Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:25

Президент журналистларни асоссиз айбладимикин…


Тўлқин

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Олий Мажлис палаталарининг яқинда бўлиб ўтган қўшма мажлисида мамлакат матбуотида мухолиф фикрлар, эркин ва дадил чиқишлар йўқлигига асосий сабаб журналистларнинг ўзини-ўзи цензура қилаётганида эканини таъкидлади.

“Шуни тан олиш керакки, биз мустабид тузум мероси ва ақидаларидан, унинг мафкураси, маъмурий назорати ва цензурасидан жуда катта қийинчилик билан халос бўляпмиз. Ҳалигача журналистлар фаолиятида ўз-ўзини цензура қилиш, юқоридан буйруқ кутиш кайфиятлари сезилиб турибди”, - деди Президент.

Унинг айтишича, аслида Ўзбекистонда цензура йўқ. Журналистларнинг ўз-ўзини цензура қилиши матбуот эркинлигини бўғиб турибди.

Хўш, ҳақиқатда ҳам шундайми? Президентнинг айтганларида жон борми?

“Озодлик” мухбири шу каби саволларга жавоб излаб, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ишлаган ва ишлаётган баъзи журналистларга мурожаат қилди.

Журналист Бобир Умаров аслида мухбирлар фаолиятини номукаммал қонунлар бўғиб қўймоқда, дея фикр билдирди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси ходими Абдулҳамид Мухторов шахсан ўзида ички цензура умуман йўқлигини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, журналист ёритмоқчи бўлган мавзуларга турли кўринишда қўйиладиган тўсиқлар ташқи цензурадан дарак беради.

Журналист Нодира Шокированинг таъкидлашича, ташқи цензура бош муҳаррирлар ва уларнинг ўринбосарларидан бошланиб, муассислар ва ОАВни назорат қиладиган давлат идораларига бориб тақалади. Бугунги ўзбек цензурасининг силсиласи шундай кўринишга эга.

Б.Умаровнинг фикрича, журналист ҳар доим ўзи хоҳлаган мавзуни ёзиш имкониятига эга. Аммо у маҳаллий матбуотда чоп этилмайди.

“Эҳтимол маҳаллий матбуотда эркин мухолиф фикр билдириш мумкиндир. Лекин ҳамма гап шундаки, бизда мухолифат матбуоти умуман йўқ. Президентимиз журналистларни ички цензурадан холи бўлишга чақирди. Лекин бунга осонликча эришиб бўлмайди. Чунки матбуот эркинлигига ички цензурадан кўра ташқи цензура кўпроқ таъсир кўрсатяпти”, - деди журналист А.Мухторов.

Суҳбатдошлар эътирофича, Ўзбекистон матбуотини эрксизлантирган куч журналистларнинг ички цензураси эмас, балки ҳукуматга бориб тақаладиган ташқи цензурадир.
XS
SM
MD
LG