Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:15

Бобурга қизиқиш камайгани йўқ


Зикрилло Ишонч 14 февраль - Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд куни муносабати билан Ўзбекистонда кўплаб тадбирлар, анжуманлар ўтказилади. Мамлакатда Бобур ҳаёти ва ижодига қизиқиш ҳали ҳам катталигини кўпчилик эътироф этади.

Бобур халқаро жамғармаси буюк шоир ва лашкарбошининг меросини ўтказиш мақсадида экспедициялар уюштириб туради.

Жамғарма раҳбари Зокиржон Машрабовнинг сўзларига қараганда, уч ой давом этган экспедициялардан бирида Бобур ихтиро этган “Хатти Бобурий”да ёзилган Қуръони карим топилган ва ундан нусха кўчирилиб, Ўзбекистонга олиб келинган. Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Бобурнинг туркий тилдаги асарлари тўпламини туҳфа этган. Экспедиция Бобур қаламига мансуб “Мусиқа сири”, “Ҳарб иши” асарларини ҳали топа олгани йўқ. Шунинг учун галдаги сафарлар чоғида бу асарларни излаш давом эттирилади.

З.Машрабовнинг билдиришича, жамғарма Бобур асарларининг қомусини яратиш устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, жамғарма олдида покистонлик, афғонистонлик ва ўзбекистонлик киноижодкорлар билан ҳамкорликда Бобур тўғрисида бадиий фильм яратиш вазифаси турибди.

Бобурнинг “Бобурнома” асари дунёнинг қирқдан ортиқ тилига таржима қилинган.

Ёзувчи Пиримқул Қодировнинг билдиришича, япон олими Эйжи Моно Бобур асарларининг уч томлигини араб ёзувида ва ўзбек тилида Японияда нашр эттирган. Франциялик йирик шарқшунос ва таржимон Бакки Грамон эса “Бобурнома” ўз юртида уч марта нашр этган. Бу нашрлардан бири шу соҳанинг Гран-при мукофотига сазовор бўлган. “Бобурнома” яқинда АҚШда янгидан нашр қилинган. Испанияда испан тилига таржима бўлган. Америкалик олим Ҳаролд Лейм “Бобур бу шер демакдир” номли роман ҳам ёзган.
XS
SM
MD
LG