Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:05

“SkyTel” муаммоларга дуч келмоқда


Озодбек Маълумотларга қараганда, “Telecom Inc” Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонасига қарашли “SkyTel” мобил алоқаси операторининг Ўзбекистондаги фаолияти вақтинчалик тўхтатиб қўйилган.

Маълум бўлишича, “SkyTel” фаолиятини 2005 йил 1 январдан тўхтатиш режалаштирилган. Аммо қандайдир сабаблар билан оператор фаолияти яна бир ойга узайтирилган. 5 февралдан бошлаб эса мижозлар компания хизматидан фойдалана олмаётир.

“SkyTel” ходимасининг сўзларига кўра, 2004 йил 4 февраль куни Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг компанияга алоқадор фармойиши қабул қилинган. Бу ҳужжатда шу пайтгача “SkyTel”га қарашли бўлган радиочастотадан мамлакатдаги бир қанча махсус хизматлар ҳам фойдаланаётгани айтилган. Айни пайтда компания раҳбарлари мазкур муаммони ҳал қилиш учун тегишли ташкилотлар билан музокаралар олиб бормоқда.

Ўтган ой охирларида мазкур мобил алоқаси тармоғида турли узилишлар, шовқинлар пайдо бўлиб, хизмат кўрсатиш сифатида жуда пасайиб кетган эди. Шу муносабат билан “Телеком Инк” қўшма корхонаси президенти Стан Аббелоус “SkyTel” мижозларига мурожаат қилган эди.

Ушбу мурожаатда айтилишича, хизмат сифати пасайиши сабабларини ўрганиш чоғида тармоқнинг техник қурилмалари талаб даражасида ишлаётгани маълум бўлган. Тармоқдаги муаммолар ташқи тўлқин узатувчининг таъсири натижаси бўлиб чиққан. Ташқи тўлқин узатувчи эса ҳукуматга қарашли бўлган муассасалар экани аниқланган. Шунинг учун компания раҳбарияти муаммони ижобий ҳал этишда ёрдам кўрсатишни сўраб Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамда “Ўзбектелеком” акциядорлик жамиятига мурожаат қилган.

Компанияга шикоят қилиб келаётган мижозларга агар тармоқ 11 февралга қадар тўлиқ ишга тушмаса, телефон аппаратининг пули ва хизмат кўрсатиш учун олдиндан тўланган маблағ қайтариб берилиши ваъда қилинмоқда.

“SkyTel” мобил алоқаси оператори акцияларининг 70 фоизи АҚШнинг “Эн-Си-Ай” ташкилотига, 30 фоизи “Ўзбектелеком” акциядорлик жамиятига тегишлидир. “SkyTel” мамлакатда 2004 йил октябрда иш бошлаган эди.

Маълумотларга кўра, компания 2005 йил охирига қадар Ўзбекистоннинг бутун ҳудудини қамраб олишни режалаштирилганди. Жорий йил бошида унинг мижозлари сони 10 мингга яқинлашиб қолган эди.
XS
SM
MD
LG