Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:14

Наби карнайнинг маданият уйи


Лобар Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги “Дўстлик” ҳарбий хўжалиги қишлоқ маданият уйи директори Набижон Ҳакимов ўзининг тиниб-тинчимаслиги, фидоийлиги туфайли муассаса фаолиятини юргизиб турибди.

Ҳамкасблари орасида Н.Ҳакимов “Наби карнай” лақаби билан танилган. У 30 йилдан буён қишлоқ маданият уйига раҳбарлик қилиб келади.

Маданият уйига биттагина штат ажратилгани сабабли барча вазифаларни унинг ўзи бажаради. Лекин бир кишининг маошини олади.

Н.Ҳакимов мустақилликнинг дастлабки йилларида “Карнай-сурнай” оилавий ансамблини тузди. Кейинчалик “Ниҳол” гуруҳини ташкил этди. Бу бадиий жамоа мамлакат миқёсида ўтказилган бир неча танловларда ғолиб бўлган.

Ҳозир маданият уйи ҳузурида спорт тўгараклари ҳам ишлаб турибди. Хўжаликда ўтказиладиган ҳар бир байрамда маданият уйи ташаббуси билан бирор тадбир уюштирилади.

Маданият уйи қишлоқ клуби биносида жойлашган. Клуб катта томоша зали, тўгараклар ва кичикроқ дам олиш хонасига эга.

Н.Ҳакимовнинг турмуш ўртоғи Роҳатой Ҳакимованинг сўзларига қараганда, эр-хотин ўз маошларини жамғариб ўтган йили клубнинг дам олиш ва тўгараклар хонасини ўз ҳисобидан таъмирлаган. Аммо таъмирдан сўнг тадбиркорлардан бири клубни сотиб олганини айтиб, хоналарни бўшатиб қўйишни талаб қилган. Аммо узоқ елиб-югуришлардан кейин Н.Ҳакимов дам олиш хонасини маданият уйи ихтиёрига қолдиришга эришган.

Сирдарё вилоятида биргина мана шу қишлоқ маданият уйигина фаолият кўрсатмоқда. Қишлоқлардаги бошқа маданият уйлари сотилиб, уларнинг буюмлари талон-тарож қилиб бўлинган.

Наби карнайнинг айтишича, сўнгги йилларда маданият уйлари ва маданият ходимлари бутунлай эътибордан четда қолди. Маблағ йўқлиги сабабли улар инқирозга юз тутмоқда.

Н.Ҳакимов билан биргаликда кўп йиллар ишлаган маданият ходимларидан бири айни пайтда этикдўзлик билан шуғулланади. Маоши озлиги сабабли у оиласини боқиш учун шу ишни танлашга мажбур бўлган.

Наби карнай эса бу каби ҳамкасбларининг ҳаётини кузатиб, ўзи сингари санъат йўлини танлаган 5 фарзандининг келажагидан ташвишда. Бироқ у ўз хавотирини болаларига билдиришни истамайди. Замон яхши бўлиб кетишига умид қилади Наби карнай.
XS
SM
MD
LG