Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:20

Қаршида шифокорлар суд қилинмоқда


Фирдавс Сўнгги икки йил давомида Қашқадарёда тиббиёт ходимлари устидан бир неча марта суд жараёни бўлиб ўтди. Кузатувчилар бу ҳолатни вилоятда мазкур соҳадаги аҳвол ёмонлашаётгани, тизимда коррупция илдиз отгани билан изоҳламоқда.

Яқинда Қаршидаги 1-вилоят шифохонасининг 11 ходими, жумладан, собиқ бош врач Йўлдош Очилов устидан суд жараёни бошланган эди.

Шифохона бўлим бошлиғи Панжи Сафаровнинг сўзларига қараганда, улар шифохонанинг бир неча миллион сўм маблағини растрата йўли билан талон-тарож қилишда айбланмоқда. Шифохона пуллик хизмат кўрсатишга ўтгандан кейин бу хизматдан тушган жуда катта пул давлат банкига топширилмасдан ғайриқонуний йўл билан ўзлаштирилган.

Айбланувчилар орасида бош врачдан ташқари омбор мудири Илҳом Худойназаров, бош врачнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Шавкат Примқулов, шифохонага қарашли қурилиш ташкилоти иш юритувчиси Нурқобил Шаропов, ҳисобчилар Раҳмат Эштемиров, Ботир Ҳайитов, Хўжам Ёрматов, кассирлар Фотима Бобоназарова, Гулбаҳор Келдиёрова, Шоҳиста Саидова ва Сурайё Ибрагимова бор. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича айб қўйилмоқда.

Судга тортилган собиқ бош врач Й.Очилов ўзига ва бошқа ходимларга қўйилган айбларни рад этяпти. Унинг таъкидлашича, тергов ҳаракатлари бир томонлама олиб борилган. Судланувчиларнинг айбловларни рад этувчи далиллари инобатга олинмаган. Тергов давомида фақат 123 минг сўм миқдоридаги моддий зарар аниқланган.

Маълум бўлишича, Й.Очилов бош врач вазифасида ишлаган 1999-2004 йиллар учун вилоят солиқ бошқармаси шифохонага 42 миллион сўм жарима солган. Бунда пуллик хизматдан тушадиган нақд пул кассага кирим қилинмагани асос қилиб олинган.

Й.Очилов эса кирим қилинмаган пулни ходимларга ойлик ва нафақа тарзида тарқатгани, шифохонадаги таъмирлаш ишларига сарфлаганини айтмоқда. Бироқ бу ҳақдаги ҳужжатлар, Й.Очиловнинг билдиришича, тергов давомида инобатга олинмаган.

Шу кунларда Қарши шаҳри жиноят ишлари судида мазкур иш бўйича суд жараёни давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG