Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:23

Яна кадрлар алмашуви


А.Арал Кузатувчиларга кўра¸ Туркманистон Президенти Сапармурод Ниëзов Марказий Осиëдаги ҳамкасбларидан нафақат қарор ва фармонлар чиқаришда¸ балки¸ кадрлар алмаштириш бўйича ҳам олдинда. Туркманбоши деган ном билан танилган Ниëзовнинг кадрлар сиëсати унинг барча бошқа ишларидек¸ ўзига хосдир. Яқинда у яна бир неча давлат амалдорини вазифасидан озод қилиб¸ ўрнига янги одамларни тайинлади. Бу йўл орқали Ниëзов давлат идораларидаги сирларни беркитиб келишга ҳаракат қилмоқда¸ дейди баъзи мутахассислар.

Мустақиллик даврида Туркманистон ҳукумат идоралари¸ айниқса¸ мамлакатнинг ташқи сиëсати соҳасида иш олиб борган амалдорлар тақдирига назар ташланса¸ бир марта вазифасидан бўшатилган ҳукумат амалдорининг иккинчи бир расмий вазифада ишлаб юрганини учратиш қийин.

Туркманистонда баланд мартабали расмийлар ишдан бўшатилганидан кейин ë қамоқда ëки сургунда ҳаëт кечиришга мажбур бўлади. Бунга мустақил Туркманистоннинг биринчи Ташқи ишлар вазири Авди Қулиевнинг сургунда яшаëтгани¸ Борис Шихмуродовнинг умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилгани ва Ботир Бердиевнинг узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганини мисол қилиб келтириш мумкин. Туркманистонда расмий амалдор ë ароқхўрликда¸ ëхуд мухолифатчиликда айбланиб¸ взифасидан бўшатилади.

Бироқ куни-кеча вазифасидан бўшатилган Туркманистон Бош вазири ўринбосари Рашид Маратовга вазифасини тўғри бажармаганлик айби қўйилган. Олдинроқ у худдий шундай айб билан Туркманистон президенти ҳузуридаги Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори вазифасидан ҳам озод этилган эди. “Коммерсант” газетасининг билдиришича¸ Рашид Маратов Бош вазир ўринбосари вазифасидан озод этилган 58 – расмий амалдордир.

“Немис тўлқини” интернет саҳифасига кўра¸ Рашид Маратов БМТнинг минтақавий ваколатхонасини Ашхободда очиш масаласини орқага сургани учун Ниëзовга ëқмай қолган. Кузатувчиларга кўра¸ БМТнинг Марказий Осиë ваколатхонасини очиш Маратов салоҳияти доирасидаги масала эмас¸ уни минтақа давлатлари ҳал қилиши керак.

Афтидан Ниëзов Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятидан рози эмасдек кўринади. У куни-кеча Халқ маслаҳатининг кенгайтирилган йиғилишида Ташқи ишлар вазирлигини виза масалалари ва халқаро ташкилотларга ахборот бериш камчиликлари учун танқид қилди. Ниëзов Чет тиллар институти ректори Аннагул Ражабовани Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари вазифасига тайинлар экан¸ чет эллардаги элчихоналар ва вазирлик ходимлари ишларини диққат билан кузатиб боришга чақирди.

“Мен яқин орада Ташқи ишлар вазирлигига бориб¸ у ердаги вазиятни кўздан кечираман”¸ - деди Туркманбоши жумладан. Худди шу куни Ниëзов Адолат¸ Иқтисод ва молия ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш вазирларига янги раҳбарларни тайинлади.

Туркиядаги Билкент университети халқаро муносабатлар бўлими мутахассиси Давлат Тошқирон фикрича¸ Туркманистон каби якка шахс ҳукмрон бўлган мамлакатда бошқа шахсларга ўрин йўқ.

“Албатта¸ якка бир шахс томонидан бошқариладиган тизимда доимо маҳаллий ва халқаро саҳнада бир оз танилган ва танила бошлаган шахсларга ўрин йўқ. Бу ҳол Туркманистон каби давлатларда ҳар доим ҳукм суриб келмоқда. Чунки бундай ҳукумат раҳбарлари ҳеч қачон иккинчи бир шахсни тан олишни истамайди”¸ - дейди туркиялик мутахассис.

Очиқ жамият институтининг Туркманистон бўйича вакили Эрика Дейли Озодлик радиосига берган суҳбатида Туркманистонда ҳукумат амалдорларини тез-тез алмаштиришдан мақсад ҳукумат доираларидаги коррупцияни сир сақлашдир¸ деб қарайди.

“Дарҳақиқат¸ бу ҳукумат бошқарув тизимидаги тартибсизлик ва коррупция тўғрисида маълумотга эга бўлиш ва уни президентга қарши ишлатишнинг олдини олишдир”¸ - деб таъкидлади Эрика Дейли.

Унга кўра¸ Туркманистонда жуда кўп ҳукумат лавозимлари рамзий. Буни Рашид Маратов мисолида кўриш мумкин. Чунки бир шахс бир пайтнинг ўзида учта муҳим вазифани бажариши мумкин эмас. Мутахассис фикрича¸ Туркманистонда кадрлар етишмаслиги ҳукумат доирасида катта бўшлиқни вужудга келтирган.

Туркманистонда ҳукумат амалдорларининг тез-тез алмаштирилиши хусусида мулоҳаза билдирган Уруш ва тинчликни ëритиш институтининг Марказий Осиë дастури ходими Савли Муҳаммадраҳимова бундай дейди.

“Фикримча¸ бу Туркманбошининг атрофидаги одамларга ишонмаслигидан далолат беради. Айни пайтда¸ бу иқтисодий вазият билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин”¸ - дейди Муҳаммадраҳимова.
XS
SM
MD
LG