Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:22

Андижон фожиаси юз берганига бугун бир ҳафта бўлди.


Андижон шаҳри ҳозир ҳам ҳарбийлар назоратида. Шаҳарда тинчлик ҳукм сурмоқда. Аммо одамлар мотам кайфиятида. Андижондаги мухбиримиз Турғунбекка кўра, 20 май куни тинчлик билан ўтган. Жума намозини ўқиш учун Андижондаги асосий масжид ҳисобланган Девонабой масжидига одатдагидан кўп, яъни, уч мингдан кўп одам келган.

“Андижондаги мотамсаро хонадонларга таъзия билдириш учун одамларнинг таъзияга келиши давом этяпти. Андижонда аҳоли асосан мотамсаро кайфиятда, деб айтиш мумкин” – дейди Турғунбек.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов пайшанба куни кечқурун БМТ Бош котиби Кофи Аннан билан телефон орқали сўзлашди. Мулоқот чоғида Андижон воқеалари муҳокама этилди. Расмий маълумотларга кўра, Андижон фожиасида 169 одам нобуд бўлган. Лекин халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва Ўзбекистон мухолифати вакиллари Андижон фожиасида мингдан ортиқ одам ўлган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош котибига Андижон воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказиш зарурати йўқлигини билдирган. Ислом Каримов Андижонда вазият назорат остига олингани ҳамда тартибсизликлар учун масъул шахслар жавобгарликка тортилишини маълум қилган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислари Ўзбекистон ҳукуматидан Андижонга бориб у ердаги вазият билан яқиндан танишишга рухсат берилишини сўради.

Ташкилот баёнотида, БМТнинг ноқонуний ва ўзбошимча жазони ижро этиш масалалари бўйича махсус мутахассиси Филип Алстон 13 май куни Ўзбекистон ҳукумати кучлари Андижондаги намойиш қатнашчиларига қарата ўт очгани оқибатида юзлаб одам, жумладан аёллар ва болалар ўлган бўлиши мумкинлигидан чуқур ташвишда экани билдирилади.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги матбуот вакили Хосе Диазга кўра, ташкилот таклифи пайшанба куни Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этилганига қарамай, ҳозирча жавоб олинмаган.

Бугун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги идораси олдида норозилик пикети бўлиб ўтди.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сизоқ туманидаги Қорадарё қишлоғида Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидан қочиб ўтган бешюздан ортиқ одам яшамоқда.

20 май куни бу лагерда яшаётган ўзбекистонлик қочқинлар дунё ҳамжамиятига йўллаган мурожаатларини халқаро оммавий ахборот воситалари мухбирларига ўқиб эшиттирдилар.

Мурожаатда халқаро ҳамжамият Андижондаги воқеаларга холис баҳо бериши зарурлиги, қочқинлар ва уларнинг Андижонда қолган қариндошлари ҳаётига Ўзбекистон ҳукумати томонидан тахдид қилиниши мумкинлиги тўғрисида гап боради.

Шунингдек, Ўзбекистонлик қочқинлар етти кишидан иборат сиёсий қичоқлар қўмитасини тузганликларини ҳам эълон қилдилар. Қўмита аъзолари исм-шарифлари ҳозирча сир сақланмоқда. Бу қўмита аъзоларидан бирининг Озодлик радиоси мухбирига айтишича, сиёсий қочоқлар қўмитаси Қирғизистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқинлар номидан фаолият кўрсатади.

Қирғизистон ўзбекистонлик қочқинларга бошпана, озиқ-овқат бергани ва уларга тиббий ёрдам кўрсатгани учун АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси бугун Қирғизистон ҳукуматига миннатдорлик мактуби йўллади.

Ўзбек қочқинларига ғамхўрлик кўрсатишда БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилгани учун АҚШ элчихонаси Қирғизистон ҳукуматига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Айни пайтда, бугун Қирғизистон хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ўртасида учрашув бўлиши режалаштирилган. Сўзлашув чоғида ўзбек-қирғиз чегарасининг зўравонликлар юз берган қисмида хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисидаги Ўзбекистон томони таклифи муҳокама этилиши кутилмоқда.

Бугун Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳрида Андижон воқеаларига норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Истанбулнинг Тақсим майдонида уюштирилган намойиш қатнашчиси Пирмухаммад Ҳолмат намойиш мақсади ҳақида Озодлик радиосига бундай деди:

“Туркиялик қардошларимиз Ўзбекистонда юз берган фожиа, таэбир жоиз бўлса рўй берган қатлиёмга норозилик билдириш учун тўпландилар. Намойишда юзлаб ташкилотлар вакиллари қатнашди. Бу ташкилотлар нодавлат ташкилотларидир. Бу намойишни Туркиянинг барча телеканаллари, газеталари ёритдилар. Намойишчилар турк халқига намойиш ўқидилар. Турк ва дунё жамоатчилигига баёнот тарқатдилар”.
XS
SM
MD
LG