Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:04

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво

“Ҳуррият” газетасининг 28 июнь сонида “Ҳали муаммолар етарли даражада” сарлавҳали суҳбат чоп этилди. Маҳаллий журналистларнинг касб байрами ўлароқ ўтказилган бу суҳбатда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломов, жумладан, бундай дейди: “Ҳали матбуот саҳифаларида бир-бирига ўхшаш, сийқаси чиқиб кетган ва ўқувчининг вақтини зое кетказадиган мақолалар, радио-тўлқинлар ва теле-экранларда маъно-мазмунсиз, эфир вақтини ўғирлайдиган эшиттириш ва кўрсатувлар оз эмас... Газеталаримизнинг ўз юзи, бир-бировидан фарқ қиладиган услуби кўзга ташланмайди. Ҳозирги ОАВда долзарблик ва тезкорлик етишмайди. Булар, аввало, журналист касб-маҳорати, билим-савияси билан боғлиқ муаммолардир”.


Газетанинг шу кунги сонида сиёсатшунос Шерзод Қудратхўжаев билан “Содда ахборот осон ҳазм бўлади” сарлавҳали интервью ҳам чоп этилди. Унда журналистларнинг вазирлик ва давлат идоралари матбуот хизматлари билан ҳамкорлиги тўғрисида Шерзод Қудратхўжаев, жумладан, бундай фикр билдирган: “Малакали журналист бирор ахборотга эга бўлмоқчи бўлса, албатта, у аниқ, конкрет, ишончли манбага суянади. Бу манба эса муайян ташкилотнинг матбуот хизматидир. Шунинг учун жойларда матбуот хизматлари “туяқуш сиёсати”ни юргизиб, мухбирларга ахборот бермаса, телефон қўнғироқларидан қочса, нотўғри иш қилган бўлади. Бефарқлик бугунги кунда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Демак, ахборотни тақдим этиш, ОАВ билан узвий алоқада ишлаш матбуот котибларининг асосий вазифасига киради”.


“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 28 июнь сонида Анвар Жўраев “Демократлаштиришнинг муҳим шарти” сарлавҳали мақоласида қуйидагича ёзади: “ОАВ ва журналистларнинг иқтисодий эркинликлари таъминланмас экан, уларнинг мустақил фаолияти ва эркин ривожланиши, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштироки тўлиқ таъминланмай қолаверади. Оддий бир мисол, маблағнинг етишмаслиги боис журналистлар аксарият ҳолларда жаҳонда содир бўлаётган воқеаларни хорижий ОАВ суратга олган лавҳалардан, хабарлардан фойдаланишга мажбур бўладилар. Маълумки, хорижлик журналистлар ўз давлатлари ёки ўз ахборот органи манфаатларидан келиб чиқиб, дунёдаги воқеа-ҳодисаларни видеотасмага туширадилар ёки ёзадилар. Табиий савол туғилади, биз дунёга кимнинг назари билан боқамиз? Муаммоларга кимнинг нуқтаи назаридан ёндашамиз?”
XS
SM
MD
LG