Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:24

Тошкентда яҳудийлар тарихий жамияти очилади


Яқин келажакда Ўзбекистонда Марказий Осиё яҳудийлари тарихий жамиятини очиш режалаштирилмоқда. Бу жамият минтақада яшаётган яҳудийлар ҳақида маълумот йиғиш ва борди-келди муносабатларини фаоллаштиришни мақсад қилган.

Ташкилотчилар билдиришича, бу жамиятнинг айнан Тошкентда очилишига сабаб Марказий Осиёда яшовчи яҳудийларнинг асосий қисми Ўзбекистонда эканидир.

130 га яқин миллат ва элат истиқомат қиладиган Ўзбекистонда яҳудий диаспорасига мансуб аҳоли сони жами 30 мингдан ортиқроқни ташкил этади ва уларнинг аксарияти Бухоро яҳудийларидан иборат. Собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистонда 350 мингдан ортиқ яҳудий истиқомат қилар эди. Ҳозир уларнинг аксарияти Исроилга кўчиб кетган.

Ўзбекистон яҳудийлари миллий маданий маркази берган маълумотга кўра, уч йилдан буён “Ўзбекистон яҳудийлари қисқача энциклопедияси” нашрга тайёрланмоқда. Унда Ўзбекистондаги яҳудий диаспорасига мансуб олимлар, турли соҳаларда хизмат кўрсатган яҳудийлар ҳақида маълумотлар жамланади.

Энциклопедия таҳририяти раҳбари академик Владимир Поликовскийнинг сўзларига қараганда, китобни тайёрлаш асносида бу ишни бутун Марказий Осиё бўйлаб давом эттириш фикри туғилган ва бу халқаро миқёсдаги яҳудий ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланган.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Захар Штейннинг билдиришича, ўтган уч
йил давомида йиғилган маълумотлар Марказий Осиё яҳудийлари тарихий марказини ташкил этиш учун асос бўла олади.

“Албатта, тўпланган маълумотларнинг аксарияти Ўзбекистонга оид. Чунки ўзбекистонлик яҳудийлар тарихи 2000 йиллик тарихга эга. Биринчи галда, бу маълумотлар Бухоро яҳудийларига оиддир. Шунингдек, бундан 100-150 йил аввал Марказий Осиё республикалари, асосан, Ўзбекистонга кўчиб келган яҳудийлар ҳақида ахборотлар тўпланди. Уларнинг маданий тарихий меросини сақлаб қолиш мақсадида Марказий Осиё яҳудийлари тарихий жамиятини ташкил этишга келишилди”, - деди З.Штейн.

В.Поликовскийнинг билдиришича, Ўзбекистон ҳукумати яҳудийлар ташкилотларига яхши эътибор қаратяпти. Айни муносабатни расмий Тошкентнинг Исроил билан муносабатларида ҳам кузатиш мумкин.

Исроил Марказий Осиё давлатлари орасидан биринчи бўлиб ўз элчихонасини Ўзбекистонда очган. Икки давлат иқтисодий муносабатларни ҳам кенг йўлга қўйган. Исроилдан Ўзбекистонга замонавий технологиялар, жумладан, агротехнология кириб келмоқда. Бу давлат Ўзбекистондаги газ, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, олтин рудасини қазиб олиш соҳаларига катта қизиқиш билдиряпти.

Маълумотларга кўра, Қизилқум фосфор ишлаб чиқариш мажмуи ва Шўртан газ конида Исроил билан ҳамкорликда 400 миллион доллар қийматга эга бўлган иккита лойиҳа устида ишланмоқда. Шунингдек, Навоий кон металлургия комбинати билан ҳам 198 миллион долларлик шартнома имзоланган.
XS
SM
MD
LG