Линклар

Шошилинч хабар
04 июн 2020, Тошкент вақти: 13:05

Халқаро хабарлар

Россия бугун Суриянинг 9 миллиард доллар қарзидан воз кечиш ҳақидади қарорга келди.

Бу Дамашқнинг Москвадан бўлган қарзларининг тақрибан тўртдан уч қисмини ташкил этади.
Январ ойида Сурия Президенти Башар Асад Москвага ташриф буюрганида Сурия ва Россия Молия вазирлари муҳаммад ал-Ҳусайн ва Алексей Кудринлар ўртасида имзоланган келишувни тасдиқлаган эди.
Суриянинг Россиядан бу қарзларининг катта қисми Дамашқ Совет Иттифоқнинг асосий иттифоқчиси бўлган пайтида тўпланиб қолган эди.

Кун янгиликлари

Қирғизистонда 8 июндан масжидлар қайта очилади

Бишкек марказий масжиди.

Қирғизистонда 8 июндан масжидлар, черковлар ва бошқа ибодат жойлари фаолиятига рухсат берилди.

Ҳукумат матбуот хизматининг 4 июнда билдиришича, бундай қарор муфтият ва бошқа диний ташкилотлар вакиллари билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинган.

Ибодат жойларида сантиария талабларига амал қилиниши лозим. Ибодат қилишга кираётганларнинг тана ҳарорати текширилади, улар юзқопда бўлиши ва камида 1,5 метрли ижтимоий масофани сақлашлари зарур.

Қирғизистонда коронавирус оқибатида 17 мартдан масжидлар ва бошқа ибодат жойлари ёпилган, жума намозлари ва бошқа оммавий диний тадбирлар бекор қилинган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 1899 кишига етди. Беморлардан 1292 нафари соғайди, 20 бемор вафот этди.

Қозоғистонда ресторанлар хўжайинлари коронавирус чекловлари бекор қилинишини талаб этмоқда

Нур-Султонда намойиш ўтказган ресторан ходимлари.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ўнлаб ресторан хўжайинлари ва ходимлари 3 июнь куни ҳокимият биноси олдига йиғилиб, коронавирус чекловлари бекор қилинишини ва ресторанларга бир вақтнинг ўзида 50 нафардан ортиқ хўррандаларга хизмат кўрсатишга рухсат берилишини талаб этишди.

1 июндан Қозоғистонда карантин чоралари юмшатилиб, савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берилди.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоат жойларида 50 нафардан ортиқ одам тўпланмаслигини, кафе ва ресторанларда столлар бир-биридан икки метр оралиқда ўрнатилишини ва дезинфекция ишларини амалга оширишни талаб қилмоқда.

Ресторанларнинг хўжайинлари икки ойлик карантин ортидан катта зарар кўришганини айтмоқдалар. Уларга кўра, Нур-Султонда юздан ортиқ ресторан бор. Уларда бир неча минг киши хизмат қилади.

Нур-Султон ҳокимияти рестораторларнинг талабларини душанба кунигача ўрганиб чиқишни ваъда қилди.

Қозоғистонда 4 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 12 мингдан ошди. 6 240 бемор соғайган, 48 киши вафот этган.

Беморларнинг 2 344 нафари Нур-Султонда аниқланган, улардан 7 нафари ўлган.

Франция Руандадаги геноцид ташкилотчиларидан бирини Халқаро трибуналга топширади

Кабуга халқаро қидирувга берилгани тўғрисидаги хабар чоп этилган газета.

Париж апелляция суди 3 июнь куни Руандадаги геноцид ташкилотчиларидан бири сифатида гумонланаётган Фелисьен Кабугани халқаро трибуналга топшириш тўғрисида қарор чиқарди.

БМТ прокуратураси Кабугага Руандада 1994 йилда тутси халқини геноцид қилиш учун хуту жангариларига қурол етказиб беришни молиялаштирганлик, геноцид ва геноцидда иштирок этиш айбловини билдирмоқда. Геноцид оқибатида Руандада тутси миллатига мансуб 800 минг киши қириб ташланган.

Маълум бўлишича, 20 йил халқаро қидирувда бўлган Кабуга Париж атрофида сохта ҳужжатлар асосида яшаб келган. Франция полицияси 16 май куни 84 ёшли Кабугани қўлга олиш амалиётини махфий равишда ўтказди.

Май ойида Ҳаага халқаро трибунали Кабуга халқаро трибуналларнинг якунланмаган қисми механизми асосида Танзаниянинг Аруше судида судланиши лозимлиги тўғрисида қарор чиқарган. Аруше суди Халқаро трибуналнинг филиали ҳисобланади.

Руанда бўйича халқаро трибунал ўз фаолиятини 2015 йилда ёпгани муносабати билан Кабуга иши халқаро трибуналларнинг якунланмаган қисми механизми асосида кўриб чиқилади.

Эрон олий руҳониийси АҚШни иккиюзамачиликда айблади

Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий.

Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий Миннесота штатида полициячилар томонидан афроамерикаликнинг ўлдирилиши муносабати билан АҚШни иккиюзламачиликда айблади.

Али Хоманаий телевидение орқали Ислом Республикаси асосчиси Руҳуллоҳ Хомайни ўлими (1989 йил)нинг навбатдаги йиллигига бағишлаб қилган чиқишида: “Улар одамларни жиноятда гумонлаб ўлдирадилар, аммо узр сўрамайдилар. Айни пайтда бошқалардан “инсон ҳуқуқларини таъминлашни” талаб қиладилар”, - деб айтди.

Эрон ҳукумати АҚШда ирқчиликка қарши бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери намойиш ўтказиб келаётган норозиларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Эронни инсон ҳуқуқларини бузаётганликда, жумладан, ўтган йилнинг ноябрида норозилик намойишига чиққан юзлаб одамларни ўлдирганликда айблаб келади.

1 июнь куни Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар қўмитаси раиси Мўжтабо Золнур ўтган йилнинг ноябрида ўтган норозилик намойишларида 230 киши ҳалок бўлганини расман билдирди. Бунга қадар Эрон ҳукумати намойишларда ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни рад этиб келаётган эди.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Тартибсизликлар оқибатида камида 12 киши ўлгани, ўнлаб полициячилар ва норозилар жароҳатлангани хабар қилинди. CNNнинг билдиришича, ўн мингга яқин одам қўлга олинган.

Россия Сурияга ҳарбий самолётларнинг “иккинчи партияси”ни етказиб берди

МиГ-29 ва Су-24 ҳарбий самолётлари.

АҚШ Россияни Суриядан Ливияга ҳарбий самолётларни етказиб беришда воситачи сифатида фойдаланаётганини танқид қилганидан бир неча кун ўтганидан сўнг Москва МиГ-29 янги қирувчи учоқларни Дамашққа етказиб берганини тасдиқлади.

Россиянинг Дамашқдаги элчихонаси 3 июнь куни МиГ-29 самолётларининг “иккинчи партияси ҳарбий ҳамкорлик доирасида” Сурияга етказиб берилганини маълум қилди.

Суриянинг давлатга қарашли SANA ахборот агентлиги 30 майда Хмеймимдаги рус ҳарбий базасига МиГ-29 қирувчи учоқлари етиб келганини ва улар 1 июндан бошлаб Сурия осмонда парвоз қилишларини билдирган эди.

Россия қўллаб келаётган Сурия президенти Башар Ассадни халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва ғарб давлатлари фуқаролар урушида тинч аҳолини бомбардимон қилишда ҳамда эҳтимолий ҳарбий жиноятларда айблаб келадилар.

Май ойининг охирида АҚШ Россияни Ливияда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукуматга қарши исёнчилар сафида жан қилаётган россиялик ёлланма жангариларни қўллаш учун ҳарбий учоқларни етказиб берганиликда айблаган эди.

АҚШ расмийларига кўра, Москва Ливиядаги Россия жангариларга 14 та МиГ-29 қирувчи ва Су-24 қирувчи-бомбардимончи самолётни Суриядаги Хмеймим авиабазаси орқали етказиб берган.

Трамп Россиянинг G7 саммитига таклиф қилиниши “соғлом фикрлаш” бўлишини айтди

Трамп "Москва билан мулоқот қилиш зарур", деб ҳисоблайди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путинни “Катта еттилик” (G7)нинг кенгайтирилган йиғилишига таклиф қилиш “соғлом фикрлаш” бўлишини айтди.

3 июнь куни Fox News радиосига интервью берган Трамп, G7га аъзо ривожланган йирик давлатлар Россиянинг халқаро майдондаги сиёсати ва Қримни босиб олганига қарамай, Москва билан мулоқот қилиши зарур, деб ҳисоблашини билдирди.

“Гап Россия нима қилганида эмас, гап соғлом фикрлашда. Муаммо шундаки, Путин нима қилгани ҳақида кўп гапирамиз, шунинг учун вақтимизни бекорга сарфлаяпмиз. Шунинг учун ортиқча гап-сўзларни йиғиштириб, кимдир Путинга телефон қилиши ёки Путин билан турли масалаларни муҳокама қилиши шарт”, - деди Трамп.

АҚШ президенти 30 май куни июнда ўтказилиши режалаштирилган G7 саммитини сентябрь ойига қолдиришини ва унга Россия, Австралия, Жанубий Корея, Ҳиндистонни таклиф қилиш нияти ҳақида билдирганди.

Трамп АҚШ, Канада, Германия, Япония, Франция, Британия ва Италиядан иборат G7 гуруҳини “жаҳонда нималар бўлаётганини етарли даражада тасаввур қила олмаётган жуда эскирган давлатлар гуруҳи”, деб атаганди.

Россия G8 гуруҳидан 2014 йилда Қримни босиб олгани ортидан чиқарилган ва G8 гуруҳи G7га айланган эди.

G7га аъзо давлатлар Трампнинг Россияни саммитга таклиф қилиш ғоясини қўлламаяпти.

АҚШда афроамерикалик ўлимига сабабчи бўлган полициячиларга айблов билдирилди

АҚШдаги норозилик намойишларидан бири.

Миннесота прокурори афроамерикалик Жорж Флойд ўлимига сабабчи бўлган полициячи Дерек Шовиндан ташқари яна уч нафар полициячига ҳам айблов билдирди. Бу АҚШда бир ҳафтадан кўпроқ вақтдан бери давом этаётган норозилик намойиши иштирокчиларининг асосий талабларидан бири эди.

Аввалроқ Дерек Шовин қўлга олинган ва унга “эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабабчи бўлиш” айблови билдирилганди. Намойишчилар босими остида унинг уч нафар шериги ҳам қўлга олинди. Бу полициячилар Дерек Шовин билан биргаликда Жорж Флойдни қўлга олишда иштирок этган.

Миннесота бош прокурори Кит Эллисоннинг 3 июнда билдиришича, ҳибсга олинган уч полициячига “қотилликка шерик бўлиш” айблови билдирилган. Бундан ташқари бевосита Жорж Флойднинг ўлимига сабаб бўлган Дерек Шовинга қўйилган айблов ҳам ўзгартирилган. Эндиликда у “иккинчи даражали қотиллик”да айбланмоқда.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Тартибсизликлар оқибатида камида 12 киши ўлгани, ўнлаб полициячилар ва норозилар жароҳатлангани хабар қилинди. CNNнинг билдиришича, ўн мингга яқин одам қўлга олинган.

Европадаги айрим давлатлар карантин чораларини юмшатишда давом этмоқда

Италия 3 июндан европалик сайёҳлар учун чегараларини очди.

Айрим Европа давлатлари коронавирус билан боғлиқ карантин чораларини босқичма-босқич юмшатишда давом этмоқда.

Европада коронавирусдан энг кўп жабрланган Италия 3 июндан европалик сайёҳлар учун чегараларини очди ва ички туризмга ўрнатилган чекловларни бекор қилди.

Айни пайтда Италия президенти Сержио Маттарелла уч ой давом этган карантиндан сўнг ўлим ҳолатлари озайганига қарамай, “коронавирус инқирози ҳали тўлиқ бартараф этилмагани”ни билдирди.

Коронавирусдан энг кўп жабрланган яна бир мамлакат – Испания сайёҳларга чегараларни очиш устида ишлаётганини билдирди. Бу давлат 22 июндан туристлар учун чегараларини очиши кутилмоқда.

Австрия ҳам Италиядан ташқари барча қўшни давлатлар учун 5 июндан чегарасини очди.

Қозоқ-ўзбек чегарасида қолиб кетган тожикистонликлар ватанига қайтарилди

Қозоқ-ўзбек чегараси яқинида қолиб кетган тожикистонликлар, 2020 йил 2 июни.

Тожикистон расмийлари сўнгги бир неча ҳафтадан бери Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги “Жибек жўли” божхона маскани яқинида жойлашган автовокзал ҳудудида яшаётган ватандошларини юртига қайтарди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги 2 июнь оқшомида у ердаги 237 нафар тожикистонликнинг барчаси олиб келинганини маълум қилган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи туфайли март ойи ўрталаридан ўз чегараларини ёпган.

Тожикистон ТИВ Қозоғистон расмийларига мазкур ватандошларнинг чегарадан гуруҳ бўлиб ўтишига шароит яратиб бергани, Ўзбекистон расмийларига эса тожикистонликларни олиб кетишга йўл очиб бергани учун миннатдорчилик билдирди.

Аввал хабар қилинганидек, қозоқ-ўзбек чегарасида қолиб кетган тожикистонликлар орасида 17 нафар бола ва 14 нафар аёл бўлган. Улар Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига 2,5 ойдан бери уйига етиб олиш учун чегарадан ўтолмаётганларини маълум қилганлар.

Хитой босим кўрсатган тақдирда Британия уч миллион нафаргача ҳонконгликни қабул қилишга ваъда берди

Ҳонконгдаги акцияда Британия паспортини кўтариб турган намойишчи, 2019 йил сентябри.

Агар Хитой Ҳонконгга босим ўтказишда давом этаверса, Буюк Британия уч миллион нафаргача ҳонконгликни қабул қилиб олишга тайёр. Бу ҳақда Times газетасида ёйинланган мақолада мамлакат бош вазири Борис Жонсон билдирди. Жонсонга кўра, улар қироллик ватандошлигини олиш имкониятига эга бўлади.

“Зарурат туғилгудек бўлса, Британия ҳукумати бу қадамни қўяди ва бу ишни эзгу ният билан амалга оширади. Ҳонконг турғунларининг кўпи, Пекин ваъдаларига қарамай, ўзларининг ҳаёт тарзлари хатар остида қолганидан хавфсирамоқда. Агар Хитой ўз хатти-ҳаракатлари билан бу хавфсираш асосли эканини намойиш қиладиган бўлса, Британия шунчаки елкасини қисиб, четга ўтиб ололмайди. Биз ўз бурчимизни бажарамиз ва муқобил йўл таклиф этамиз”, деб ёзди Жонсон.

Жонсон қиролликнинг хорижий паспортига эга бўлган ҳонконгликларнинг барчасига Британия ватандошлигини ваъда қилган. Бунақа ҳужжат 350 минг чоғли ҳонконгликда бор, яна 2,6 миллион нафар ҳонконглик ватандошликни Британия собиқ колониясининг турғунлари ўлароқ олиши мумкин. Ҳозирда бундай паспорт Буюк Британияда ишлаш ёки ватандошлик олиш ҳуқуқини бермайди, бироқ бош вазир қироллик виза тизимида кенг кўламли ўзгаришлар ясаб, бу чекловларни бекор қилишга тайёр эканини билдирган.

Ҳонконг шаҳарда махсус маъмурий тартиб-қоидаларни сақлаб қолиш шарти билан 1997 йили Хитойга ўтказиб берилгунига қадар Буюк Британия томонидан бошқариларди. Сўнгги йилларда шаҳар Пекин томонидан босимга учраяпти, Ҳонконг мухолифати Хитойдаги ҳукмрон коммунистик партия шартлашилган “бир мамлакат – икки тизим” тамойилидан узоқлашаётганини билдирмоқда.

Туркманистон пойтахтида велосипедга ҳайкал ўрнатилди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этган велопойгалардан бири, 2018 йил 1 июни.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 3 июнь куни Ашхободда “Велосипед” ҳайкалини очиб берди. “Олтин аср” ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳайкал Жаҳон велосипед куни муносабати билан очилган.

Очилиш маросимидан сўнг президент тадбир иштирокчилари билан биргаликда 12 километрлик велопойгада иштирок этган. Хабар мазмунидан келиб чиқилса, жаҳон бўйлаб коронавирус инфекцияси ёйилаётгани Туркманистон пойтахтида кўп кишилик оммавий тадбир ўтказилишига монеъ бўлолмаган.

Президент Бердимуҳамедов Ашхободдаги марказий майдонлардан бирига велосипедга ҳайкал ўрнатиш ташаббусини 2018 йил ёзида кўтарган эди.

Сўнгги йилларда Туркманистонда Гурбангули Бердимуҳамедов ва ҳукумат аъзолари иштирокида оммавий велопойгалар мунтазам равишда уюштириб келинмоқда. Бу каби тадбирларга давлат хизматчилари, талабалар ва ўрта мактаб ўқувчилари жалб қилинади, улар ўз ҳисобларидан велосипед ва спорт либослари сотиб олишлари керак бўлади.

2021 йили Ашхободдаги Олимпия шаҳарчасида Велотрек бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши кутилмоқда.

Велоспортни оммалаштиргани учун Г. Бердимуҳамедов Халқаро велоспортчилар уюшмасининг (UCI) олий мукофоти билан тақдирланган.

AI Россия расмийларидан бир кишилик пикет иштирокчилари таъқибини тўхтатишни талаб қилди

Полициячилар бир кишилик пикет иштирокчиларидан бирини тутиб кетмоқда, Москва, 2020 йил 29 майи.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Москвадаги бир кишилик пикет иштирокчиларини таъқиб қилишни тўхтатиш талаби билан Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцевга очиқ хат йўллади.

Бу акцияга муниципал депутат Илья Азарнинг 15 суткага қамалиши сабаб бўлди. У “Полиция омбудсмени” лойиҳаси муаллифи Владимир Воронцовни қўллаш учун 26 май куни Петровкадаги ИИВ бошқармаси биноси олдида пикет ўтказганидан сўнг ушланган.

Шу куннинг ўзида Москвада депутатни қўллаш мақсадида қатор бир кишилик пикетлар ўтказиш бошланган ва бу жараён 1 июнгача давом этган. Пикет иштирокчилари полиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Уларга ўзини ўзи яккалаш тартибини бузганлик айблови ҳам қўйилган.

Аввалроқ ИИВнинг Москва бошқармаси карантин чоғида шаҳарда ҳар қандай норозилик акцияси ўтказиш тақиқланишига оид баёнот тарқатганди.

Amnesty International фаоллар Россиянинг бир кишилик пикетларни расмийлар рухсатисиз ўтказишга изн берувчи қонунини бузмаганини қайд этади. Ҳуқуқ фаоллари бир кишилик акция иштирокчилари ўзини ўзи яккалаш тартибини бузганлиги учун тутиб кетилганини ҳам танқид қилганлар.

AI вакилларига кўра, “бу одамлар кўчада битта-битта бўлиб, бошқа одамлардан мақбул даражада узоқ масофада, амалдаги соғлиқни сақлаш чораларига мувофиқ равишда индивидуал ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда туришган”.

Сўх можароси: Чашмадаги булоқни икки мамлакат ҳарбийлари қўриқламоқда

Боткен вилоятининг Қадамжой туманидаги Чечме (Чашма) чегараолди ҳудудида Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот идоралари биргаликда Чашма булоғи ва унинг теграсини назорат қилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълумот тарқатди.

Расмий хабарда бу ҳудуддаги чегара ўтказиш пунктларидаги чегарачилар ҳам кучайтирилган тартибда ишлаётгани урғуланди.

Қайд этилишича, икки томон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигидаги чегара назорати давлат чегарасининг бузилиши, яна можаро чиқиши эҳтимоли ва ёйилиши олдини олиш учун кучайтирилган.

Айни пайтда Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида вазият барқарор.

31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида булоқ суви устидаги тортишув ортидан тўқнашув юз берган.

Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлган.

АҚШдаги намойишларда камида 11 киши қурбон бўлди

Калифорниядаги норозилик намойиши, АҚШ, 2020 йил 2 июни.

АҚШда оммавий намойиш ва тартибсизликлар бошлаган 26 майдан бери камида 11 киши нобуд бўлди. Ўлим ҳолатлари бир неча штатда қайд этилган. Қурбонларнинг кўпчилигини афроамерикаликлар ташкил қилади. Бу ҳақда Associated Press хабар қилди.

Намойишлар чоғида ўнлаб одам жароҳатланган, бироқ уларнинг аниқ сони бўйича ҳозирча маълумот йўқ.

АҚШда оммавий акциялар бошланишига Миннисота штатидаги Миннеаполис шаҳрида полиция томонидан аёвсизларча қўлга олиниши важидан жон таслим қилган афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими сабаб бўлган. Норозилар мазкур ҳодиса юзасидан тергов ўтказилиб, мамлакатда полиция зўравонлигига барҳам берилишини талаб қилмоқдалар.

Тартибсизликлардан сўнг АҚШнинг ўнлаб шаҳрида комендантлик соати жорий қилинган. Вазиятнинг таранглашиб кетиш эҳтимолини эътиборга олиб, пойтахт Вашингтонга қўшимча 1,5 мингдан зиёд ҳарбий йўлланган. Аввалроқ намойишчилар Оқ уй олдида йиғилган, АҚШ президенти Дональд Трампнинг эса бункерга яширинишига тўғри келганди. Оқ уй раҳбари намойишчиларни тарқатгани ва оммавий ҳибсга олишларни амалга оширгани учун Миллий гвардияга миннатдорчилик билдирган.

АҚШ сенати аввалроқ Трампнинг норозилик намойишлари чоғидаги хатти-ҳаракатини қораловчи резолюцияни ўтказмай қўйган. Демократлар президентни фаолларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқларни ишга солишга рухсат бергани учун танқид қилганлар. Бироқ сенатда кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар бунга қарши чиққанлар.

46 ёшли Жорж Флойд 25 май куни қўлга олинганди. У сохта банкнотадан фойдаланганликда гумонланган. Полициячи Дерек Шовин афроамерикаликни зарарсизлантиришга ҳаракат қилиб, тиззаси билан унинг бўйнини босган ва тутилган шахснинг ҳаво етишмаётганига оид шикоятларига эътибор бермаган. Флойд Миннеаполис касалхонасида жон берган. Ҳодиса акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқаган.

Миннесота расмийлари суд-тиббий экспертизаси ўтказилганидан кейин Флойд ўлимини “қотиллик” дея эътироф этганлар.

Жорж Флойдни қўлга олишда иштирок этган тўрт полициячининг ҳаммаси хизмат текшируви тугагунига қадар ишдан четлатилган. Шовин ҳибсга олинган.

Парижда минглаб одам полиция зўравонлигига қарши намойишга чиқди

Парижда 2 июнь куни минглаб киши иштирокида 2016 йил қўлга олинганидан кейин оламдан ўтган 24 ёшли қора танли франциялик Адам Траоре хотирасига полиция зўравонлигига қарши норозилик намойиши ўтказилди. Коронавирус пандемияси туфайли оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланганига қарамай, турли ҳисоб-китобларга кўра, намойишда 15 мингдан 20 минг нафаргача одам иштирок этган.

Кўп ўтмай намойиш полиция билан тўқнашувга айланиб кетган. Намойишчилар полициячиларга шиша ва тош отганлар, чиқинди қутиларига ўт қўйганлар. Бунга жавобан полициячилар кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишга солганлар. Оммавий намойишлар Лилль, Марсель ва Лионда ҳам бўлиб ўтган.

Бу орада АҚШда 26 майдан буён полиция зўравонлигига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда. Норозилик чиқишлари 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойд полиция томонидан қўлга олинганидан кейин оламдан ўтгани ортидан бошланиб кетган. Қатор шаҳарларда намойишлар тартибсизлик ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетган.

Сешанба куни АҚШнинг ўнлаб шаҳрида комендантлик соати жорий қилинди. Президент Дональд Трамп қатор штатлар губернаторларининг ҳаракатсизлигини танқид қилиб, зўравонликка қарши курашда қуролли кучларни ишга солиш билан таҳдид қилди.

АҚШда комендантлик соатига қарамай, норозилик намойишлари давом этди

Вашингтондаги намойишда автомобилларга ўт қўйгани норозиларни полиция таъқиб қилмоқда.

Қўшма Штатлардаги кўпчилик шаҳарларда комендантлик соати жорий этилганига қарамай, 3 июнга ўтар кечаси норозилар саккизинчи тунни кўчада ўтказишди. Норозилик намойишлари тартибсизликларга ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетгани ортидан бир неча кун олдин ўнлаб шаҳарларда комендантлик соати жорий этилганди.

Бир неча кун олдин Миннеаполис, Атланта, Лос-Анжелес, Сиэтл, Чикаго, Филадельфия, Питтсбург, Денвер, Майами ва бошқа шаҳарларда Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта Миллий Гвардия намойишларни бостириш учун жалб қилинди.

Президент Дональд Трамп штатларнинг губернаторларидан тартибни сақлаш учун кўчаларга Миллий Гвардия аскарларини кўпроқ сафарбар қилишни талаб этмоқда. Икки кун аввал Трамп агар губернаторлар тартиб ўрнатиш учун Миллий Гвардияни сафарбар этмаса, у ҳолда намойишларни ҳарбий куч билан бостиришга ваъда берган эди.

