Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:58

Эри қамалди, хотини устидан суд бўлиши кутиляпти


Феруза “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айланаётган жиззахлик тўрт фуқаро устидан суд жараёни ниҳоясига етиб, улар 7 йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси Бахтиёр Ҳамроевнинг билдиришича, Мухтор Ўринбоев, Абдуваҳоб Абдумансуров, Аброр Исмоилов 12 йилданга, Мелиқўзи Соипов эса 7 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Б.Ҳамроев суд ва тергов жараёнларида бу фуқароларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилгани, жумладан, ҳибсга олингандан кейин деярли бир йил давомида улар адвокат билан таъминланмаганини маълум қилди. Шунингдек, қариндошларининг айбланувчилар билан учрашувига ҳам 9 ойдан сўнггина рухсат этилган. Суднинг охирги мажлисида адвокат ҳам, прокурор ҳам қатнашмаган.

Б.Ҳамроевнинг айтишича, судланувчиларнинг барчаси 1999 йилда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан уйида ноқонуний қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар сақлаш айби билан ҳибсга олиниб, бир неча йил давомида қамоқда ўтириб чиққан. Улар 2004 йил 25 июнда яна ҳибсга олиниб, бир йилдан ошиқ вақт давомида МХХ ертўласида сақланган.

“Айбланувчилардан бирининг оғир сил касалига чалингани, яна бири иккинчи гуруҳ ногирони экани ҳам жазонинг енгиллаштирилишига асос бўлмади”, - деди Б.Ҳамроев.

М.Ўринбоевнинг хотини Матлуба Ўринбоева суд эрига нисбатан адолатли ҳукм чиқармаганини таъкидлади.

М.Ўринбоева ҳозир унинг ўзига нисбатан ҳам Жиноят кодексининг бир неча моддалари бўйича жиноят иши очилганини, яқин орада суд бўлишини билдирди.

“Эрим ҳибсда ушланиб, тергов қилинаётганида мен очиқда тергов бераётган эдим. Мен ҳам ҳизбчиликда айбланяпман. Августнинг ўрталарида устимдан суд бўлиши айтилди”, - дейди М.Ўринбоева.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Б.Ҳамроев ҳукм ўқилганларнинг яқин қариндошларидан бир нечаси устидан жиноят иши очилгани ва айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганидан қаттиқ хавотир билдирди. Судланганларнинг яқинларига нисбатан ҳам уларга қўлланилган моддалар бўйича, яъни конституциявий тузумга тажовуз қилиш, миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғатиш, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ва бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш каби айблар қўйилмоқда.
XS
SM
MD
LG