Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:14

Ҳокимнинг қарори Конституциядан устунлик қиляпти


Наманган шаҳри ҳокимининг қарори асосида шаҳар марказида жойлашган Чорсу бозори атрофидаги уй-жойлар билан бир қаторда хусусий ошхона ва савдо дўконлари бузилиш арафасида турибди.

Наманганлик Жамолхон Бурхонов мустақилликнинг дастлабки йилларида Чорсу бозорида ошхона қуриб, ўз номига хусусийлаштирган эди. Шундан кейин у ошхонани бир неча марта таъмирлади, кенгайтирди.

Ж.Бурхоновнинг сўзларига қараганда, ўтган йили шаҳар ҳокими бозорни кенгайтириш баҳонасида унинг атрофидаги хонадонларни бузиш тўғрисида бир неча қарорлар қабул қилган. 2005 йилдан бошлаб эса ҳоким бозордаги ошхоналарни ҳам бузиш ҳақида қарор чиқарди.

“Мен хусусий мулкимга тажовуз қилинаётгани юзасидан шаҳар ҳокимига, бозор маъмуриятига кўп бор мурожаат этдим. Бироқ бозор раҳбарининг ўзи одамлари билан келиб ошхонани бузишга бир неча марта ҳаракат қилди. Уни зўрға тўхтатиб қолдик”, - деди Ж.Бурхонов.

“Чорсу бозори” акциядорлик жамияти раиси Фахриддин Шариповнинг таъкидлашича, жамиятнинг 51 фоиз акцияси ҳокимликка қарашли. Шунинг учун ҳокимликнинг қарори бажарилиши мажбурийдир.

Ҳокимлик вакилларидан бири эса Чорсу бозорини кенгайтириш ҳаракатлари Вазирлар Маҳкамасининг бозорларда савдони тартибга солишга қаратилган 330-қарори асосида олиб борилаётганини билдирди.

Намангандаги “Ҳимоя гуруҳи” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Собитхон Устабоевнинг фикрича, ҳеч қандай қонун ва меъёрий ҳужжатлар Конституцияга зид бўлмаслиги керак. Конституцияда хусусий мулк дахлсизлиги белгиланган. Намангандаги Чорсу бозорида эса ҳокимият вакиллари кишиларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқини бузмоқда.
XS
SM
MD
LG