Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:59

Банклар фермернинг ҳосилини “еб қўймоқда”


Фирдавс Экиш мавсуми бошланган бир пайтда Қашқадарё вилоятидаги айрим фермерлар банкдан ўзларига тегишли транш маблағларини ола олмаётгани сабабли экиш ишларига кириша олмай турибди.

Қашқадарёда фаолият кўрсатадиган 14 та тижорат банкидан учтаси – “Ўктамбанк”, “Алп Жамолбанк” ва “Алоқабанк” фермерларга 2005 йил ҳосили учун 3 фоизлик кредит ажратмаслиги маълум қилинган.

Мазкур банкларда ҳисоб рақамларига эга фермерлар эса маблағ йўқлиги сабабли экиш ишларига кириша олмаяпти.

Нишонлик фермер Бухор Қаршиевнинг сўзларига қараганда, маблағ йўқлиги туфайли у ерини чигит экишга тайёрлай олмаган.

“Ўткирхон ота” фермер хўжалиги раиси Олтибой Ниёзов банклар маблағ ажратмагани сабабли ери чигит экишга тайёр эмаслиги, ғалла экилган майдонларни ўғитлаш ҳам кечикаётганини билдирди.

Унинг айтишича, агар бу ҳолат яна 10-20 кун давом этса, жорий йил ҳосилидан умид узса ҳам бўлади.

Вилоятдаги бошқа банклар мижозлари кредит олиб, экиш ва ўғитлашга киришган.

Фермерларга транш маблағи ажратишни тўхтатган банклар мижозлари бўлган айрим фермер хўжаликлари ўз маблағлари ҳисобига ёки мол-ҳолини сотиб бўлса-да, экишни бошлашга ҳаракат қилмоқда.

Маълум бўлишича, “Алоқабанк” мижози бўлган фермерларнинг аксарияти ўз ҳисоб-рақамларини бошқа банкларга кўчирмоқда. “Алп Жамолбанк” эса фермерларга ажратиладиган транш маблағларини қабул қилишни тўхтатган.

“Ўктамбанк” хусусий банкининг вилоятдаги филиали кузатув кенгаши раҳбари Нормамат Турсунов банкка кредит ресурси ажратилмагани сабабларини билмаслиги, муаммони ечиш устида ҳаракат қилинаётганини таъкидлади.

Қашқадарёлик 850 дан ортиқ фермер хўжалиги мазкур банк мижози ҳисобланади. Баъзи мижозлар банкни тарк этган бўлса-да, айримлари ўз ҳисоб рақамини бошқа банкка кўчиришни истамаётир.

“Чинсо” фермер хўжалиги раҳбарининг айтишича, у давлат банкига ишонмаслиги сабабли “Ўктамбанк”дан кетишни хоҳламайди. Чунки бу банк зарур вақтларда унинг ишончини оқлаган.

“Пахтасаноат” уюшмасининг вилоят бўлими ўтган йилги пахта ҳосили учун фермерлардан қарзини ҳали ҳам узмаган. Хусусан, давлат “Чинсо” фермер хўжалигидан ҳам ўтган йил ҳосили учун 6 миллион сўм қарздор.

Марказий банкнинг Қашқадарёдаги бошқармаси бўлим бошлиғи Мамашо Сатторов учта йирик банк фермерларга транш маблағлари бермаётганини тан олди. У бу муаммо тезда ўз ечимини топишини билдирди.
XS
SM
MD
LG