Линклар

Шошилинч хабар
04 октябр 2024, Тошкент вақти: 11:09

Сифатсиз консервага кеп қолинг!


Ҳакимбек Маълумотларга кўра, март ойидан буён Тошкент шаҳридаги озиқ-овқат дўконлари ва катта-катта бозорларда сифатсиз, димланган гўшт консерваси (тушёнка) сотилмоқда. Бу маҳсулот мажбуран соттириляпти.

Бу ерда гап Россиянинг “Кавказгўшт” заводида ишлаб чиқарилган гўшт консервалари ҳақида бормоқда. Айни кунларда Тошкентдаги деярли барча озиқ-овқат дўконларида шу турдаги консерваларни учратиш мумкин.

Чорсу бозорида ишлайдиган савдогарларнинг айтишича, бу маҳсулот уларга бозор маъмурияти томонидан сотиш учун мажбуран берилган.

Шунингдек, озиқ-овқат дўконлари сотувчилари ҳам консервани мажбуран сотаётганини билдирди.

“Дўкон хўжайини мажбурий берилаётганини айтиб, икки қути (ҳар бирида 48 дона консерва бор) гўшт консерваси олиб келди. Ҳар бир консерва учун минг сўм атрофида пул ўтказиб беряпмиз. Биз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ҳокимликдаги савдо департаментидан лицензия оламиз. Департамент эса лицензия эвазига сифатсиз консерва сотишга мажбурлаяпти”, - деди сотувчилардан бири.

Сотувчилар гўшт консервасини харидорлар жуда кам сотиб олаётганини ҳам маълум қилди.

Аҳоли вакилларидан бири яқинда шундай консерва сотиб олгани, лекин уни ҳатто мушуги ҳам емаганини, чунки маҳсулот истеъмолга яроқсиз бўлиб қолганини таъкидлади.

Тошкент шаҳри туманларидан бирининг ҳокимлиги ходими сўзларига кўра, бу маҳсулот давлатнинг фавқулодда вазиятлар захирасидан чиқарилган бўлиб, шу йил сотилмаса, яроқлилик муддати ўтиб кетиши мумкин.

“Давлат захирасидаги маҳсулотларни янгилаб туриш дунё тажрибасида ҳам мавжуд”, - деди ҳокимлик вакили.

Ўзбекистон иқлими иссиқ бўлгани сабабли санитария эпидемиология станциялари ходимларининг тез бузиладиган, жумладан, гўшт ва сут маҳсулотларини мунтазам текшириб туриши талаб этилади.

Тошкент шаҳри давлат санитария эпидемиология назорати маркази овқатланиш гигиенаси бўлими раҳбари Шуҳрат Юсуповнинг таъкидлашича, қонунчиликка кўра хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур ташкилот томонидан йилига бир мартадан ортиқ текширилиши мумкин эмас. Қолаверса, айни кунларда шаҳар дўконларида сотилаётган гўшт консервалари сифатидан ҳеч ким шикоят қилмаган.

“Агар мурожаат бўлса, биз жойларга чиқиб, вақтида тегишли чора кўрамиз”, - деди Ш.Юсупов.
XS
SM
MD
LG