Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:30

Сенаторлар сайловига журналистлар қўйилмади


18 январь куни Фарғона политехника институти мажлислар залига Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатига вилоятдан вакиллар сайлаш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман халқ депутатлари кенгашлари аъзолари йиғилди.

Сайловни ёритиш учун бу ерга маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг йигирмага яқин вакили ҳам келди. Бироқ улар мажлислар залига қўйилмади, Бунинг устига, ҳуқуқ-тартибот ходимлари журналистларга ўта қўпол муомалада бўлди.

Би-Би-Си радиоси ўзбек хизматининг Фарғона водийси бўйича мухбири Матлуба Азаматованинг сўзларига қараганда, журналистларни вилоят ҳокимлиги вакиллари ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари мажлислар залига киритмаган. Улар барча мухбирларни ташқарига ҳайдаб чиқарган.

Фарғона вилояти телевидениеси мухбири Салима Рустамованинг таъкидлашича, телевидение оператори эндигина тасвирга олишни бошлаганида ташқарига чиқариб юборилган. Ҳокимлик масъул ходимлари тасвирга олишга юқоридан рухсат берилмаганини айтган. Оқибатда телевидениеда бу сайлов тўғрисида 50 секундлик лавҳа берилган. Кимлар сенаторликка сайлангани эса номаълумлигича қолган.

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Ғанижон Рустамов сайлов чоғида журналистлар ишлашига рухсат этилмаганини рад қилди.

“Бу ҳаммаси бекорчи гап. Барча журналистлар залга қўйилди. Фақат овоз бериш пайтида улардан четга чиқиб туриш сўралди, холос”, - деди ҳоким ўринбосари.

Бироқ мажлислар залига кира олмаган журналистлар Ғ.Рустамов ноҳақ эканини маълум қилди. Уларнинг билдиришича, Ғ.Рустамов баъзи журналистларга сенаторлар сайловига матбуот вакиллари қўйилмаслиги ҳақида шахсан Бош вазирнинг ўзи топшириқ берганини айтган.
XS
SM
MD
LG