Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:13

Кўча бузиб, боғ ярат..ми?


Озодбек Шу кунларда Тошкент шаҳрини ободонлаштириш баҳонасида бир неча кўчалар бузилиб, ўрнига боғлар барпо қилинмоқда. Бу эса ўша кўчаларда яшовчи фуқароларга айрим ноқулайликлар туғдиряпти.

Бузилган йўллардан бири Тошкент марказий универмаги ва “Мовий гумбазлар” қаҳвахонаси оралиғида жойлашган эди. Бу кўчада илгари хорижий матбуот нашрлари, ўйинчоқлар, ширинликлар, антиквар буюмлар сотиладиган расталар бўларди. Ҳозир улар йўқ.

Шунингдек, Шароф Рашидов кўчасининг “Туркистон” саройи ва Марказ-4 мавзеси оралиғидаги қисми ҳам бузилиб, боққа айлантирилган.

Кўпчилик фуқаролар бу йўлларнинг бузилиши транспорт воситалари қатновини издан чиқаргани, бунинг натижасида ишга бориб-келишда ноқулайликларга дуч келаётганини билдирди.

“Ҳозир манзилга етиш учун анча айланиш қилишга тўғри келяпти. Масалан, Тошкент марказий универмагидан Марказ-5 мавзесига боришда ноқулайлик туғиляпти”, - деди ҳайдовчилардан бири.

Ҳусан исмли суҳбатдошнинг таъкидлашича, тайёр йўлни бузиб, ўрнига боғ барпо этиш мантиққа тўғри келмайди. Бунинг устига, йўл бўйида жойлашган уйлар яқинига автомобиль бориши мумкин бўлмай қолди.

Тошкент шаҳри ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдурашид Умаровнинг билдиришича, бошқарманинг бу ишларга алоқаси йўқ. Йўл бузилиши шаҳар ҳокими қарори асосида амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати вакили Хуршид Муҳаммедовнинг айтишича, шаҳар марказида “яшил ҳудуд” барпо этилмоқда. Бу иш Президент тавсияси асосида бажариляпти.
XS
SM
MD
LG