Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:49

Минтақа ёшлари можаролар олдини олади


Ҳакимбек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан 2004 йилда ташкил қилинган Марказий Осиё ёшлар тармоғи лойиҳаси 2005 йилда ўз фаолиятини янада кенгайтирилган ҳолда давом эттирмоқда.

Бу лойиҳага Марказий Осиё давлатларидан 50 дан ортиқ йигит-қиз жалб этилган. Бу тармоқ минтақа ёшлари ўртасида ўзаро илиқ муносабатларни шакллантириб, муаммоларни биргаликда ечиш, Марказий Осиё хавфсизлиги учун долзарб масалаларни тадқиқ этишни мақсад қилган. Тармоқнинг бу йилги илк тадбири 21 февраль куни Иссиқкўлда бошланди.

ЕХҲТ эксперти Пэр Нурмаркнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, лойиҳага инглиз тилини яхши биладиган, минтақадаги ўзгаришлардан хабардор бўлган ёшлар танлов асосида жалб этилган. Бу ёшларга ЕХҲТнинг демократия, эркин бозор иқтисодиёти, инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик бўйича мажбуриятлари ва тамойиллари асосида ишлаш ўргатилмоқда.

ЕХҲТ хабарномасида таъкидлашича, Иссиқкўлда ўтказилаётган семинарда ёшлар ЕХҲТнинг Венадаги котибияти, Варшавада жойлашган Инсон ҳуқуқлари институти экспертларининг маърузаларини тингламоқда. Семинардан сўнг ёшлар тармоқнинг махсус сайти орқали ўзаро алоқада бўлиб туради, ҳамкорликда илмий изланишларни давом эттиради.

Маълум бўлишича, ушбу лойиҳа 2004 йил май ойида иш бошлаган. Ўтган йили Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозогистондан 50 дан ортиқ талаба бу тармоқ ишида фаол қатнашиб, минтақада хавфсизлиги учун долзарб мавзуларда илмий ишланишлар олиб борган, мақолалар ёзган.

Тармоқнинг ўтган йилги ишида ўзбекистонлик талаба Самад Муҳаммедов ҳам қатнашган эди. Унинг айтишича, қўшни давлатлар талабалари билан ҳамкорликда минтақа учун муҳим бўлган мавзулар бўйича илмий изланишлар олиб борган. Жумладан, тармоқнинг қозоғистонлик иштирокчилари билан биргаликда Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилган.

Тармоқ иштирокчиларининг сиёсий, иқтисодий, чегара масалалари, шунингдек, аёлларнинг жамиятдаги мавқеи, атроф-муҳит мавзуларида олиб борган изланишлари ва уларнинг хулосалари жамланиб, ўтган йил сўнггида инглиз тилида китоб ҳолида нашр қилинган.
XS
SM
MD
LG