Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:14

15 май куни Андижоннинг марказий кўчасида зўравонлик воқеаси рўй бермади.


Шаҳар кўчаларини хавфсизлик кучлари назорат қилмоқда. Озодлик мухбири Садриддиннинг 15 май куни Андижондан телефон орқали хабар беришича, ҳозир Андижоннинг асосий кўчасида тинч вазият ҳукм сурмоқда:

“Намойиш ўтказилган майдон ҳарбийлар билан ўраб олинган. Андижондаги вазият эса ҳарбийларнинг, ҳарбий аскарларнинг қаттиқ назоратида”.

Озодлик радиоси мухбирлари хабарига кўра, Ўзбекистон ва Қирғистон чегарасида жойлашган Қорасув шаҳрида 15 май куни тартибсизликлар рўй бермаган. Шанба кни норозилик намойишчилари Қорасув ҳокимини гаровга олиб ҳокимият биноси ва милиция машинасига ўт қўйган. Қирғизистон чегарачилари эса юзлаб Ўзбекистон фуқароси чегарани бузиб Қирғизистон ҳудудига ўтишининг олдиди олди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг Ройтер ахборот агентлигига айтишича, жума куни ҳукумат қўшинлари норозилик намойишчиларига қарата ўт очгани оқибатида ўлганлар сони 500дан ортган бўлиши мумкин. Талафотлар ҳақида турлича маълумот тарқатилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Андижон фожиасида тахминан 30 одам, жумладан хавфсизлик ходимлари ҳам нобуд бўлган.

Шифокорлар ва беморлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Анимафор” ташкилоти раҳбари Гулбаҳор Тўраева Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда талофатлар ҳақида бундай деди:

“(Зўравонликлар рўй берган) иккинчи кунга келсак, Андижон шаҳридаги 15-мактабга бордим, ўша ерга ўликлар тўпланаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Ўша ерда 500тадан кўп ўлик бор эди” – деди шифокорлар ва беморлар ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Андижон фожиасига халқаро ҳамжамият ўз муносабатини билдириб келмоқда. Хусусан 15 май куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини зўравонликларга чек қўйишга ва мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига чақирди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги вакили Мирослав Женеа томонларни куч қўлламасликка чақирди. Унга кўра Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бўҳронни хал этиш ва унинг сабабларини ўрганишда ёрдам беришга тайёр.

15 май куни Лондонда Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу Ўзбекистон ҳукумати кучлари Андижонда норозилик намойишчиларига қарата ўт очганини қоралади ва ҳукуматни демократик ислоҳотлар ўтказишга чақирди.

Якшанба куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строунинг баёнотига кескин норозилик билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистондаги воқеалар экстремистлар томонидан аввалдан режалаштирилганини айтди. 15 май куни Вена шаҳрида гапирган Лавровга асосланиб ИТАР-ТАСС ахборот агентлигининг билдиришича, Россия Ўзбекистон ҳукуматига қарши намойишчиларни тайёрлашда Афғонистон толибларининг қўли борлигига ишора қилувчи маълумотга эга.

14 май куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Валерий Лошчинин Андижон фожиаси ҳақида бундай деди:

“Бу воқеаларга бир қатор муаммолар, жумладан ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабаб бўлган. Бу минтақада Ислом омили ҳам жуда кучли. Буларнинг ҳаммаси зўравонликлар рўй беришига туртки бўлган. Энг даҳшатлиси одамлар нобуд бўлгани. Биз бундай экстремистик ҳаракатларни қоралаймиз ва вазият назорат остига олинишига умид қиламиз” – деди Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари.

14 май куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Андижон воқеаларини қуролли исён, дея бахолади. Каримовга кўра, намойиш ҳукуматни ҳокимиятдан ағдаришни мақсад қилган радикал “Хизбут-Тахрир” ташкилотига алоқадор бир гуруҳ жанггарилар томонидан амалга оширилган.

Қирғизистон ҳукумати чегарани кесиб Қирғизистон ҳудудига ўтган ўзбекистонлик қочқинлар учун лагер ташкил этилганини маълум қилди. Қирғизистон фавқулодда ҳолатлар вазирлигига кўра, қочқинлар лагери Жалолобод вилояти ҳудудида ташкил этилган бўлиб ҳозир у ерда 900 нафар қочқин бор.

БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги қочқинлар лагеридаги вазиятни яқиндан ўрганиш учун у ерга ўз вакилиги юборган. Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, Қирғизистон чегараси яқинига тахминан уч минг одам йиғилган.

14 май куни Қорасув шаҳрида зўравонликлар рўй бериши билан Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси дарҳол ёпиб қўйилган. 15 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси очилди ва текширув пунктлари ўз фаолиятини давом эттирди.

Озодлик радиоси мухбири якшанба куни Қорасув бозори одатдагидек ишлаган. Шаҳарда тинч вазият ҳукм сурган. Зўравонликлар кузатилмаган. Қўзғалончилар томонидан гаровга олинган шаҳар ҳокими қўйиб юборилган. Ўз навбатида ҳоким 90 фоиз расмийларни алмаштиришга ваъда берган.
XS
SM
MD
LG