Вашингтонда зирҳли арбий машиналар, ҳарбийлар ва полиция кўчаларни назорат қилмоқда.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Намойишчилар 25 май куни қўлга олинганидан кейин Миннеаполис касалхонасида жон берган 46 ёшли Флойд ўлимида ўйнаган роли учун оқ танли тўрт нафар полициячи судланишини талаб қилишмоқда.

Трамп 30 май куни Жорж Флойднинг ўлимини мамлакатни ғазабга келтирган ва мусибатга туширган “жиддий фожиа”, деб атаган эди. Трамп норозилик намойишлари “оломоннинг зўравонлигига” айланиб кетишига йўл қўйилмаслигини айтган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси АҚШ ҳукуматини журналистларни “таъқиб қилишни тўхтатиш”га чақирди

Вашингтон. Оқ Уй олдига йиғилган норозилар.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) АҚШ ҳукуматини мамлакатдаги норозилик намойишларини ёритаётган журналистларни “таъқиб қилишни тўхтатиш”га ва комендантлик соатида матбуот ходимлари фаолиятига рухсат беришга чақирди.

Қўмитанинг билдиришича, бир неча кундан бери давом этаётган норозилик намойишлари пайтида Қўшма Штатларда журналистлар “сўз ва матбуот эркинлиги бузилиши”га оид 125 ҳолатни қайд этганлар.

“Биз полициянинг ўз хизмат бурчини бажараётган журналистларга нисбатан ноинсоний ва айрим ҳолатларда ўта зўравон ҳаракатларидан даҳшатга тушмоқдами”, -деб айтди CPJ дастурлар директори Карлос Мартинес де ла Серна.

АҚШнинг юзлаб шаҳарларида намойишлар 25 май кун Миннеаполис шаҳрида оқ танли полициячи камида 20 киши гувоҳлигида афроамерикалик Жорж Флойни бўғиб қўйгани ортидан бошланиб кетди. Тинч намойишлардан ташқари, айрим норозилар биноларга ва автомобилларга ўт қўйди, полицияга қаршилик кўрсатди ва дўконларни талон қилди.

Намойишчилар 25 май куни қўлга олинганидан кейин Миннеаполис касалхонасида жон берган 46 ёшли Флойд ўлимида ўйнаган роли учун оқ танли тўрт нафар полициячи судланишини талаб қилишмоқда.

Қирғизистонда бир кунда коронавирусдан уч одам вафот этди

Айни пайтда касалхоналарда 609 бемор даволанмоқда.

Қирғизистонда 3 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган уч бемор вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурбўлўт Усўнбаевнинг маълум қилишича, улардан икки нафари Ўш вилоятидан.

“Вафот этганлардан бири Ўш вилоятида ишлаган 59 ёшли фтизиатр врач, иккинчиси Ўшдаги касалхонада даволанаётган 55 ёшли бемор, учинчиси эса Норин вилоят касалхонасида даволанаётган 84 ёшли бемор”, - деди расмий.

Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони 20 кишига етди.

3 июнь куни яна 26 одамда СOVID-19 топилди. Бу билан коронавирус юққанлар сони 2 380 кишига етди. Улардан 1265 киши соғайди. Айни пайтда касалхоналарда 609 бемор даволанмоқда. Улардан 12 нафарининг аҳволи оғир.

Қозоғистонда коронавирусдан ўлганлар сони 44 кишига етди

Олмаотадаги коронавирусга анализ олувчи марказ.

Қозоғистонда 3 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган 225 янги бемор аниқланди. Бу билан мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони расман 11796 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, ҳозирда касалхоналарда 5 811 бемор даволанмоқда, 5 941 бемор соғайди ва 44 бемор вафот этди.

Расмий маълумотда айтилишича, сўнгги бир кун ичида уч бемор вафот этган. Пойтахт Нур-Султонда 61 ёшли, Чимкентда 64 ёшли, Павлодар вилоятида 85 ёшли бемор жон берган.

Қозоғистонда коронавирус ҳолати илк бор 13 мартда аниқланган эди. Шундан сўнг мамлакатда карантин жорий этилган.

Қозоғистонда 1 июндан карантин чоралари юмшатилди. Ҳукумат савдо марказлари, умумий овқатланиш жойлари, ҳаммомлар ва сауналар фаолиятига рухсат берди.

Қирғиз махсус хизмати: Азаттиқ мухбири журналистик суриштирув учун пул олган, аммо буни тасдиқловчи ҳужжат йўқ

Қирғиз парламенти махсус комиссияси йиғилиши.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирлари божхонадаги пул ювиш схемаси тўғрисида журналистик суриштирув учун “манфаатдор шахслардан 100 минг доллар миқдорида пул олган”, деб иддао қилмоқда.

Бу иддао 2 июнь куни қирғиз парламентининг Туркияда ўлдириб кетилган уйғур ишбилармони Айэркин Саймаити иши юзасидан тузилган махсус комиссияси йиғилишида айтилди. Миллий хавфсизлик хизматига кўра, иккита гувоҳ Саймаити уларга журналистларга пул бергани тўғрисида гапирганини тасдиқлаган. Айни пайтда Миллий хавфсизлик хизмати журналистлар пул олганини тасдиқловчи ва исботловчи ҳеч қандай ҳужжатлар мавжуд эмаслигини тан олди.

Озод Европа-Озодлик радиоси президенти Жейми Флей бу иддаога муносабат билдирар экан: “Журналистларни қоралаш ўз бойлиги ва ҳокимиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган коррупциялашган шахсларнинг ўч олиш ҳаракати бўлиши мумкин”, деб билдирди.

Ўтган йили Истанбулда яшаётган Саймаити Озодлик радиоси қирғиз хизмати, OCCRP ва Kloop ўтказган журналистик суриштирувнинг асосий манбаси бўлган эди. У Қирғизистондаги фаолияти давомида божхона хизматидаги коррупция ва камида 700 миллион долларни ноқонуний олиб чиқиб кетгани тўғрисида маълумот берган. Журналистик суриштирувда “коррупциялашган амалдор” қаторида Қирғизистон божхона хизмати раисининг ўша пайтдаги ўринбосари Раимбек Матраимов номи айтилган.

Ўтган йили Саймаити Истанбулда ўлдириб кетилган эди. Шундан сўнг қирғиз парламентида Саймаити ўлимини ўрганиш юзасидан махсус комиссия ташкил этилган.

Мазкур журналистик суриштирув ортидан Қирғизистонда коррупцияга қарши кўп минг кишилик намойишлар бўлиб ўтган.

Толибон лидери Охунзода коронавирусдан ўлгани тўғрисидаги хабарларни рад этди

Толибон ўз лидери Ҳайбатуллоҳ Охунзода коронавирусдан ўлгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

Foreign Policy журнали 1 июнь куни Толибон ҳаракатининг исми айтилмаган расмийларига таянган ҳолда Ҳайбатуллоҳ Охунзода COVID-19га чалингани ва хориж давлатларидан бирида даволанаётган пайтда ўлган бўлиши мумкинлиги тўғрисида хабар берган эди.

Толибон расмийлари Foreign Policy журналига Охунзодани сўнгги уч ой давомида кўрмаганларини ва овозини эшитмаганларини айтганлар. Айрим манбалар эса Охунзода коронавирусдан даволаниш учун Россияга кетганини маълум қилганлар.

2 июнь куни Толибоннинг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид ҳаракат раҳбарларидан ҳеч бири коронавирусга чалинмаганини ва Охунзоданинг ўлими ҳақидаги хабарлар асоссиз экани ҳақида билдирди.

Мулла Охунзода 2016 йилнинг майида Покистонда АҚШ учувчисиз самолёти ҳаводан берган зарба пайтида ўлдирилган Ахтар Муҳаммад Мансур ўрнига Толибон қўмондони бўлган эди.

Associated Press: Хитой коронавирус тўғрисидаги маълумотларни атайин яширган

Хитой мутахассислари вируснинг бошқа давлатларга таҳдиди тўғрисидаги маълумотларни ҳам яширганлар.

Хитой ҳукумати коронавирус ҳақида ўз вақтида ва тезкор маълумотларни бермаган. Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг Хитой ҳукумати маълумотларни яширмай ўз вақтида ошкор этгани тўғрисидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Associated Press ўзининг исми айтилмаган манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Агентликнинг ёзишича, Хитой вирус ҳақидаги маълумотларни ва унинг инсониятга таҳдидини яширган. Бу орада жаҳондаги учта давлат лабораторияларида коронавирус тўлиқ аниқланган.

Хитой давлат лабораторияси бошқа бир лаборатория вирусологияга оид махсус сайтда 11 январь куни коронавирус ҳақидаги маълумотни эълон қилганидан сўнггина бу ҳақда хабар берган. Аммо шундан кейин ҳам Хитой ҳукумати икки ҳафтагача вирус ҳақидаги маълумотларни сир тутиб келган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ёпиқ йиғилишлари баённомаларига қараганда,айни мана шу даврда коронавирусга чалинган беморлар ва коронавирусга чалиниш ҳолатлари бўйича маълумотлар ўта зарур бўлган.

“Агар бу маълумотлар ўз вақтида тақдим этилганида, вирусдан ўлим ҳолатларини сезиларли даражада камайтириш ёки вируснинг тарқалишини сустлаштириш имконияти пайдо бўлар эди”, - деб ёзди Associated Press.

Агентлик манбаларининг айтишларича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийлари, шунга қарамай, Хитой ҳукуматини тезкор ва ошкора маълумот бераётганини айтиб, мақтаб келган. Бу иш Хитой ҳукуматидан керакли маълумотларни олиш мақсадида амалга оширилган бўлиши мумкин.

Аммо ўша пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юқори лавозимли расмийлари оғзаки суҳбатларда Хитой ҳукумати вируснинг одамдан одамга юқиши бўйича етарли даражада маълумотларни бермаётганини айтганлар. Хитой мутахассислари вируснинг бошқа давлатларга таҳдиди тўғрисидаги маълумотларни ҳам яширганлар.

Эрон депутати: Норозилик намойишларида 230 одам ўлдирилган

Эронда 2019 йилнинг 15 ноябрида бошланган намойишлар мамлакатнинг юздан ортиқ шаҳарларида 4 кун давом этган.

Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар қўмитаси раиси Мўжтабо Золнур ўтган йилнинг ноябрида ўтган норозилик намойишларида 230 киши ҳалок бўлганини билдирди. Бу ҳақда 1 июнь куни Эрон ҳукуматига қарашли IRNA агентлиги хабар берди.

