Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:03

Ироқ Миллий мажлиси иш бошлади


А.Арал 16 март куни Ироқ Миллий мажлиси янги парламентининг биринчи сессияси иш бошлади. 30 январда ўтказилган умум халқ сайловларидан буëн мана олти ҳафта ўтибдики¸ мамлакатда ҳали ҳам янги ҳукумат тузишга муваффақ бўлингани йўқ. 275 ўринли парламентда кўпчилик ўринни эгаллаган шиалар ва курдлар ўртасида бу борада олиб борилган музокаралар натижа бермаган бир пайтда парламент йиғилишини ўтказиш кўпроқ расмиятчиликка ўхшайди¸ дейишади айрим кузатувчилар.

Ироқ расмийларининг парламент сессиясидан олдин мамлакатда барча этник ва диний гуруҳлар иштирокида янги ҳукумат тузиш тўғрисидаги умидлар пучга чиққач¸ бу масала парламент йиғилишининг кун тартибидан асосий мавзу сифатида ўрин олди. Йиғилишда август ойига қадар мамлакат Конституцияси лойиҳасини тайëрлаш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Сессия кунтартибига шунингдек¸ мамлакат президенти¸ унинг ўринбосарлари¸ парламент раиси ва бошқа бир қатор юқори лавозимли расмийларни сайлаш масаласи ҳам киритилди.

Парламентда учдан икки қисм ўринларни шиалар иттофоқи ва курдлар вакиллари эгаллаган. Кўринишидан муҳим постларга ана шу икки гуруҳ эгалик қилмоқчи. Айни пайтда¸ улар янги ҳукумат таркибида суннийлар вакиллари бўлишига ҳам қарши эмас. Хабарингиз бор¸ суннийлар сайловни бойкот қилгани боис парламентда уларнинг вакиллари деярли йўқ.

Аммо мамлакат янги президентининг икки ўринбосаридан бири суннийлар жамоаси етакчиларидан бири бўлиши айтилмоқда. Кузатувчиларга кўра¸ Ироқ муваққат ҳукумати бош вазири Ийяд Алавий иккинчи вице-президент вазифасига тайинланиши мумкин. Президент лавозимига курдлар раҳбари Жалол Талабоний эгалик қилиши эҳтимоли кўпроқ. Лекин президент ва унинг икки ўринбосари парламент аъзоларининг учдан икки қисми томонидан сайланиши керак.

Энг муҳум сиëсий пост – бош вазирлик лавозимига умумхалқ сайловларида парламентдаги 275 ўриндан 140 тасига соҳиб бўлган шиалар талабгор. Шиаларнинг Бирлашган Ироқ иттифоқи мамлакат бош вазири лавозимига ўз етакчиларидан Иброҳим Жаъфарий тайинланиши кераклигини таъкидлашмоқда. Бу соҳада ҳали музокаралар давом этмоқда.

Таҳлилчилар фикрича¸ парламент сессиясини ўтказиш бу муваффақият. Аммо ҳукумат ташкил этмасдан сессия ўтказиш бу қандайдир расмиятчиликка ўхшайди. Айни пайтда мазкур йиғилиш мамлакатда қонуний сайланган ҳукумат сари ташланган қадан тимсолидир.

Яқин Шарқ бўйича британиялик мутахассис Ларби Содиқийнинг бу борадаги мулоҳазалари мана бундай.

“Сайловлар ўтиши мумкин. Кейинчи? Менинг фикримча¸ бу ироқликлар ўз ватанларини ташқаридан ҳеч қандай аралашувсиз қайта қура олишга қанчалик қодир эканлигини кўрсатиб берадиган синовга ўхшайди”¸ - дейди мутахассис Содиқий.
XS
SM
MD
LG