Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:13

Интернетдаги цензура Ўзбекистонда кўп кузатиляпти


Феруза Асосан Марказий Осиёга доир маълумотлар тарқатадиган бир неча оммабоп ахборот сайтлари Интернетдаги цензурага қарши кампания бошлаганига бир ҳафтадан ошди.

Ушбу кампания қаерда қандай сайтларга тўсиқ қўйилаётгани, бундай ҳолатлар юз бераётган Интернет кафеларининг манзиллари ва уларга хизмат кўрсатадиган провайдерлар тўғрисида маълумот тўплашни ўз олдига мақсад қилган.

Кампания иштирокчиларидан бири “фергана.ру” сайти бош муҳаррири Даниил Кисловнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, айрим сайтларнинг очилмаётгани тўғрисида, асосан, ўзбекистонликлар маълумотлар жўнатмоқда. Жумладан, сўнгги ўн кун давомида ўзбекистонликлардан ўн бешга яқини шундай маълумот юборган.

“Бундай шахслар сони кўпайиши мумкин. Бизга шундай шарҳлар, тушунтириш ва илтимослар тушяптики, ўқувчилар Интернетдан фойдаланиш бўйича ҳозир мавжуд имкониятлардан ҳам ажралиб қолишидан чўчиётгани кўриниб қоляпти. Мен ўзбекистонликлар хавотири асосли эканини тушунаман”, - деди Д.Кислов.

Д.Кислов Ўзбекистоннинг марказ жойларида сайтлар ёки мамлакатга оид материаллар беркитилиб, чекка ҳудудларда муаммосиз очилаётганига ҳайрон қолаётганини таъкидлади.

“Озодлик” мухбири Тошкент шаҳри марказидаги бир неча Интернет кафеларида бўлиб, аҳволни ўрганди. Уларнинг аксариятида ҳақиқатан ҳам айрим сайтлар, жумладан, “фергана.ру” очилмайди. Бу кафеларнинг кўпчилигига “Ист телеком”, “Саркор телеком”, “Арс информ” провайдерлари хизмат қилиши маълум бўлди.

Ўзбекистондаги провайдерлар вакилларининг айтишича, провайдерлар фақат маълумотлар оқимини етказиб беради, холос. Бу оқимни қай йўналишда, қандай тезлик ва ҳажмда етказиб бериш эса провайдерларгача ҳал этилади.

Д.Кисловнинг таъкидлашича, Интернетдаги цензурага қарши кампанияда иштирок этаётган сайтлар Ўзбекистон ҳукуматига, маҳаллий провайдерлар ёки Интернет кафеларга тўғридан-тўғри таъсир ўтказа олмайди. Аммо мамлакатдаги вазият тўғрисида маълумотларни тўплаш, муҳокама қилиш йўли билан жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортиши ҳукуматни бефарқ қолдирмаслигига умид қилади.
XS
SM
MD
LG