Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:46

Тожик ёшлари сайловлар ҳақида етарли маълумотга эга эмас


27 феврал куни Тожикистонда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Кўпчилик мазкур сайловларга республиканинг демократия сари бурилиш йўлидаги дастлабки синов сифатида қарамоқда. Кузатувчилар фикрича, бу йилги сайловни ўтказиш учун шароит 2000 йилда бўлиб ўтган сайловдагига қараганда бир оз яхшиланган. Шунга қарамай, бир жиҳат, яъни, ёшларнинг сайловга муносабати ўзгармаган ва бу сиёсий тадбиррдаги иштироки ошмаган. Нима учун тожикистонлик ёшлар сайловларга қизиқиш кўрсатмаяпти?

Тожикистонлик талабалар ёшларнинг сайловларга қизиқмаётганини уларнинг бу ҳақда етарлича маълумотга эга эмаслиги билан изоҳлайди.

Душанбедаги университет талабаларидан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда:

”Мен университетнинг чет тиллар факультетида ўқийман. Мен сайловлар ва номзодлар ҳақида ҳеч нарса билмайман. Ўртоқларимдан сўрасангиз, улар ҳам бу тўғрида ҳеч нарса билишмайди”, - дейди тожикистонлик талаба.

Тожикистонда сайловолди кампанияси фаол бўлмади. Оммавий ахборот воситалари ҳам сайловлар ҳақида етарли маълумот бермади. Электр таъминотида узилишлар кўп бўлгани учун одамлар телевизор кўролмади. Газета сотиб олишга эса кўпчиликнинг қурби етмайди.

Ўтиш даври мамлакатларидаги сайловларга оид масалалар билан шуғулланувчи АҚШнинг IFES ташкилоти яқинда Тожикистон фуқаролари орасида сўров ўтказди. Ушбу сўров натижалари аксарият фуқаролар сайлов ҳақида маълумотга эга эмаслигини кўрсатди. Ташкилотнинг Марказий Осиё лойиҳаси раҳбари Энтони Бауэр Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда:

”Жамиятнинг барча қарлами вакилларига кўплаб саволлар билан мурожаат қилдик. Айниқса, ёшлар сайлов тўғрисида маълумотга эга эмаслигини айтди. Менимча, бу ҳолат уларнинг сиёсатга қанчалар қизиқишларини акс эттирмоқда. Бу муаммони дунёнинг бошқа давлатлари, жумладан АҚШда ҳам кузатиш мумкин. Менимча, ёшлар ўзлари берган овозлар сайловларда қандай аҳамиятга эгалигини тушунмайдилар”, - деди америкалик мутахассис.

Душанбе шаҳридаги сиёсий таҳлилчи Рашид Ғани ёшларнинг сайловларга кам қизиқишини мамлакатда кучли сиёсий мухолифат йўқлиги билан изоҳлайди:

”Бошқа партиялар ҳокимият тепасидаги ҳукмрон партияга қараганда, кучсиз ва катта таъсирга эга бўлмагани ёшларнинг сайловларга қизиқмаётганининг сабабларидан бири бўлиши мумкин. Бундан ташқари МДҲнинг бошқа давлатлари сингари, Тожикистонда ҳам муҳим ўзгаришлар асосан президентга боғлиқ. Парламент эса кейинги ўринда туради ва муҳим масалаларни хал этишда асосий рол ўйнамайди. Шунинг учун аҳоли парламент сайловларидан кўра, президентлик сайловларига кўпроқ эътибор беради”, - дейди тожикистонлик таҳлилчи.

Ғанига кўра, ҳозирда аксарият тожикистонлик ёшлар тирикчилик, иш топиш билан овора. Бошқа кузатувчиларга кўра, одамларнинг сайловларга лоқайдлигига мамлакатда беш йил давом этган фуқаролар уруши улар руҳиятига салбий таъсир қилгани сабаб бўлмоқда. Аммо Рашид Ғани келажакда ёшлар жамиятни демократиялаштириш жараёнида етакчи кучга айланишига ишонишини айтади.

Тожикистонда ёшлар масалалари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлари сони кўпайиши ёшларнинг сиёсатга қизиқишини кучайтириши мумкин. Ҳозирда қатор халқаро ташкилотлар тожикистонлик ёшларнинг сиёсий онгини оширишга ёрдам бериш ҳамда ёшларни улар мамлакатдаги сиёсий вазиятни ўзгартира олишига ишонтириш борасида маърифий ишлар олиб бормоқда.

Баъзи тожикистонлик ёшлар ҳозирнинг ўзидаёқ фаоллик кўрсатмоқда. Ана шундай ёшлардан бири ҳукумат расмийлари ёш авлод масалаларига кўпроқ эътибор қаратишига умид қилиб, 27 феврал кунги сайловда қатнашишини айтди:

”Мен келажакда давлатимиз ривожланган ва демократик, мамлакат бўлишига умид қилиб овоз бераман. Мен ҳукумат маориф соҳасига ва мамлакат келажаги ҳисобланган болалар ва биз ёшлар муаммоларига етарлича эътибор беришини хоҳлайман”, - дейди тожикистонлик талаба.
Тожикистон парламент сайловларининг дастлабки натижалари 28 феврал куни эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG