Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:19

Шофирконнинг шароби – элу халқнинг азоби


Басира Бухоро вилоятининг Шофиркор туманидаги шароб ширкатидан чиқадиган қўланса ҳид, нобоп санитария ҳолати корхона жойлашган ҳудуддаги аҳолининг яшашига жиддий халақит беряпти.

Шофиркондаги 9-май кўчасида 30 га яқин хонадон мавжуд. Рўзимурод Улуғов шу хонадонлардан бирида яшайди. У кенг ҳовлиси бўлишига қарамай, эшик-деразаларни ёпиб, кун бўйи уй ичида димиқиб ўтиришга мажбур. Бунга сабаб мана шу кўчага яқин жойлашган Шофиркон шароб ширкатидан қўланса ҳид анқишидир.

“Ҳар бири эллик тонна сиғимга эга тўртта хандақ ширкат чиқиндиси билан тўла. Ичкарида ҳам шундай хандақлар бор. Улардан чиқадиган сассиқ ҳид туфайли бу ерда ётиш умуман иложсиз. Кўчамизда яшовчиларнинг 60 фоизи касал. Тегишли идораларга қилган мурожаатларимиздан ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ”, - дейди Р.Улуғов.

9-май кўчасида яшовчи Гулбаҳор Жумаеванинг таъкидлашича, шароб ширкатидаги бу аҳвол бир неча йиллардан буён давом этяпти. Қўланса ҳид, пашшаю чиқин шу атрофдаги хонадон эгаларига тинчлик бермайди.

“Шоҳруд” очиқ акциядорлик жамиятига қарашли Шофиркон шароб ширкатидан мавзу юзасидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Шофиркон тумани давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази бош врачи Тожи Комиловнинг билдиришича, ширкат фаолияти юзасидан сўнгги бор бир неча йил аввал марказга шикоят тушган. Аммо яқин-орада аҳолидан бундай мурожаат бўлгани йўқ.

“Ширкат хўжалик юритувчи субъект бўлгани сабабли унинг фаолиятини тўғридан-тўғри текшириш имкониятимиз чекланган. Бунинг учун республика мувофиқлаштирувчи кенгашидан рухсат олишимиз керак. Ширкатдан ҳаво орқали ҳид тарқалиши саломатликка бевосита таъсир қилмайди”, - деди Т.Комилов.
XS
SM
MD
LG