Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:17

Олий суд ўлим ҳукмини бекор қилди


Зикрилло Ишонч Ўзбекистон Олий суди қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганликда айбланган Икром Мухторовга белгиланган ўлим жазосини бекор қилиб, жазони кўп йиллик қамоқ билан алмаштирди.

2001 йилда оғир жиноят содир этишда айбланиб ҳибсга олинган И.Мухторов ўтган йил май ойида Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.

Олий суд бу ҳукмга эътироз билдиргандан кейин шаҳар суди мазкур ишни қайта кўриб чиқиб, И.Мухторовни 20 йилга озодликдан маҳрум этди.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раҳбари Тамара Чикунованинг фикрича, И.Мухторовга чиқарилган ҳукмни ўзгартиришни Олий суд ташқи аралашувларсиз амалга оширган.

“Биз унга қўйилган айблар адолатсиз эканини ўз вақтида талаб қилганмиз. Чунки унинг айбини тасдиқловчи ҳеч қандай асос йўқ. Бу йигит жиноят содир этилганидан уч йил ўтиб ҳибсга олинган. Суд унинг шахсий иқрорига асосланиб ҳукм чиқарган. Жиноят жойидан И.Мухторовнинг айбини тасдиқловчи далиллар топилмаган. Ҳозир у ўлимга ҳукм қилинганлар хонасида сақланаётгани йўқ”, - деди Т.Чикунова.

Мазкур ташкилот вакиласи Дилобар Худойберганованинг билдиришича, Олий суднинг бундай қарори ягона ҳодиса эмас. Олий суд илгари ҳам фуқаролар Аброр Исаев, Нодирбек Каримов ва Евгений Гугнин устидан чиқарилган ўлим ҳукмини узоқ йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирган.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Отаназар Ориповнинг таъкидлашича, халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакатда ўлим жазосини бекор қилишни кўп йиллардан буён талаб қилиб келади. Лекин ҳукумат бу талабларга қулоқ осаётгани йўқ. И.Мухторов устидан чиқарилган ўлим ҳукми бекор қилинганини ҳукуматнинг жазонинг бу турига муносабат ўзгарганидан дарак сифатида қараш нотўғридир.
XS
SM
MD
LG