Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:27

Бош режиссёрсиз театр


Фирдавс Қашқадарёда театр санъатининг тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Ҳозир вилоятда иккита давлат ва шунча нодавлат театри, шунингдек, битта халқ театри фаолият кўрсатади.

Мамлакат театр санъатида тўпланиб қолган муаммолардан Қашқадарё ҳам бебаҳра эмас. Соҳага эътиборсизлик, режиссура масаласидаги камчиликлар, яхши асарларнинг камлиги вилоят театрларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаган.

Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги вилоят театри Қашқадарёда энг нуфузли ҳисобланади. Маълум бўлишича, мутахассислар ва томошабинлар томонидан яхши қабул қилинган энг сўнгги саҳна асари бу ерда салкам 10 йил муқаддам – 1996 йилда қўйилган. Ўшандан буён театрда назарга тушадиган жиддий асар саҳналаштирилгани йўқ.

Вилоят театри раҳбари Коммуна Қиёмованинг билдиришича, ўша саҳна асарида ўйнаган етук актёрлардан айримлари бугунга келиб вафот этган, баъзилари эса театрни тарк этган. Қолаверса, театрда бош режиссёр йўқ. Бу каби сабаблар театрнинг муваффақиятли фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилиб келяпти.

Вилоят театрлари уюшмаси раҳбари Абдураҳмон Абдуназаров театр санъати ҳомийларсиз ишлай олмайди, деган фикрда.

“Ҳамма замонларда шундай бўлиб келган. Театрга ҳомийлик қиладиган одам маънавий бой, назари тўйган бўлиши керак. Аммо бизда ҳозирча назари тўқ кишининг ўзи йўқ”, - деди А.Абдуназаров.

Мутахассислар вилоятдаги “Эски масжид” ва “Мулоқот” театр-студиялари фаолиятини ижобий баҳолайди. Аммо уларда ҳам бир қанча муаммолар мавжуд.

А.Абдуназаровнинг таъкидлашича, ҳозир театрларда кадрлаш масаласи чатоқ. Бундан ташқари, театрларга оид қоидаларнинг айримлари бу санъат ривожига тўсқинлик қилади.
XS
SM
MD
LG