Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Бойқаро ва Ҳусайн бошқа-бошқа одамми?


Тўлқин 14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун арафасида “Ҳуррият” газетасида Ўзбекистон тарихи ва адабиётига оид мунозарали бир мақола эълон қилинди.

Журналист Ҳаким Сатторий қаламига мансуб “Бойқаро ва Ҳусайн ака-ука экан” сарлавҳали мазкур мақолада кўтарилган масала Бобурнинг “Бобурнома” асарини яна бир бор синчиклаб мутолаа қилиш жараёнида юзага чиққан.

Қизиғи шундаки, Мирзо Бобур ўз асарида қариндоши – темурий султон Ҳусайн ёки биз билган Ҳусайн Бойқарони бирор ўринда ҳам “Бойқаро” куняси билан тилга олмайди. Асарда унинг номи ҳамма ўринларда “Султон
Ҳусайн Мирзо” тарзида тилга олинади. Султон Ҳусайн Мирзонинг яқин дўсти ва вазири Алишер Навоий ҳам аксарият асарларида унинг номини “Султон Ҳусайн Мирзо”, “Шоҳи Ғозий” дея зикр этади.

Мақола муаллифининг фикрича, Бойқаро Мирзо аслида Ҳусайн Мирзо бин Мансур Мирзо (яъни биз билган Ҳусайн Бойқаро) нинг акасидир.

Бу фикр мақолада “Бобурнома”дан келтирилган қуйидаги иқтибос билан асосланади:

“Мансур Мирзо била Бойқаро Мирзо подшоҳлик қилган эмас. Онаси Ферузабегим эди. Темурбекнинг набираси Султон Ҳусайн Мирзо Мироншоҳ Мирзонинг ҳам набираси бўлур эди. Султон Ҳусайн Мирзо каримут-тарафайн, яъни икки томонлама асл подшоҳ эди. Бир туқғон икки ўғил ва икки қиз эдилар. Бойқаро Мирзо ва Султон Ҳусайн Мирзо, Оқобегим ва Бадақабегим”.

Ушбу иқтибосдан ҳам кўринадики, Бойқаро Мирзо ҳақиқатда ҳам Ҳусайн Мирзонинг акаси бўлган.

Мақолада “Бобурнома”дан яна бундай иқтибос келтирилади:

“Бойқаро Мирзо Султон Ҳусайн Мирзодан улуқ эди ва навкари эди, вале девон бошида ҳозир бўлмас эди, ғайри девонда бир тўшакта ўлтурурлар эди”.

Яъни Бойқаро Мирзо Султон Ҳусайн Мирзонинг акаси бўлиб, укасининг навкати сифатида хизмат қилган. Лекин Султоннинг салтанат ишлари кўриладиган девонга у киритилмаган, ака-ука девондан ташқаридагина бирга ўтирган.

Мақола муаллифи Ҳаким Сатторийнинг сўзларига қараганда, бир шахснинг исм-шарифи ва у билан боғлиқ тафсилотлардан фожеа ясаш керак эмас. Шунга қарамай, Алишер Навоийдек буюк киши замондошининг номи қандай бўлгани ҳам жуда муҳим. Лекин Султон Ҳусайннинг номига “Бойқаро” сўзининг қандай қилиб тиркалгани жуда қизиқ. 19-20-асрлар тадқиқотчилари ака-уканинг исмини чалкаштириб юборган бўлиши мумкин.

Мақолада Султон Ҳусайннинг насаби ҳақида “Бобурнома”дан келтирилган иқтибосда ёзилишича, “Султон Ҳусайн Мирзо бинни Мансур Мирзо бинни Бойқаро бинни Умаршайх бинни Амир Темур”дир.

Бу иқтибосдан Султон Ҳусайннинг акасининг ҳам, бобосининг ҳам исми Бойқаро бўлгани англашилади.

Мақолани ўқиш жараёнида баъзи мулоҳазалар ҳам пайдо бўлиши табиий. Ҳар ҳолда Султон Ҳусайн исми билан боғлиқ бу мулоҳазаларни олимлар қизиқувчиларга тушунтириб бериши лозим кўринади. Шунинг учун журналист бу мақолани айнан баҳсга чорлаш мақсадида ёзганини билдирди.
XS
SM
MD
LG