Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:13

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари: Грузияда қийноқлар давом этмоқда


2003 йил ноябрда Грузияда амалга оширилган атиргул инқилобидан кейин Михаил Саакашвили бошчилигидаги янги ҳукумат ҳокимият тепасига келди. Саакашвили мамлакатда қонун устиворлигини таъминлаш ва демократик қадриятлар қайта тикланишини ваъда қилди. Лекин Грузиядаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотига кўра, президент Саакашвили ҳозиргача берган ваъдаси устидан чиқмаган.

Бош қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган “Хюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилоти сешанба куни Грузиядаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид 27 бетлик ҳисобот чиқарди. Ҳужжатда Грузия ҳуқуқ тартибот органи ходимлари ҳибсга олинган шахсларни қийноққа солиши ва уларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш муаммосини йўқ қилиш учун ҳукумат қандай чоралар кўргани ҳақида гап боради.

“Хюман райтс уотч” ташкилоти ҳисоботи ҳулосасига кўра, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолатини Европа давлатлари даражасига кўтаришни ваъда қилган Грузия ҳукумати инсон ҳуқуқларини яхшилаш борасида муваффақиятга эришмаган.

Матилда Богнер “Хюман райтс уотч” ташкилотининг Жанубий Кавказ бўйича Тбилисидаги мутахассиси. Унинг Озодлик радиосига айтишича, декабр ойида ўтказилган текширувлар Грузия қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланишини йўқ қилишда ҳукумат ҳеч қандай чора кўрмаганини кўрсатган:

“Ҳукумат ислоҳот ўтказиш чораларини кўрган ва бу борада талайгина ишлар амалга оширишни режалаштирган. Шунга қарамай, биз афсуски қийноқларга барҳам бериш борасида ҳозиргача кўрилган чоралар самара бермаганини аниқладик. Маҳбуслар қийноқларга солинаётгани тўғрисида кўплаб шикоятлар тушяпти ва улар ҳукуматнинг мутасадди расмийлари томонидан текширилмаяпти. Маҳбусларни қийноққа солган орган ходимлари жазоланмаяпти. Афсуски, биз Грузияда узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган бундай ҳолат учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаётганини аниқладик”, – дейди “Хюман райтс уотч” вакили.

“Хюман райтс уотч” ҳисоботига кўра, Михаил Саакашвили Грузия президенти лавозимини эгаллаганидан кейин ўтган 10 ой давомида мамлакат қамоқхоналарида маҳбусларни қийнаш ҳоллари камайиш ўрнига кўпайган.

2004 йил январ ойида Грузия президенти этиб сайланган пайтда мамлакатда коррупция ва уюшган жиноятчиликни тугатиш Саакашвилининг сайловолди дастуридаги асосий масала эди. Ўтган давр мобайнида Грузия расмийлари ўз лавозимини суиистеъмол қилганлик, давлат маблағини ўзлаштирганлик, порахўрлик, даромадни солиқдан яширганлик ва йирик иқтисодий жиноятлар содир этганликда гумон қилинган аввалги ҳукумат аъзоларига алоқадор тадбиркорларга қарши мамлакат бўйлаб кенг кўламли кампания олиб борди. Бу жараёнда ҳуқуқ тартибот органлари ишлатган услублар ҳам грузиялик, ҳам хорижлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини хайратга солди.

Айниқса, 2004 йил февралида қонун кучига кирган “айбига иқрор бўлиш” ҳақидаги келишув кўпчилик ташвишига сабаб бўлди. Мазкур қонун агар жиноят содир этган шахслар давлатга етказган зарар ҳажмига тенг ёки ундан кўп миқдорда пул тўласа, улар ҳеч қандай судсиз қамоқдан озод этилишини кўзда тутган.

1999 йилдан бери Грузия аъзо бўлган Европа кенгаши мазкур қонун Европа кенгаши андозаларига мос келмаслигини айтиб, уни таънқид қилди.

“Хюман райтс уотч”га кўра, “айбига иқрор бўлиш” ҳақидаги келишув услубидан милиция ходимлари қонунбузарлигини яшириш йўлида ҳам фойдаланилмоқда.
XS
SM
MD
LG