Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:38

Адвокатлар лицензиядан маҳрум қилинди


Турғунбек Андижонлик уч адвокатнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияси бекор қилинди. Суд мажлисини гўёки ўзбошимчалик билан тарк этгани учун уларга шундай жазо қўлланилди.

Андижон шаҳри ҳуқуқий маслаҳатхонаси адовокатлари Равшан Ҳажимов, Темур Ҳакимов ва Дурдона Дадабоева 2004 йил 28 декабрда вилоят жиноят ишлари судида Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбланаётган Турсунбой Зокировнинг иши кўрилаётган вақтда оммавий равишда суд залидан чиқиб кетган эди.

Шу ўринда Т.Зокиров ишига қисқача аниқлик киритиш лозим. Т.Зокировнинг сўзларига қараганда, ўтган йилнинг 22 мартида Қирғизистон билан чегарадаги “Дўстлик” постида бир гуруҳ шахслар тўрт яшик РГД-5 жанговар гранаталарини сотаётганига у қўққисдан гувоҳ бўлиб қолган. У далил бўлиши учун гранаталардан бирини олиб қўйган ва уйига яширган. Шундай кейин унинг уйи ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан тинтув қилинган. Улар гранатани топа олмай, гўёки героин моддаси топилди, деган айб билан ишни Булоқбоши тумани судига оширган. Т.Зокиров судда гранатанинг қаерга яширилганини айтгач, суд вилоят жиноят ишлари судига кўчирилган. Суд уни героин сақлашда айблаб, 8 йилга қамаган.

Адвокатлар айнан шу суддан чиқиб кетган эди. Адвокат Р.Ҳажимовнинг таъкидлашича, ҳимоячилар суд залини ташлаб чиқишдан аввал судьяга йўл қўйилаётган бир неча ҳуқуқбузарликдан ҳақида ёзма ва оғзаки мурожаат қилган. Лекин бу мурожаатлар асоссиз равишда доимо инобатсиз қолдирилган.

“Хусусан, судга топширилган тергов ҳужжатларидаги чалкашликлар, қонунбузарликлар туфайли судья Бахтиёр Низомовдан ишни қайта терговга жўнатишни сўраганмиз. Лекин у бизнинг қонуний талабларни инкор қилди. Шундан кейин биз қонуний тарзда ариза бериб, зални тарк этдик”, - деди Р.Ҳажимов.

Р.Ҳажимовнинг лицензияси масаласи аппеляция комиссияси томонидан кўрилаётган пайтда унинг ўзи суд жараёнида иштирок этаётган эди. Судья ундан судда бўлишни талаб қилиб, комиссияга боришига рухсат бермаган.

Адвокат Д.Дадабоеванинг айтишича, аппеляция комиссиясида у ҳимоячилар нега суд залидан чиқиб кетганини асослаб берган. Комиссиянинг 9 аъзосидан уч нафари адвокат бўлган. Фақат уларгина ўз касбдошларини қўллаб-қувватлаган.
XS
SM
MD
LG