Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:18

Журналистга суиқасд уюштирилди


Басира Бухоролик таниқли журналист Ражаббой Рауповга (Ражаббой Отатурк) номаълум шахслар ҳужум уюштирди. Натижада журналист жиддий тан жароҳати олди.

Р.Раупов Шофиркон туманидаги ўз уйи олдида қонга беланган ва ҳушсиз ҳолда топилди ҳамда зудлик билан туман шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилди.

Туман шифохонаси бош врачи Ибодулла Неъматовнинг билдиришича, журналист шифохонага ўта оғир аҳволда олиб келинган. Р.Рауповнинг бош суяги ёпиқ синган, бош мияси лат еган. Айни пайтда беморнинг аҳволи ўртача оғирликда бўлиб, жонлантириш бўлимида ётибди.

Шифокорларнинг айтишича, журналистга ҳужум қилган шахслар асосий зарбаларни бош қисмига берган. Жарроҳлик амалиёти давомида унинг бошидан 6 та суяк синиғи олинган.

“Озодлик” мухбири Р.Рауповнинг ўзи билан ҳам суҳбатлашиш имконига эга бўлди. У ўзига қилинган ҳужумни суиқасд, деб баҳолади.

“Шофиркондаги аҳолининг ижтимоий турмуш тарзини, мулк тақсимоти адолатли бўлишини ҳимоя қиламан деб туман ҳокими Аҳмад Раҳмонов ҳақида бир неча танқидий мақола ёздим. Туман прокурори Ўктам Султонов бу адолатсизликларни кўрса ҳам ҳоким тарафида турди. Танқидий мақолалар ёзганим учун шундай ҳолатга тушиб қолдим”, - деди журналист

Р.Рауповнинг бир қанча танқидий мақолалари “Ишонч”, “Адолат”, “Фидокор” каби марказий нашрларда босилган. Аммо бу нашрларнинг бирортаси журналистга суиқасд қилингани воқеаси ҳақида ҳеч қандай маълумот тарқатмади. Ҳатто Р.Рауповни сўраб ҳам бу нашрларнинг бирорта вакили келгани йўқ.

Р.Раупов ўзига ҳужум қилганлар кимлиги, нима сабабдан бу ишга қўл ургани ҳақида терговчиларга кўрсатма берганини айтаётган бўлса-да, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари бу борада сукут сақламоқда. Шунга қарамай, “Озодлик” мухбирига маълум бўлишича, ҳужумда иштирок этганликда гумон қилинганлардан бири ушланган.
XS
SM
MD
LG