Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:59

Холиқназар Ғаниев қаерда?


Феруза Самарқандлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Холиқназар Ғаниев бир неча кундирки, бедарак. Унинг қаерда экани ҳақида ҳатто яқинлари ҳам аниқ маълумотга эга эмас.

Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Комил Ашуровнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, Х.Ғаниев 28 май куни Самарқандда “Freedom house” ташкилотининг минтақавий учрашувига келган эди. Ўшанда ҳуқуқ-ҳимоячиларининг орқасидан номаълум кишилар тасвирга тушириб юрган. Ўша кундан буён Х.Ғаниевдан дарак йўқ.

Х.Ғаниевнинг хотини Ҳурбуви Ғаниева эса эри 29 май куни Тошкентга кетгани, шундан буён ундан ҳеч қандай дарак бўлмаётганини маълум қилди.

30 май куни эрталаб “Мазлум” инсон ҳуқуқлари жамияти ижрочи директори, “Эрк” демократик партияси Тошкент шаҳри бўлими раҳбари Аъзам Турғунов ички ишлар бўлимига олиб кетилди.

Собир Раҳимов тумани ички ишлар бошқармаси уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Носир Каримжонов “Озодлик мухбирига А.Турғунов ушланмагани, балки суҳбатлашиш, ўзаро фикр алмашиш учун ИИБга олиб келинганини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг кўпчилиги ўзларига нисбатан тазйиқлар тўхтамаётганини маълум қилмоқда.

Жумладан, андижонликларни қўллаб-қувватлаш мазмунида плакатлар кўтариб пикетга чиққан тошкентлик Татьяна Давлатова уй қамоғида сақланаётгани, уйи ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўриқланаётганини билдирди.

Сиёсий фаол фуқаролар ва ҳуқуқ ҳимоячилари калтаклаб кетиш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Кўчада қаттиқ калтаклаб кетилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сотволди Абдуллаевни эрта тонгда уйи олдида оила аъзолари топиб олди.

Унинг қизи Шаҳодат Абдуллаеванинг таъкидлашича, отаси боши шишган ҳолда қон қусиб ётган эди. Шундан кейин у Тошкентдаги 16-шифохонага ётқизилган. Шифокорлар унга миянинг ўрта даражада шикастлангани ташхисини қўйган. Аммо унинг аҳволи жуда оғир. Отаси ҳатто нима ҳодиса юз берганини ҳам эслай олмайди. Шифокорлар унинг миясига қон қуйилганини тахмин қилмоқда.
XS
SM
MD
LG