Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:41

Томорқасиз камбағалнинг азоби олдида гўрники ҳолвага ўхшайди


Ўзбекистонда қишлоқ жойларда яшовчи ҳар бир оилага 1200 квадрат метр қўшимча томорқа ажратилиши белгилаб қўйилган. Айнан томорқа мамлакатдаги кўпгина оилаларнинг асосий даромад манбаидир.

Хоразмда кўпчилик қўшимча томорқадан йилига 2 марта ҳосил олади. Аввал буғдой, кейин эса шоли экилади. Одамлар буғдойни тегирмонга торттириб, ун қилади. Рўзғоридан ортган буғдой ва шолини сотиб, кам-кўстига ишлатади.

Урганч туманининг Қорамон қишлоғилик 54 ёшли Ҳусинбой Отаев қўшимча томорқасиз қолишни фожеа, деб ҳисоблайди. Томорқасиз қолиб, оғир иқтисодий аҳволга тушгани уни шундай хулоса чиқаришга мажбур этди.

“Ҳозир аҳволим оғир. Егулик учун бир килограмм ҳам буғдойим йўқ. Болаларимни нима билан боқишга ҳайронман”, - дейди Ҳ.Отаев.

Маълум бўлишича, илгари бу ердаги Охунбобоев номидаги ширкат хўжалигида пудрат асосида меҳнат қилган оилаларга қўшимча томорқа айнан пудратдаги ер майдонлари ҳудудидан ажратилган. Кейинчалик фермер хўжаликлари ташкил этилиши натижасида қўшимча томорқа қишлоқнинг бошқа ҳудудидан бериладиган бўлди.

Ҳ.Отаев ширкат хўжалиги тугатилгач, Урганч тумани ҳокимлиги томонидан томорқа ери ажратиб берилмаганини билдирди. Унинг бу борада вилоят прокуратурасига ёзган аризасига келган жавобда айтилишича, Отаевлар оиласига туманнинг Қораянтоқ массивидан томорқа ери ажратиб берилиши таклиф этилган. Аммо оила бу ердан томорқа олишни хоҳламаган.

Ҳ.Отаевнинг айтишича, таклиф этилган ер шўр босгани етмагандек, уйидан анча узоқ ҳам.

“Ҳозир 50 одам мен каби сарсон бўлиб юрибди. Ўзимизга яқин ердан томорқа олишнинг йўли 50 минг сўм пора бериш экан. Пора берганларга пахта майдонини бузиб ҳам томорқа ажратиляпти”, - деди Ҳ.Отаев.

Ҳ.Отаев бу йил буғдойсиз қолгани учун мутасаддилар ёрдам ҳам сўради. Аммо Қорамон қишлоғи фуқаролар йиғини раиси Роман Дўстжонов Отаевлар хонадонига ҳеч қандай ёрдам берилмаслигини билдирди.

Хоразм вилоят прокуратураси агар Ҳ.Отаев ўз ҳуқуқларини бузилган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берган.

Ҳ.Отаев эса судга беришга пули йўқлигини, фуқаролар йиғини ёрдам беришни истамаётганини айтиб, буёғига нима қиларини билмай боши қотган.
XS
SM
MD
LG