Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:38

Чоллар ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши зарбдор кучга айланди...ми?


Озодбек 26 май куни тонгда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевнинг уйига маҳалла оқсоқоллари, зиёлилар, журналистлар ва фуқаро кийимидаги милиция ходимларидан иборат гуруҳ бостириб кирди.

Б.Ҳамроевнинг маълум қилишича, эрта тонгда 70 тача кишидан иборат бу гуруҳ унинг уйига бостириб кириб, ҳақоратлаган. Чоллар уни ҳассалари билан урган. Улар Каримовни ёмонлашни, Жиззахни “сотиш”ни, “Озодлик”ка интервью беришни бас қилишни талаб этган.

Б.Ҳамроевнинг айтишича, махсус автобусда келган “чақирилмаган меҳмонлар” ундан 24 соат ичида вилоятдан кўчиб кетишни талаб қилган, акс ҳолда тошбўрон қилиниб, туғилган жойи Челакка жўнатиб юборилишини таъкидлаган.

Шундан сўнг бу гуруҳЎзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Жиззах шаҳри бўлими раҳбари Ўктам Пардаевнинг уйига борди.

“70-80 одам бостириб келди. Улар орасида ҳуқуқ-тартибот ходимлари, журналистлар, шоирлар, солиқчилар, ҳокимлик вакиллари, бозор раҳбарлари бор эди. Улар менга ўлдириш билан пўписа қилди. Ўзимни калтаклаб, телефон симларини узиб кетди. Худо инсоф бердими, уй ичига кирмади”, - деди Ў.Пардаев.

“Зарбдор гуруҳ” инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмуржон Азимовнинг Учтепа шаҳарчасида уйида ҳам бўлиб, “тушунтириш ишлари”ни олиб борди.

Маълум бўлишича, яна бир гуруҳ Зарбдор туманидаги Бўстон шаҳарчасида яшовчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мамаражаб Назаровнинг уйида бўлиб, уни “тўғри юриш”га чақирган.

Жиззах шаҳри ички ишлар бўлими бошлиғи Эркин Ҳусанов “Озодлик” мухбирига бўлиб ўтган ишларда милиция ходимларининг алоқаси йўқлигини айтди.

“У ерларга оқсоқоллар борган бўлиши мумкин. Лекин биров ҳақоратлангани, кимгадир куч ишлатилгани ҳақида ҳеч нарса дея олмайман”, - деди Жиззах милицияси бошлиғи.
XS
SM
MD
LG