Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:12

Ўзи ўзлаштирган ердан мосуво қилинган фермер


Басира Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида истиқомат қиладиган фермер Саъдулло Остонов суд идораларидан бир неча йиллар давомида адолат излагач, эндиликда уни топишга умиди тобора сўниб бормоқда.

Бундан анча йиллар илгари фермер тумандаги Шароф Рашидов номидаги ширкат хўжалиги ҳудудидаги ўзлаштирилмаган 11 гектар ерни олиб, ўз ҳисобидан ўзлаштирган эди. У 4 йил давомида тер тўкиб, бу ташландиқ заминни ҳосилдор ерга айлантиради.

1996 йил эса мазкур ширкат хўжалигининг ери, жумладан, С.Остонов ўзлаштирган майдон ҳам “Бухоро” ширкат хўжалиги тасарруфига ўтказилади. Шундан буён фермер ўзлаштирган ерини ўзига беришларини сўраб, эшигини қоқмаган идораси қолмади.

С.Остоновнинг сўзларига қараганда, у дастлаб “Бухоро” хўжалиги раиси Азим Латиповга мурожаат қилган. Аммо узоқ муддат мурожаати жавобсиз қолган. Шофиркор тумани ҳокимлигига қилинган мурожаатдан кейингина раис фермерга ўзи ўзлаштирган ерни эмас, балки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган майдонни берган. Фермер бу ерни ҳам ўз ҳисобидан ўзлаштиришга мажбур бўлган.

Ҳозир фермер 8 гектар ерда деҳқончилик қилмоқда. Аммо бу ердан келадиган даромадга С.Остонов техника харид қилиб бўлмаслиги, демакки ҳар томонлама мустақил фермер хўжалиги ярата олмаслигини айтаётир.

“Бухоро” ширкат хўжалиги раиси, Ўзбекистон қаҳрамони Азим Латипов эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда С.Остоновга ҳақиқатан ҳам ўзлаштирилмаган ер ажратилганини тасдиқлади.

“Ер меники эмас, халқники. Ширкат йиғилишида аъзоларимиз унга ўзлаштирилган ер берилишига қарши овоз берди. Чунки бундай ерларда уларнинг ўзлари ишламоқда”, - деди Ўзбекистон қаҳрамони.

С.Остонов эса ўзи ўзлаштирган ерни қайтариб олиш учун 2001 йилдан буён суд идораларига мурожаат қилиб келади. Аммо судларнинг қарори ўзгармаётир – “фермерга ер беришга ширкат хўжалигининг имкони йўқ”.
XS
SM
MD
LG