таъминлаш ишларига Риёд расмийлари 50 минг ҳарбий ва хавфсизлик кучларини жалб этди.

Британиядаги “Чатан Хаус” (“Chatham House”) номли тадқиқот марказининг Саудия Арабистони бўйича мутахассиси доктор Май Яманига кўра, Саудия Арабистони Бош муфтийси шайх Абдул-Азиз аш-Шайхнинг Хаж зиёрати пайтидаги баёноти асосан Саудиядаги вазиятни беқарорлиштиришга уринаётган мамлакат ичидаги жанггари ёшларга қаратилган:

”У вазифасидан келиб чиққан ҳолда Саудия режимини ҳимоя қилиш мақсадида саудияликлар учун гапирган. Нутқдан кўзланган мақсад ҳокимиятни сақлаб қолиш ва Саудлар қироллик оиласини ҳимоя қилишдир. Аммо қўшни давлатларда содир этиллаётган зўравонликлар Саудияга шубҳасиз салбий таъсир этади. Чунки бу мамлакатлар билан Саудия ўртасидаги чегара жуда шаффоф. Кўплаб саудияликлар Ироққа бориб қайтади. Қуроллар контрабандаси ҳам бор. Албатта, Саудия Арабистони Бош муфтийси мусулмон давлатларидаги мусулмонлар ўртасида юз бераётган зўравонликларни назарда тутган. Лекин бош мақсад Саудия режимини барқарорлигини сақлаб қолиш”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Май Ямани фикрича, Саудия Арабистони Бош муфтийси шайх Абдул-Азиз аш-Шайхнинг Хаж зиёрати пайтидаги баёноти фақат мўътадил қарашдаги мусулмонларга таъсир этади:

”Мазкур баёнот зўравонлик ёки террорни кўришни истамайдиган одамгагина таъсир этади холос”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Саудия Арабистони Бош муфтийси хожиларига қарата сўзлаган нутқида чет элларда мусулмонларга қарши бошланган ҳаракатларни ҳам танқид қилди. Саудия муфтийси ҳозирда ҳарбий, мафкуравий, иқтисодий соҳаларда ва оммавий ахборот воситалари орқали мусулмонларга қарши кампаниялар олиб борилаётганини алоҳида урғулади.
XS
SM
MD
LG