Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:14

Путин: Совет иттифоқи инқирози 20 асрнинг геосиëсий фожиаси бўлди


А.Арал Россия Президенти Владимир Путин жорий ҳафта бошида сўзлаган йиллик нутқида¸ “Совет иттифоқининг парчаланиши 20 асрнинг энг катта геосиëсий фожиаси бўлди”¸ деб таъкидлади. Ғарбликлар учун кутилмаган ҳодиса бўлган Путиннинг бу баëноти россияликларни бефарқ қолдирди. Россиялик сиëсий таҳлилчилар фикрича¸ бундай баëнот бериш билан Президент Путин кекса авлод орасида йўқотиб бораëтган обрўсини тиклашга ўринмоқда.

Россия Президенти Владимир Путиннинг айтишича¸ 1991 йилда Совет Иттифоқи инқирозга учраб¸ унинг таркибидаги республикалар ажралиб чиққани 20 асрнинг энг катта геосиëсий фожиаси бўлди.

“Совет Иттифоқининг парчаланиши асрнинг катта геосиëсий фалокати бўлди. Россия халқи учун бу чинакам драмага айланди. Ўн миллионлаб фуқароларимиз ва ватандошларимиз Россия ҳудудидан ташқарида қолиб кетди. Парчаланиш эпидемияси Россия ҳудудига ҳам тарқалди”¸ - деди Путин йиллик маърузасида.

Россиядан ташқарида Путиннинг бу баëноти кутилмаган ҳодиса сифатида кенг муҳокама қилина бошланди. Путин баëнотига муносабат билдирган айрим ғарб ахборот воситалари Совет Иттифоқининг парчаланмаслиги 20 асрнинг ҳақиқий фожиаси бўлиши мумкин эди¸ деб таъкидлайди.

Москвадаги Глобализация муаммолари институти директори Борис Кагарлицкий Президент Путин баëнотини қўллаб-қувватлайди.

“Очиқ-ойдинки¸ Совет Иттифоқининг парчаланиши Россия халқининг аксарияти учун шахсий фожиа бўлди. Бу шунингдек¸ Тожикистон¸ Ўзбекистон¸ Украина ва бошқа республикалар халқларининг кўпчилиги учун ҳам фожиа бўлди. Чунки оилалар бўлинди¸ халқ турмуши бузилди¸ яшаш даражаси ëмонлашди¸ адолат ва озодлик унутилди”.

Бироқ кўпчилик россияликлар орасида эса Президентнинг ушбу маърузаси унчалик катта шов-шувга сабаб бўлмади.

Кузатувчиларга кўра¸ Путиннинг баëноти россияликлар учун кутилмаган ҳодиса бўлмагани сабабларидан бири¸ бу баëнот КГБнинг собиқ аъзоси томонидан қилингани бўлди.

Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси Николай Петровнинг айтишича¸ Путиннинг Иккинчи жаҳон уруши 60 йиллиги олдидан бундай баëнот билан чиқишидан кўзланган асосий мақсад Россия уруш фахрийлари ва кекса авлод олдида ўз обрўсини орттиришдир.

Январ ойида Совет давридаги ижтимий нафақага оид қонун бекор қилинганида¸ минглаб нафақахўрлар Путин сиëсатига қарши норозилик билдирган эди.

Таҳлилчи Петровга кўра¸ Путин ўзининг йиллик маърузасида Совет Иттифоқи парчаланишини фожиа деб тасвирлашининг яна бир сабаби шундаки¸ Путин собиқ Совет Иттифоқининг Грузия¸ Украина ва Қирғизистон республикаларида оммавий намойишлар натижасида ҳокимиятнинг қулаганидан ташвишланмоқда.

“Фикримча¸ Путин баëноти постсовет ҳудудларида амалга ошган воқеалар билан чамбарчас боғлиқ. Бу қайсидир маънода постсовет шароитидан бутунлай янги ҳаëт томон бошланган ўзгаришлар жараëнига билдирилган муносабатдир”¸ - дейди таҳлилчи Петров.

Президент Путин ўз нутқида айни воқеаларнинг Россия ҳудудида рўй беришига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Унга кўра¸ Россия мустақил давлат сифатида халқ ҳокимияти томон ҳаракат йўналишларини ўзи белгилаши керак.
XS
SM
MD
LG