Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:21

Ислоҳотни аҳолининг тўлов қобилиятини ҳисобга олиб бошлаш керак


11 февраль куни Ўзбекистон Президентининг “Уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Қарорда кейинги йилларда уй-жой мулкдорлари билан коммунал хизмат кўрсатувчилар ўртасида шартномавий муносабатлар мустаҳкамланаётгани таъкидланади.

Лекин кузатувчилар буни инкор этяпти. Уларнинг айтишича, сўнгги йилларда коммунал хизматлар баҳоси ҳаддан ташқари ортиб бораётгани туфайли аҳолининг тўлов қобилияти пасайиб бормоқда.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ижрочи директори Аъзам Турғуновнинг билдиришича, 1996 йилдан 2004 йилгача иситиш тизимида нарх 380 баробар, иссиқ сувда 284, совуқ сувда 153, газ 216, электр энергиясида 35 баробар ўсган. Бу даврда маошлар бор-йўғи 26 баробар ошган. Шунинг учун коммунал тўловлардан қарзлар кўпайиб бораётганида аҳолининг айби йўқ.

Президент қарорида уй-жой мулкдорлари ширкатининг шу пайтгача бўлган фаолияти, истеъмолчиларнинг тўлов интизоми ҳамон пастлигича қолаётгани танқид қилинган.

“Ўзкоммунхизмат” агентлиги бошқарма бошлиғи Акмал Абдуллаевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, қарор асосида бундан буён вилоятлар марказларида, Тошкент шаҳри туманларида ва аҳолиси 60 мингдан ошадиган, кўп хонадонли уйларга эга бўлган шаҳарларда Уй-жой ширкатлари уюшмалари ташкил этилади. Илгари ҳар 20 та уйга битта ширкат хизмат кўрсатган бўлса, энди 8 та уй битта ширкатга бирлашади. Бу эса хизмат сифати ошишига олиб келади.

Аҳоли хондонларига хизмат кўрсатишда монопол бўлган ташкилотлар ҳам бор. Масалан, Тошкентдаги “Иссиқлик манбаи” корхонаси шундай ташкилотлардан биридир. Аҳоли бу ташкилот етказиб берадиган иссиқ сув жуда қиммат эканидан норози бўлмоқда.

Пенсионер Владимир Воробьёвнинг сўзларига қараганда, у 37 минг сўм нафақа олади. Лекин бу пул ҳам яшашга, ҳам коммунал тўловларга етмайди. Шунинг учун иссиқ сув ва иситиш тизимидан фойдаланишдан воз кечган.

Тошкент шаҳри халқ депутатлари кенгашининг собиқ депутати Ҳабибулло Оқиловнинг фикрича, истеъмолчиларда танлаш имконияти йўқлиги сабабли монопол хизмат кўрсатувчилар истаган нархини қўймоқда.

“Ўзкоммунхизмат” агентлиги вакили А.Абдуллаев Президент қарорида монополияга барҳам бериш кўзда тутилгани, нархлар арзонлашиши учун монопол ташкилотлари бўлиб ташлаш ва эркин рақобатни вужудга келтириш кераклигини маълум қилди.

Иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидовнинг таъкидлашича, уй-жой ширкатларини ислоҳ қилишни аҳолининг тўлов қобилиятини ҳисобга олиб бошлаш тўғрироқ бўлар эди. Ўшандагина ислоҳотлар самарали бўлиши мумкин.

Президент қарорида келтирилишича, 1991 йилгача қурилган уйлар капитал таъмирдан чиқарилиши лозим. Бунда уй-жой мулкдорлари ширкатлари капитал таъмир учун кетадиган маблағнинг 30 фоизини тўлаши зарур. Қолган маблағ эса бюджет ҳисобидан тўланади.
XS
SM
MD
LG