Эрон парламенти аъзоси биринчи марта норозилик намойишлари пайтида ўлганлар сони ҳақида расман маълумот берди.

Ўтган йилнинг ноябрида тўрт кун давом этган норозилик Эронда 1979 йилда содир этилган Ислом инқилобидан бери энг йирик намойиш бўлди.

Мўжтабо Золнурга кўра, намойишларда ҳалок бўлган 230 одамнинг бешдан бири ҳуқуқ-тартибот ходимидир. Бундан ташқари ўлганларнинг 25 фоизи намойишларда қатнашмаган йўловчилардир. Улар ўз ишлари билан кўчага чиққанларида бошларига ёки кўкракларига ўқ еб ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг 16 фоизи ҳарбий базалар ва полиция участкаларига ҳужум пайтида, 31 фоизи эса савдо марказлари, банклар ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига қилинган ҳужумлар пайтида ўлдирилган.

Эронда 2019 йилнинг 15 ноябрида бошланган намойишлар мамлакатнинг юздан ортиқ шаҳарларида 4 кун давом этган. Ҳукумат шу кунгача намойишларда ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни рад этиб келаётган эди.

Қозоқ-ўзбек чегарасидаги тожикистонликлар юртига қайтолмай сарсон бўлмоқда

Қозоқ-ўзбек чегараси яқинидаги автовокзалда яшаётган тожикистонликлар, Туркистон вилояти, 2020 йил 2 июни.

Қозоғистонда мардикорлик билан кун кўрган юзлаб тожикистонлик 10 ҳафтадан бери Ўзбекистон орқали ватанига ўтиб кетиш илинжида қозоқ-ўзбек чегарасида юрибди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон томони уларни ўз ҳудудига қўймаяпти, Тожикистон расмийлари эса уларни олиб чиқиб кетишга шошилмаяпти.

Ораларида аёллар, қариялар ва болалар бўлган тожикистонликлар Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасидаги “Жибек жўли” божхона маскани яқинида жойлашган автовокзал ҳудудида яшаётганларига 2,5 ойдан ошганини маълум қилганлар.

Чегарада қолиб кетган тожикистонликлар ҳукумат уларни ватанга қайтаролмай, кўчада қолдирганидан норозилик билдирганлар. Бу ерда одамлар озиқ-овқат тақчиллигига дуч келганлар. Ерда ётишга мажбур бўлаётган бу одамларнинг ювинадиган жойлари ҳам йўқ..

Озиқ-овқатни бизга маҳаллий турғунлари олиб келиб бериб турибди. Ухлаш ва ювинишга жой йўқ. Ким нима олиб келса, шуни еяпмиз”, деди исмини айтишни истамаган тожикистонликлардан бири.

“Жибек жўли” қишлоқ округи ҳокими Талгат Азимбердиев автовокзал ҳудудида 260 дан зиёд одам яшаётганини маълум қилди. Унга кўра, Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонасига аввалроқ бу одамлар ҳақида хабар берилган, бироқ тожик расмийлари ҳалигача улар учун транзит ташкил қилмаган.

Божхона масканида юрган ва ўзини Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходими деб таништирган киши вазият бўйича изоҳ беришдан бош тортган.

Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири божхона масканида турган пайтида бу ердан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўтаётганини кўрган. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходими Бахтиёр Камолов бу ердан ҳар куни Ўзбекистонга мингга яқин одам ўтаётганини айтган. Айни пайтда у юртига ўтиб кетмоқчи бўлган тожикистонликларга Ўзбекистон чегарасидан ўтишга нима учун рухсат берилмаётганини изоҳлай олмаслигини билдирган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон коронавирус ёйилишига тўсқинлик қилиш учун март ойида чет элликлар учун ўз чегараларини ёпган. Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалинишга оид илк ҳолат 15 март куни қайд этилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Айбек Смадияров 2 июнь куни ўз мамлакати тожикистонликларнинг чиқиб кетишига тўсқинлик қилмаётгани ва юзага келган вазият ҳақида Тожикистонни хабардор қилганини билдирган. Смадияровга кўра, Тожикистон томони ўз фуқароларини автобусда олиб чиқиб кетиш учун Тошкент билан музокаралар олиб бормоқда ва ҳозирда ўзбек расмийларидан бу борада жавоб кутмоқда.

Ўзбекистон Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида 5 минг кишилик масжид қурмоқда

Туркистонда 5 мингдан зиёд кишига мўлжалланган улкан масжид қуриляпти. Ўтган йили тамал тоши қўйилган масжид, Kazinform ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Туркистонга туҳфасидир.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қўллаб-қувватланаётганини қайд этган агентликнинг ёзишича, Туркистон шаҳрида барпо этилаётган масжиднинг умумий майдони 5 минг квадрат метрни ташкил қилади. Масжид ташқарисида эса яна 3 минг киши намоз ўқиши мумкин.

Архитектура мажмуасидан мусулмон маросимлари ўтказиладиган жойлар, конгресс зали, тўй саройи, 180 ўринли мадраса, кутубхона, ошхона, спорт майдончаси, 500 машинага мўлжалланган автопарк ва фаввора жой олиши режаланган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG