Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:37

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрларда Қурбон ҳайити муносабати билан Президент номига келган табриклар, шу мавзуга оид кўплаб мақолалар эълон қилинди.

“Ҳуррият” газетасининг 19 январь сонида Ўзбекистон Республикаси Солиқ академияси профессори, иқтисод фанлари доктори Эркин Юсуповнинг “Ўзбек фани” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф ўзбек фани ҳақида мулоҳаза юритар экан, жумладан, бундай ёзади: “Кейинги пайтда фан кўп ҳолатларда кундалик масалалар билан банд бўлиб қолмоқда. Йирик, фундаментал тадқиқотлар иккинчи даражали масалага айланмоқда. Бунинг асосий сабаби нимада? Бунинг сабаби, аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам қайд этиш лозимки, айрим илмий даргоҳ ва ихтисослашган кенгашларга фан фидойилари эмас, ишлаб чиқариш соҳасида раҳбарлик лавозимида узоқ ишлаб, кейинчалик керак бўлиб қолар, деб номзодлик ва докторлик даражаларини ҳимоя қилган олимларнинг раҳбарлик қилаётганлигидадир”.


“Фидокор” газетасининг 20 январь сонида Азамат Зиёнинг “Нима бўлса ҳам ўзимизники бўлсин” сарлавҳали мақоласи босилди. Унда муаллиф Россия телеканалларидан бирида намойиш этила бошлаган, Ўзбекистонга ҳам олиб берилган “Эгизаклар” бадиий фильми ҳақида мулоҳаза юритади: “Бундай воқелар ҳаётда учраб туради. Лекин бизни қийнаётган, ғуруримизга теккани шуки, нима учун ўзга мамлакат киночилари ишлаган фильмда биз ўзбекларнинг турмуши, феъл-атвори биз учун ёт бўлган айнан шундай манзара орқали намойиш қилиниши керак? Нима учун шу лавҳаларни ўзимизнинг актёрлар яна ўз юртимиз манзараларида ўйнаб бериши керак? Россиялик киноусталар томонидан тайёрланган ва бизнинг кўзимиз тушган яна бир-икки фильмларни ҳам инобатга олганда, нима учун биз ўзбеклар ўша фильмларда ароқхўр, жиноятчи, террорчи, бузуқлик сиймосида гавдаланишимиз керак? Ахир буларнинг бари бизнинг воқеалигимиз, миллий хусусиятларимиз, анъаналаримизга мутлақо зид-ку?”


“Моҳият” газетасининг 21 январь сонида Беҳзод Бозоровнинг “Шум болалик, ёхуд кўча болаларини ким ўйлайди?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Мақоладан иқтибос келтирамиз: “Ҳукуматимиз вояга етмаганлар ҳимоясига алоҳида эътибор қаратган. Лекин кўп ҳолларда ота-оналарнинг тарбияга етарли даражада эътибор қаратмаслиги ёки оиладаги носоғлом муҳит оқибатида кўчага чиқиб кетмоқда”.

Шунингдек, мақолада Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармасига қарашли вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказидан олинган маълумотлар келтирилган: “2004 йил давомида марказга 3 минг 343 нафар бола олиб келинган бўлиб, уларнинг 1 минг 810 нафари қизлардир. Муассасадагиларнинг асосий қисмини 14-18 ёш оралиғидаги вояга етмаганлар ташкил этиб, (2004 йил бўйича 2300 дан ортиқ), аксарият қисми вилоятлардан Тошкентга иш қидириб келишган. Уларнинг 2 мингдан ортиғи бозорлардан ушлаб келинганлигининг ўзиёқ буни тасдиқлайди. Ачинарли томони, деярли барча болаларнинг отаси ҳамда онаси бўлишига қарамай, кўчага чиқиб кетишган”.
XS
SM
MD
LG