Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:22

Ўзбекистонда соғ одам борми?


Мустақил манбалар тарқатган маълумотларга кўра, ўзбекистонлик аёлларнинг 80 фоизи, 14 ёшгача бўлган ўсмирларнинг 70 фоизи камқонлик касалига чалинган. Бу касаллик мамлакатдаги 10 миллион бола ва ўсмирда учрайди.

Репродуктив ёшдаги камқон аёлларнинг 80 фоизидан камқон болалар дунёга келмоқда. Бу аёлларнинг аксариятида камқонлик организмда йод танқислиги туфайли вужудга келган.

Йод танқислиги оқибатида пайдо бўладиган бўқоқ касалига чалинган оналардан кўп ҳолларда ақлий қобилияти паст ёки ақли ожиз, ногирон болалар дунёга келади.

Ўзбекистонлик эндокринологларнинг маълум қилишича, мамлакатда чақалоқларнинг ҳар 500 тасидан биттаси йод танқислиги туфайли ақлий қобилияти паст бўлиб туғилмоқда. Дунёнинг ривожланган давлатларида эса бу кўрсаткич 5 минг чақалоққа биттага тўғри келади.

Шундай бир вазиятда ўзбекистонлик мутахассислар, шифокорлар мактабларда болалар учун жисмоний вазифаларни енгиллаштириш таклифини илгари сурмоқда. Уларнинг эътирофича, мактаб ва боғчаларда тенгдошларидан жисмонан ортда қолаётган, камқувват болаларни ортиқча зўриқтирмаслик керак ва енгиллик яратиб бериш зарур.

Республика педиатрия илмий тадқиқот институти директори ўринбосари Осиё Толипованинг сўзларига қараганда, мактаб ёшидаги болаларнинг кўпчилигида камқувватлик ёки шунга олиб келадиган бир қанча касалликлар учрайди. Агар болаларни мактабга ўқишга қабул қилишдан олдинги тиббий кўрик профессионал даражада ўтказилса, уларда аксарият ҳолларда камқувватлик, ошқозон-ичак ва умуртқа поғонаси касалликлари учраши аниқ бўлади. Бундай болалар 50 метрга югуриб ҳам нафаси бўғилиши ёки ҳушини йўқотиши мумкин. Шунинг учун уларни мактабда эҳтиёт қилиш, албатта, жисмоний топшириқларни енгиллаштириш керак.

Гематология институтининг камқонликни ўрганиш лабораторияси илмий ходими Гулчеҳра Давлатова мамлакатда темир танқислиги оқибатида келиб чиқадиган камқонлик ҳам кўп учрашини билдирди.

“Дунё аҳолисининг учдан бир қисми шу касаллик билан оғриган. Японияда бу кўрсаткич 8 фоиз, Европада 15 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда эса аёллар ва ўсмир қизларнинг 61 фоизи, ёш болалар ва ўсмирларнинг 60 фоизи фоизи шу касалликка чалинган. Вазиятнинг бундай тус олишига давлатимизда мазкур касаллик олдини олишга қаратилган жиддий чора-тадбирлар кўрилмагани сабаб бўлган. Дунёнинг аксарият мамлакатларида эса ўтган асрнинг 40-йилларидаёқ унга қарши чора кўриш бошлаган”, - деди Г.Давлатова.

Г.Давлатованинг фикрича, бу турдаги камқонликка қарши курашнинг энг самарали йўли кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини темир моддаси билан бойитишдир. Масалан, АҚШда ун, Японияда гуруч темир моддаси билан бойитилади. Ўзбекистонда ҳам ҳозир беш вилоятда Осиё тараққиёт банки кўмагида унни темир моддаси билан бойитиш йўлга қўйилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг йод танқислиги муаммоси бўйича ҳисоботида ёзилишича, Ўзбекистонда бу муаммони ечишнинг энг тезкор ва арзон йўли фақат йодлаган туз истеъмол қилишга ўтишдир. Бунда ҳар бир одам учун йилига атиги 5 цент сарфланади.

2005 йил Ўзбекистонда “Сиҳат-саломатлик йили” деб эълон қилинди. Мамлакат шифокорлари бу йилда эътиборни, аввало, темир танқислиги камқонлиги муаммосига қаратиш зарурлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG