Линклар

Шошилинч хабар
05 июн 2020, Тошкент вақти: 16:06

Халқаро хабарлар

Украина пойтахти Киевда Европа Кенгашига аъзо давлатлар вазирлари йиғилиши очилди.

Икки кунлик учрашув давомида “Бўҳронлар пайтида оммавий ахборот воситалари роли” масаласи муҳокама этилади.
Йиғилишда Европа Кенгашига аъзо барча 46 давлатдан келган алоқа вазирлари, оммавий ахборот воситалари бўйича мутахассислар, шунингдек, нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашмоқда.

Кун янгиликлари

Туркия 40 мамлакат билан халқаро авиақатновларни тикламоқда, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор

Туркияда жорий йил 10 июнидан халқаро йўналишлар бўйлаб учоқ қатнови босқичма-босқич йўлга қўйилади. Транспорт вазири Одил Қараисмаилўғлуга кўра, илк парвозлар Шимолий Қибрис, Баҳрайн, Болгария, Қатар ва Грецияга амалга оширилади. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар қилди.

Вазир Қараисмаилўғлу халқаро авиақатновларни тиклаш бўйича даставвал 15 мамлакат билан келишувга эришилганини билдирган. Булар Шимолий Қибрис, Австрия, Литва. Сербия, Қозоғистон, Албания, Беларус, Бирлашган Араб Амирликлари, Молдова, Ўзбекистон, Украина, Марокаш, Иордания, Судан ва Италия каби мамлакатлардир.

Қараисмаилўғлуга кўра, 15 июндан Германия, Чехия, Озарбайжон, Тожикистон дохил яна 17 мамлакатга учоқ қатнай бошлайди ва 25 июнгача (Қозоғистон – 20 июндан, Қирғизистон – 22 июндан) бундай мамлакатлар сони 40 тага етади.

Эронда қамоқда сақланган АҚШ ҳарбийси Майкл Уайт Вашингтонгга қайтарилди

Уайт ўтган йили Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаийни ҳақорат қилганликда айбланиб 13 йилга қамалган эди.

Эронда икки йил тутқунликда сақланган АҚШ ҳарбий денгиз флоти фахрийси Майкл Уайт Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги асирлар билан алмашиниш келишуви асосида Қўшма Штатларга қайтмоқда.

Вашингтон ва Теҳрон расмийларининг 4 июнда билдиришича, Майкл Уайт АҚШ ҳибсда сақланган эронлик врачни озод қилганига жавоб ўлароқ бўшатилган.

Президент Дональд Трамп Швейцария орқали АҚШга қайтаётган Майкл Уайт билан телефон орқали суҳбатлашди.

Трамп бу воқеага муносабат билдирар экан: “Эронга ташаккур! Демак, келишиб олсак бўлар экан”, деб ёзди твиттер саҳифасида.

Уайт ўтган йили Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаийни ҳақорат қилганликда айбланиб 13 йилга қамалган эди.

Бир неча кун олдин АҚШ Адлия вазирлиги жиноий таъқиб остига олган эронлик Сириос Асқарий Теҳронга депортация қилинган эди. Ўшанда АҚШ ва Эрон расмийлари бу депортация асирлар билан алмашиниш мақсадида амалга оширилганини рад этган эди.

Лондонда коронавирусга қарши вакцина бўйича глобал виртуал саммит ўтмоқда

Глобал вакцина альянси саммитларида таниқли олимлар билан бир қаторда сиёсатчилар ҳам қатнашади.

Лондонда коронавирусга қарши вакцина бўйича глобал виртуал саммитни ўтказишдан мақсад COVID-19га қарши эм яратиш ва пандемияга қарши кураш ва эмлаш дстурлари учун 7 миллиард 400 миллион доллар тўплашдир.

Глобал вакцина альянси (ГВА)нинг 4 июнда бошланган саммитида ҳар бир одамнинг вакцина олиш имкониятига эга бўлиши масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари ГВА болаларнинг қизамиқ ва полиомиелитга қарши эмлаш дастурларини ҳам қўллаб-қувватламоқчи.

Коронавирус пандемияси ўнлаб ривожланаётган мамлакатларда болаларни эмлаш дастурларининг тўхтаб қолишига сабаб бўлди. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШ аъзоликдан чиққани ортидан моддий қийинчиликни бошдан кечирмоқда.

Бугунги кунда ўнлаб ширкатлар ва илмий-тадқиқот институтлари COVID-19га қарши вакцина устида бош қотирмоқда. Кўпчилик мутахассислар коронавирусга қарши вакцина фақат 2021 йилга келиб яратилиши мумкинлигини айтмоқдалар. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакцина ҳеч қачон кашф этилмаслиги эҳтимоли борлигини ва коронавирус эпидемияси сақланиб қолиши мумкинлигини билдирмоқда.

АҚШ Сенати икки йиллик ҳавотирлардан сўнг Глобал медиа бўйича агентлик директорини тасдиқлади

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти Жейми Флай.

АҚШ Сенати солиқ тўловчилар ҳисобидан молиялаштириладиган қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Америка овози” ва “Озод Европа-Озодлик” радиолари фаолиятини назорат қилувчи Глобал медиа бўйича агентлик (USAGM) директори лавозимига президент Дональд Трамп кўрсатган номзод Майкл Пакни тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти Жейми Флай “Майкл Пак билан мустақил ва объектив журналистикани ривожлантириш йўналишида” тиғиз ҳамкорликда бўлишини таъкидлади.

“Сўнгги 70 йилда бўлгани каби, Озод Европа-Озодлик радиоси цензурадан ҳоли бўлган ахборотни барча платформаларда тақдим этишда давом этади”, - деб қўшимча қилди Жейми Флай.

Трамп Майкл Пак номзодини USAGM директорлиги лавозимига икки йил аввал кўрсатган эди. Сенат эса фақат 4 июнда бу номзод учун овоз берди.

Сенатда овоз бериш жараёнининг ортга сурилишига демократ Сенаторларнинг “Майкл Пак USAGM назорати остидаги оммавий ахборот воситаларига сиёсий холис бўлишга йўл қўймайди”, деган хавотирлари сабаб бўлган эди.

АҚШ қонунларига асосан USAGM назоратидаги оммавий ахборот воситалари холис ва объектив бўлишлари шарт.

Генерал Ҳафтар кучлари Триполидан чекинди

Генерал Халифа Ҳафтар.

Генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армиясига мансуб отрядлар ўзларига қарши курашаётган Миллий муроса ҳукумати кучларига бир неча бор мағлуб бўлганларидан кейин Триполи атрофини тўла тарк этишди.

Шу тариқа Ҳафтар кучларининг Ливия пойтахтини эгаллаб олиш бўйича 14 ой муқаддам бошланган уриниши муваффақиятсизлик билан якунланди.

Ҳафтарнинг рақиблари халқаро аэропорт ва Триполи жанубидаги бошқа ҳудудларни эгаллаб олишга муваффақ бўлдилар.

Ҳафтар кучларининг чекингани жанговар ҳаракатлар тугаганини англатмайди – ўзаро кураш олиб бораётган томонларнинг ҳар иккиси сулҳ музокараларига розилик берганига қарамасдан, жанглар давом этмоқда.

Ливияда фуқаролар уруши кетяпти. Ҳозирда мамлакат ғарби ва пойтахт Триполини Миллий муроса ҳукумати ўз назорати остида тутиб турибди. Уни БМТ, ғарб мамлакатлари, Туркия ва Қатар дастакламоқда.

Мамлакат шарқи ва жанубининг бир қисмини Ливия намояндалар палатаси назорат қилмоқда. 2014 йилда сайланган бу гуруҳ “Тобрукдаги ҳукумат” сифатида танилган. Уни генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси дастакламоқда. Унга, ўз навбатида, БАА ва Миср кўмак бермоқда.

Ҳафтар бир неча бор Москвага ташриф буюриб, россиялик юқори лавозимли амалдорлар билан музокаралар олиб борган. Россия расман ўзаро кураш олиб бораётган томонларнинг ҳеч қайсисини дастаклаётгани йўқ, бироқ Ҳафтар отрядлари назорат қилаётган ҳудудда “Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” ёлланма жангчилари борлигига оид кўплаб гувоҳликлар бор.

Ўтган ҳафта АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги Россия яқинда Ливияга камида 14 та жанговар учоқ ташлагани, бу учоқлар Ливия миллий армиясининг мамлакат марказидаги ҳаво базасида турганини билдирган. Москва Ливияга учоқ ташланганини рад этиб келмоқда.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири одамларни митингга чиқмасликка чақирди

Олмаота шаҳри кўчаларидан бири бўйлаб кетаётган полиция ходимлари, 2020 йил 1 майи (иллюстратив сурат).

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов коронавирус пандемияси чоғида одамларни митингга чиқмасликка чақирди. Биртанов 4 июнь куни бўлиб ўтган онлайн-брифингда карантин чоғида оммавий тадбирлар тақиқлангани, чунки одамларнинг бир жойда кўпчилик бўлиб тўпланиши инфекция тарқалишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтди.

“Қонун талабига риоя қилиш шарт. Қозоғистонда эпидемия шароитида бош санитар врач қарори мажбурий бўлиб ҳисобланади. Қонунни бузганларга қарши маъмурий чоралар кўрилиши мумкин. Бундай тадбирлар ташкилотчиларга мурожаат қиламан - тадбирларингизни кечиктиринг. Бугунги кунда бу, моҳиятан, аҳоли учун хавфли тадбирга чақириққа тенг, чунки хасталик ёйилиб кетиши мумкин”, деди Биртанов.

Қозоғистоннинг бир неча шаҳрида одамларни 6 июнь куни митингга чиқишга мухолифатдаги 2 гуруҳ чақирган. Булардан бири “Қозоғистон демократик танлови” (Қозоғистонда “экстремистик ташкилот” сифатида тақиқланган, бироқ Европарламент резолюциясида “тинч мухолифат ташкилоти” дея эътироф этилган) ҳаракати лидери, хорижда яшаётган собиқ банкир ва мухолифатчи Мухтар Аблазов, иккинчиси эса журналист ва фаол Жанбўлат Мамай бошчилигидаги Демократик партия тузиш бўйича ташаббускор гуруҳдир.

Қозоғистонда муҳтамал норозилик намойишлари арафасида одатда олдини олиш чораси ўлароқ фаоллар тутиб кетилади. Аввал митингларга чиққан одамлар маъмурий ҳибсга дучор қилинади, “тинч йиғилишлар ўтказиш тартибига оид қонунларни бузганлик” айблови билан жаримага тортилади. Митинглар ўтказиладиган жойлар эса кўпинча қуршобга олиниб, у ерга борган одамлар ушлаб кетилади.

Аввалроқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қозоғистон расмийлари карантин чораларидан фойдаланган ҳолда ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаётгани ҳамда фаолларга босимни кучайтираётгани юзасидан хавотир изҳор қилганлар. Хусусан, Human Rights Watch ташкилоти ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясига қарши кўрилаётган чоралар мақсадга мувофиқлик чегарасидан четга чиқиб кетаётганини билдирган.

Тожикистон мактабларида битирув имтиҳонлари бекор қилинди

Архивдан олинган сурат.

Коронавирус пандемияси туфайли Тожикистон мактабларида битирув имтиҳонлари бекор қилинди. Бунга оид қарор COVID-19 ёйилишининг олдини олиш бўйича Республика штаби томонидан қабул қилинган, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Мазкур қарорга мувофиқ, Тожикистон умумтаълим мактабларининг 9- ва 11-синф битирувчилари етуклик аттестатларини имтиҳонсиз – чорак ва йиллик баҳолар асосида оладилар.

Бироқ, Тожикистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизмати ходими Суннатулло Имомов сўзларига кўра, олтин ва кумуш медалларни олиш учун танлов шартлари аввалгидек қолади. Олтин ёки кумуш медалга эга бўлиш битирувчи учун мамлакат олий таълим муассасаларига киришда муайян имтиёзлар беради.

2020 йилда Тожикистон ўрта мактабларининг 11-синфини 123 минг нафар, 9-синфини эса 162 минг нафар ўқувчи битиради.

Абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари эса Тожикистонда 1 июлда бошланиб, 7 июлгача давом этади.

Петербург суди қийноқ учун судланган полициячиларни озод қилди

Иллюстратив сурат.

Санкт-Петербург шаҳар суди қўлга олинганларни қийноққа солгани учун судланган икки нафар собиқ полициячига нисбатан аввал чиқарилган ҳукмни юмшатди. Шу тариқа, биринчи инстанция суди ҳукми билан 4 йилданга қамалган полиция бўлими бошлиғининг ўринбосари Артём Морозов ҳамда тезкор ходим Андрей Барашков яқин кунларда озодликка чиқадиган бўлиб турибди.

Бир йил муқаддам Санкт-Петербург полицияси 70-бўлимининг олти нафар ходими қўлга олинганларга нисбатан қийноқ қўллаганлик ва далилларни сохталаштиргани учун судланганди. Тергов версиясига кўра, полициячилар қўлга олинган Алексей Шепелинни калтаклаб, гиёҳванд модда сотганини тан олишни талаб қилиб, бурнининг ичига ёниб турган сигарет қолдиғини тиқиш билан қийнашган.

Полициячилар букмекерлик идораси қўриқчисини калтаклаганлик ва устига қайноқ сув қуйиш билан қийнаганликда ҳам айбланганлар.

Судланган полициячилардан фақат икки нафаригина қамалган. Яна икки полициячи суд томонидан тўла оқланган.

Зеленский карантин тартибини бузгани учун жаримага тортилиши мумкин

Украина президенти Володимир Зеленский.

Украина полицияси коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган чекловларни бузгани учун мамлакат президенти Володимир Зеленскийни жаримага тортиши мумкин.

ИИВ баёнотига кўра, жазо чораси учун президент офиси томонидан ёйинланган фотосурат сабаб бўлиши мумкин. Суратда Зеленский ўз ходимлари билан бирга Хмельницкий шаҳрига ташрифи чоғида кафелардан бирида кофе ичиб ўтиргани акс этган.

Суратдагилар чекловда кўзда тутилган ижтимоий масофаланиш тартибига риоя этмаганлар. Бундан ташқари, улар кафе биноси ичида ўтирибдилар, ваҳоланки бу каби муассасалар бутун Украина бўйлаб 5 июнгача мижозларга фақат кўчада хизмат кўрсата олиши мумкин.

Бу каби қонунбузарликлар учун белгиланган жарима миқдори 17 минг гривенни (600 АҚШ долларидан кўпроқ) ташкил этади.

Зеленскийнинг ўзи жарима тўлашга тайёр эканини билдирган. Президентга кўра, бино ичига уни 5 июндан кейин зарур тартибга риоя қилинган ҳолда иш бошлашга тайёр эканларини кўрсатиш учун кафе ходимлари таклиф этганлар. Президент кафенинг очилишга ҳозир эканига амин бўлиш учун мазкур таклифни қабул қилганини таъкидлаган. “Бунга карантин тартибини бузиш ўлароқ қараманглар, балки эртадан иш бошлайдиган муассасалар қандай ишлашини назорат қилиш ташрифи сифатида қаранглар”, деди Зеленский.

Украинада сўнгги кеча-кундузда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 588 ҳолат аниқланган, 12 киши оламдан ўтган. Эпидемия бошидан бери бу мамлакатда 25 мингдан зиёд киши инфекциядан хасталанган, 750 бемор қазо қилган.

Қирғизистонда аэропортларни 15 июндан халқаро авиақатновларга ҳозирлаш режаланди

Бишкек яқинидаги "Манас" аэропорти (иллюстратив сурат).

Қирғизистонда аэропортларни 15 июндан халқаро авиақатновларга ҳозирлаш режаланган. Бу ҳақда Қирғизистон фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари Қурманбек Акишев маълум қилди.

“Айни пайтда ҳаракатлар алгоритми келишиляпти. Имкониятга қараб, ҳар бир авиаширкат қачон ва неча марта рейс амалга ошириши бўйича ўз саналарини таклиф қилмоқда”, деди Акишев.

Унга кўра, ҳозирда халқаро парвозлар жадвали ишлаб чиқиляпти. Кунига 2-3 та, ҳафтасига эса 16-17 та қатнов амалга оширилиши режаланмоқда.

Қайд этилишича, халқаро авиақатновларни тиклаш санасига оид масала ҳукумат томонидан ҳал қилинади.

3 июнь Қирғизистонда ички авиақатновлар аввал айтилганидек 8 июндан эмас, балки 5 июндан қайта тикланиши маълум бўлди.

Қирғизистонда мунтазам авиарейслар коронавирус тарқала бошлагани қабатида март ойи ўрталаридан тўхтатилганди.

Беларусда бош вазир алмашди

Беларуснинг янги бош вазири Роман Головченка.

Беларусда, президент Александр Лукашенка қарори билан, Роман Головченка мамлакат бош вазири этиб тайинланди.

3 июнь куни Лукашенка Сергей Румас ҳукуматини истеъфога чиқарганди. Президентга кўра, унинг собиқ бош вазирга эътирози йўқ эди, бироқ Румас бизнес билан шуғулланишга қарор қилган.

46 ёшли янги бош вазир Головченко Москва Халқаро алоқалар институти ва Беларусь президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясини тамомлаган. Мамлакат Хавфсизлик кенгаши ва Бош прокуратурада турли лавозимларда ишлаган.

Лукашенка янги ҳукумат тузиш режасини 25 майдаёқ очиқлаганди. Бу борада қарор 9 августга белгиланган президент сайловигача қабул қилиниши лозим эди.

Лукашенка Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келади. Эндиликда у олтинчи муддатга сайланишга ҳозирлик кўрмоқда.

Мухолифат бу галги президент сайлови учун ягона номзодни илгари сургани йўқ, бироқ сайловолди кампанияси доирасида у Минск ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари ўтказмоқда. Лукашенка бунга жавобан сайлов кампанияси чоғида мамлакатда “майдон” бўлмаслигидан огоҳлантирган.

Пентагон раҳбари намойишларни бостириш учун армиядан фойдаланишга қарши эканини билдирди

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер мамлакатда бир неча кундан бери давом этаётган оммавий намойишларни бостириш учун армия жалб қилинишига қарши чиқди. Норозилик чиқишлари полиция томонидан аёвсизларча қўлга олиниши важидан жон таслим қилган афроамерикалик Жорж Флойд ўлими ортидан бошланиб кетган. Намойишчиларни тарқатиш ва тартиб ўрнатиш учун армия кучидан фойдаланишни АҚШ президенти Дональд Трамп талаб қилаётганди.

Эсперга кўра, 1807 йилда қабул қилинган ва президентга қўшинлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи қонун фақат энг сўнгги чора ўлароқ, энг хавфли ва танг вазиятдагина қўлланилиши мумкин. Пентагон раҳбарига кўра, ҳозир бу ҳолатларнинг ҳеч қайсиси йўқ. Эспер бунақа пайтда расмийлар Миллий гвардиядан (қуролли кучларнинг фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган махсус тури) кўмак олганлари энг мақбул вариант эканини урғулаган.

Трампнинг намойишларни бостиришда армия кучидан фойдаланишга оид талаби нотўғри экани ҳақида Пентагоннинг яна бир неча собиқ ва амалдаги раҳбарлари билдирган.

Шундан сўнг Трамп чоршанба оқшомида мамлакат ичидаги норозилик чиқишларини бостириш учун АҚШ қўшинларидан фойдаланишни зарур, деб ҳисобламаслигини очиқлади, дея хабар қилади Reuters.

АҚШда кўпинча тартибсизлик ва талончилик қабатида ўтаётган оммавий намойишларга 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими сабаб бўлган. У 25 май куни Миннеаполис шаҳрида полиция томонидан қўлга олингани ортидан ҳаётдан кўз юмганди.

Намойишлар чоғида камида 11 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам жароҳатланган. Расмийлар 40 чоғли шаҳарда комендантлик соати жорий қилганлар. Вазиятнинг таранглашиб кетиш эҳтимолини эътиборга олиб, пойтахт Вашингтонга қўшимча 1,5 мингдан зиёд ҳарбий йўлланган.

Қирғизистонда 8 июндан масжидлар қайта очилади

Бишкек марказий масжиди.

Қирғизистонда 8 июндан масжидлар, черковлар ва бошқа ибодат жойлари фаолиятига рухсат берилди.

Ҳукумат матбуот хизматининг 4 июнда билдиришича, бундай қарор муфтият ва бошқа диний ташкилотлар вакиллари билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинган.

Ибодат жойларида сантиария талабларига амал қилиниши лозим. Ибодат қилишга кираётганларнинг тана ҳарорати текширилади, улар юзқопда бўлиши ва камида 1,5 метрли ижтимоий масофани сақлашлари зарур.

Қирғизистонда коронавирус оқибатида 17 мартдан масжидлар ва бошқа ибодат жойлари ёпилган, жума намозлари ва бошқа оммавий диний тадбирлар бекор қилинган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 1899 кишига етди. Беморлардан 1292 нафари соғайди, 20 бемор вафот этди.

Қозоғистонда ресторанлар хўжайинлари коронавирус чекловлари бекор қилинишини талаб этмоқда

Нур-Султонда намойиш ўтказган ресторан ходимлари.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ўнлаб ресторан хўжайинлари ва ходимлари 3 июнь куни ҳокимият биноси олдига йиғилиб, коронавирус чекловлари бекор қилинишини ва ресторанларга бир вақтнинг ўзида 50 нафардан ортиқ хўррандаларга хизмат кўрсатишга рухсат берилишини талаб этишди.

1 июндан Қозоғистонда карантин чоралари юмшатилиб, савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берилди.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоат жойларида 50 нафардан ортиқ одам тўпланмаслигини, кафе ва ресторанларда столлар бир-биридан икки метр оралиқда ўрнатилишини ва дезинфекция ишларини амалга оширишни талаб қилмоқда.

Ресторанларнинг хўжайинлари икки ойлик карантин ортидан катта зарар кўришганини айтмоқдалар. Уларга кўра, Нур-Султонда юздан ортиқ ресторан бор. Уларда бир неча минг киши хизмат қилади.

Нур-Султон ҳокимияти рестораторларнинг талабларини душанба кунигача ўрганиб чиқишни ваъда қилди.

Қозоғистонда 4 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 12 мингдан ошди. 6 240 бемор соғайган, 48 киши вафот этган.

Беморларнинг 2 344 нафари Нур-Султонда аниқланган, улардан 7 нафари ўлган.

Франция Руандадаги геноцид ташкилотчиларидан бирини Халқаро трибуналга топширади

Кабуга халқаро қидирувга берилгани тўғрисидаги хабар чоп этилган газета.

Париж апелляция суди 3 июнь куни Руандадаги геноцид ташкилотчиларидан бири сифатида гумонланаётган Фелисьен Кабугани халқаро трибуналга топшириш тўғрисида қарор чиқарди.

БМТ прокуратураси Кабугага Руандада 1994 йилда тутси халқини геноцид қилиш учун хуту жангариларига қурол етказиб беришни молиялаштирганлик, геноцид ва геноцидда иштирок этиш айбловини билдирмоқда. Геноцид оқибатида Руандада тутси миллатига мансуб 800 минг киши қириб ташланган.

Маълум бўлишича, 20 йил халқаро қидирувда бўлган Кабуга Париж атрофида сохта ҳужжатлар асосида яшаб келган. Франция полицияси 16 май куни 84 ёшли Кабугани қўлга олиш амалиётини махфий равишда ўтказди.

Май ойида Ҳаага халқаро трибунали Кабуга халқаро трибуналларнинг якунланмаган қисми механизми асосида Танзаниянинг Аруше судида судланиши лозимлиги тўғрисида қарор чиқарган. Аруше суди Халқаро трибуналнинг филиали ҳисобланади.

Руанда бўйича халқаро трибунал ўз фаолиятини 2015 йилда ёпгани муносабати билан Кабуга иши халқаро трибуналларнинг якунланмаган қисми механизми асосида кўриб чиқилади.

Эрон олий руҳониийси АҚШни иккиюзамачиликда айблади

Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий.

Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий Миннесота штатида полициячилар томонидан афроамерикаликнинг ўлдирилиши муносабати билан АҚШни иккиюзламачиликда айблади.

Али Хоманаий телевидение орқали Ислом Республикаси асосчиси Руҳуллоҳ Хомайни ўлими (1989 йил)нинг навбатдаги йиллигига бағишлаб қилган чиқишида: “Улар одамларни жиноятда гумонлаб ўлдирадилар, аммо узр сўрамайдилар. Айни пайтда бошқалардан “инсон ҳуқуқларини таъминлашни” талаб қиладилар”, - деб айтди.

Эрон ҳукумати АҚШда ирқчиликка қарши бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери намойиш ўтказиб келаётган норозиларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Эронни инсон ҳуқуқларини бузаётганликда, жумладан, ўтган йилнинг ноябрида норозилик намойишига чиққан юзлаб одамларни ўлдирганликда айблаб келади.

1 июнь куни Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар қўмитаси раиси Мўжтабо Золнур ўтган йилнинг ноябрида ўтган норозилик намойишларида 230 киши ҳалок бўлганини расман билдирди. Бунга қадар Эрон ҳукумати намойишларда ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни рад этиб келаётган эди.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Тартибсизликлар оқибатида камида 12 киши ўлгани, ўнлаб полициячилар ва норозилар жароҳатлангани хабар қилинди. CNNнинг билдиришича, ўн мингга яқин одам қўлга олинган.

Россия Сурияга ҳарбий самолётларнинг “иккинчи партияси”ни етказиб берди

МиГ-29 ва Су-24 ҳарбий самолётлари.

АҚШ Россияни Суриядан Ливияга ҳарбий самолётларни етказиб беришда воситачи сифатида фойдаланаётганини танқид қилганидан бир неча кун ўтганидан сўнг Москва МиГ-29 янги қирувчи учоқларни Дамашққа етказиб берганини тасдиқлади.

Россиянинг Дамашқдаги элчихонаси 3 июнь куни МиГ-29 самолётларининг “иккинчи партияси ҳарбий ҳамкорлик доирасида” Сурияга етказиб берилганини маълум қилди.

Суриянинг давлатга қарашли SANA ахборот агентлиги 30 майда Хмеймимдаги рус ҳарбий базасига МиГ-29 қирувчи учоқлари етиб келганини ва улар 1 июндан бошлаб Сурия осмонда парвоз қилишларини билдирган эди.

Россия қўллаб келаётган Сурия президенти Башар Ассадни халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва ғарб давлатлари фуқаролар урушида тинч аҳолини бомбардимон қилишда ҳамда эҳтимолий ҳарбий жиноятларда айблаб келадилар.

Май ойининг охирида АҚШ Россияни Ливияда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукуматга қарши исёнчилар сафида жан қилаётган россиялик ёлланма жангариларни қўллаш учун ҳарбий учоқларни етказиб берганиликда айблаган эди.

АҚШ расмийларига кўра, Москва Ливиядаги Россия жангариларга 14 та МиГ-29 қирувчи ва Су-24 қирувчи-бомбардимончи самолётни Суриядаги Хмеймим авиабазаси орқали етказиб берган.

Трамп Россиянинг G7 саммитига таклиф қилиниши “соғлом фикрлаш” бўлишини айтди

Трамп "Москва билан мулоқот қилиш зарур", деб ҳисоблайди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путинни “Катта еттилик” (G7)нинг кенгайтирилган йиғилишига таклиф қилиш “соғлом фикрлаш” бўлишини айтди.

3 июнь куни Fox News радиосига интервью берган Трамп, G7га аъзо ривожланган йирик давлатлар Россиянинг халқаро майдондаги сиёсати ва Қримни босиб олганига қарамай, Москва билан мулоқот қилиши зарур, деб ҳисоблашини билдирди.

“Гап Россия нима қилганида эмас, гап соғлом фикрлашда. Муаммо шундаки, Путин нима қилгани ҳақида кўп гапирамиз, шунинг учун вақтимизни бекорга сарфлаяпмиз. Шунинг учун ортиқча гап-сўзларни йиғиштириб, кимдир Путинга телефон қилиши ёки Путин билан турли масалаларни муҳокама қилиши шарт”, - деди Трамп.

АҚШ президенти 30 май куни июнда ўтказилиши режалаштирилган G7 саммитини сентябрь ойига қолдиришини ва унга Россия, Австралия, Жанубий Корея, Ҳиндистонни таклиф қилиш нияти ҳақида билдирганди.

Трамп АҚШ, Канада, Германия, Япония, Франция, Британия ва Италиядан иборат G7 гуруҳини “жаҳонда нималар бўлаётганини етарли даражада тасаввур қила олмаётган жуда эскирган давлатлар гуруҳи”, деб атаганди.

Россия G8 гуруҳидан 2014 йилда Қримни босиб олгани ортидан чиқарилган ва G8 гуруҳи G7га айланган эди.

G7га аъзо давлатлар Трампнинг Россияни саммитга таклиф қилиш ғоясини қўлламаяпти.

АҚШда афроамерикалик ўлимига сабабчи бўлган полициячиларга айблов билдирилди

АҚШдаги норозилик намойишларидан бири.

Миннесота прокурори афроамерикалик Жорж Флойд ўлимига сабабчи бўлган полициячи Дерек Шовиндан ташқари яна уч нафар полициячига ҳам айблов билдирди. Бу АҚШда бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери давом этаётган норозилик намойиши иштирокчиларининг асосий талабларидан бири эди.

Аввалроқ Дерек Шовин қўлга олинган ва унга “эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабабчи бўлиш” айблови билдирилганди. Намойишчилар босими остида унинг уч нафар шериги ҳам қўлга олинди. Бу полициячилар Дерек Шовин билан биргаликда Жорж Флойдни қўлга олишда иштирок этган.

Миннесота бош прокурори Кит Эллисоннинг 3 июнда билдиришича, ҳибсга олинган уч полициячига “қотилликка шерик бўлиш” айблови билдирилган. Бундан ташқари бевосита Жорж Флойднинг ўлимига сабаб бўлган Дерек Шовинга қўйилган айблов ҳам ўзгартирилган. Эндиликда у “иккинчи даражали қотиллик”да айбланмоқда.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Тартибсизликлар оқибатида камида 12 киши ўлгани, ўнлаб полициячилар ва норозилар жароҳатлангани хабар қилинди. CNNнинг билдиришича, ўн мингга яқин одам қўлга олинган.

Европадаги айрим давлатлар карантин чораларини юмшатишда давом этмоқда

Италия 3 июндан европалик сайёҳлар учун чегараларини очди.

Айрим Европа давлатлари коронавирус билан боғлиқ карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишда давом этмоқда.

Европада коронавирусдан энг кўп жабрланган Италия 3 июндан европалик сайёҳлар учун чегараларини очди ва ички туризмга ўрнатилган чекловларни бекор қилди.

Айни пайтда Италия президенти Сержио Маттарелла уч ой давом этган карантиндан сўнг ўлим ҳолатлари озайганига қарамай, “коронавирус инқирози ҳали тўлиқ бартараф этилмагани”ни билдирди.

Коронавирусдан энг кўп жабрланган яна бир мамлакат – Испания сайёҳларга чегараларни очиш устида ишлаётганини билдирди. Бу давлат 22 июндан туристлар учун чегараларини очиши кутилмоқда.

Австрия ҳам Италиядан ташқари барча қўшни давлатлар учун 5 июндан чегарасини очди.

Қозоқ-ўзбек чегарасида қолиб кетган тожикистонликлар ватанига қайтарилди

Қозоқ-ўзбек чегараси яқинида қолиб кетган тожикистонликлар, 2020 йил 2 июни.

Тожикистон расмийлари сўнгги бир неча ҳафтадан бери Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги “Жибек жўли” божхона маскани яқинида жойлашган автовокзал ҳудудида яшаётган ватандошларини юртига қайтарди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги 2 июнь оқшомида у ердаги 237 нафар тожикистонликнинг барчаси олиб келинганини маълум қилган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи туфайли март ойи ўрталаридан ўз чегараларини ёпган.

Тожикистон ТИВ Қозоғистон расмийларига мазкур ватандошларнинг чегарадан гуруҳ бўлиб ўтишига шароит яратиб бергани, Ўзбекистон расмийларига эса тожикистонликларни олиб кетишга йўл очиб бергани учун миннатдорчилик билдирди.

Аввал хабар қилинганидек, қозоқ-ўзбек чегарасида қолиб кетган тожикистонликлар орасида 17 нафар бола ва 14 нафар аёл бўлган. Улар Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига 2,5 ойдан бери уйига етиб олиш учун чегарадан ўтолмаётганларини маълум қилганлар.

Хитой босим кўрсатган тақдирда Британия уч миллион нафаргача ҳонконгликни қабул қилишга ваъда берди

Ҳонконгдаги акцияда Британия паспортини кўтариб турган намойишчи, 2019 йил сентябри.

Агар Хитой Ҳонконгга босим ўтказишда давом этаверса, Буюк Британия уч миллион нафаргача ҳонконгликни қабул қилиб олишга тайёр. Бу ҳақда Times газетасида ёйинланган мақолада мамлакат бош вазири Борис Жонсон билдирди. Жонсонга кўра, улар қироллик ватандошлигини олиш имкониятига эга бўлади.

“Зарурат туғилгудек бўлса, Британия ҳукумати бу қадамни қўяди ва бу ишни эзгу ният билан амалга оширади. Ҳонконг турғунларининг кўпи, Пекин ваъдаларига қарамай, ўзларининг ҳаёт тарзлари хатар остида қолганидан хавфсирамоқда. Агар Хитой ўз хатти-ҳаракатлари билан бу хавфсираш асосли эканини намойиш қиладиган бўлса, Британия шунчаки елкасини қисиб, четга ўтиб ололмайди. Биз ўз бурчимизни бажарамиз ва муқобил йўл таклиф этамиз”, деб ёзди Жонсон.

Жонсон қиролликнинг хорижий паспортига эга бўлган ҳонконгликларнинг барчасига Британия ватандошлигини ваъда қилган. Бунақа ҳужжат 350 минг чоғли ҳонконгликда бор, яна 2,6 миллион нафар ҳонконглик ватандошликни Британия собиқ колониясининг турғунлари ўлароқ олиши мумкин. Ҳозирда бундай паспорт Буюк Британияда ишлаш ёки ватандошлик олиш ҳуқуқини бермайди, бироқ бош вазир қироллик виза тизимида кенг кўламли ўзгаришлар ясаб, бу чекловларни бекор қилишга тайёр эканини билдирган.

Ҳонконг шаҳарда махсус маъмурий тартиб-қоидаларни сақлаб қолиш шарти билан 1997 йили Хитойга ўтказиб берилгунига қадар Буюк Британия томонидан бошқариларди. Сўнгги йилларда шаҳар Пекин томонидан босимга учраяпти, Ҳонконг мухолифати Хитойдаги ҳукмрон коммунистик партия шартлашилган “бир мамлакат – икки тизим” тамойилидан узоқлашаётганини билдирмоқда.

Туркманистон пойтахтида велосипедга ҳайкал ўрнатилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этган велопойгалардан бири, 2018 йил 1 июни.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 3 июнь куни Ашхободда “Велосипед” ҳайкалини очиб берди. “Олтин аср” ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳайкал Жаҳон велосипед куни муносабати билан очилган.

Очилиш маросимидан сўнг президент тадбир иштирокчилари билан биргаликда 12 километрлик велопойгада иштирок этган. Хабар мазмунидан келиб чиқилса, жаҳон бўйлаб коронавирус инфекцияси ёйилаётгани Туркманистон пойтахтида кўп кишилик оммавий тадбир ўтказилишига монеъ бўлолмаган.

Президент Бердимуҳамедов Ашхободдаги марказий майдонлардан бирига велосипедга ҳайкал ўрнатиш ташаббусини 2018 йил ёзида кўтарган эди.

Сўнгги йилларда Туркманистонда Гурбангули Бердимуҳамедов ва ҳукумат аъзолари иштирокида оммавий велопойгалар мунтазам равишда уюштириб келинмоқда. Бу каби тадбирларга давлат хизматчилари, талабалар ва ўрта мактаб ўқувчилари жалб қилинади, улар ўз ҳисобларидан велосипед ва спорт либослари сотиб олишлари керак бўлади.

2021 йили Ашхободдаги Олимпия шаҳарчасида Велотрек бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши кутилмоқда.

Велоспортни оммалаштиргани учун Г. Бердимуҳамедов Халқаро велоспортчилар уюшмасининг (UCI) олий мукофоти билан тақдирланган.

AI Россия расмийларидан бир кишилик пикет иштирокчилари таъқибини тўхтатишни талаб қилди

Полициячилар бир кишилик пикет иштирокчиларидан бирини тутиб кетмоқда, Москва, 2020 йил 29 майи.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Москвадаги бир кишилик пикет иштирокчиларини таъқиб қилишни тўхтатиш талаби билан Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцевга очиқ хат йўллади.

Бу акцияга муниципал депутат Илья Азарнинг 15 суткага қамалиши сабаб бўлди. У “Полиция омбудсмени” лойиҳаси муаллифи Владимир Воронцовни қўллаш учун 26 май куни Петровкадаги ИИВ бошқармаси биноси олдида пикет ўтказганидан сўнг ушланган.

Шу куннинг ўзида Москвада депутатни қўллаш мақсадида қатор бир кишилик пикетлар ўтказиш бошланган ва бу жараён 1 июнгача давом этган. Пикет иштирокчилари полиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Уларга ўзини ўзи яккалаш тартибини бузганлик айблови ҳам қўйилган.

Аввалроқ ИИВнинг Москва бошқармаси карантин чоғида шаҳарда ҳар қандай норозилик акцияси ўтказиш тақиқланишига оид баёнот тарқатганди.

Amnesty International фаоллар Россиянинг бир кишилик пикетларни расмийлар рухсатисиз ўтказишга изн берувчи қонунини бузмаганини қайд этади. Ҳуқуқ фаоллари бир кишилик акция иштирокчилари ўзини ўзи яккалаш тартибини бузганлиги учун тутиб кетилганини ҳам танқид қилганлар.

AI вакилларига кўра, “бу одамлар кўчада битта-битта бўлиб, бошқа одамлардан мақбул даражада узоқ масофада, амалдаги соғлиқни сақлаш чораларига мувофиқ равишда индивидуал ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда туришган”.

Сўх можароси: Чашмадаги булоқни икки мамлакат ҳарбийлари қўриқламоқда

Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги Чечме (Чашма) чегараолди ҳудудида Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари биргаликда Чашма булоғи ва унинг теграсини назорат қилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълумот тарқатди.

Расмий хабарда бу ҳудуддаги чегара ўтказиш пунктларидаги чегарачилар ҳам кучайтирилган тартибда ишлаётгани урғуланди.

Қайд этилишича, икки томон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигидаги чегара назорати давлат чегарасининг бузилиши, яна можаро чиқиши эҳтимоли ва ёйилиши олдини олиш учун кучайтирилган.

Айни пайтда Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида вазият барқарор.

31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида булоқ суви устидаги тортишув ортидан тўқнашув юз берган.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG