Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:05

Даҳшатли режа ҳақиқатда ҳам бормиди?


Турғунбек 13 май куни Андижон аҳолисини тинчитишнинг иложи бўлмаса, Ўзбекистон президентида шаҳарни сувга бостириш режаси бўлгани ҳақидаги гап-сўзлар андижонликлар орасида ҳали ҳам тингани йўқ.

Қўрғонтепа туманининг Хонобод шаҳри яқинида Кампиробод сув омбори жойлашган. Андижонликлар яна 3-4 кун ичида шаҳарда тинчлик ўрнатилмаса, мамлакат раҳбари айнан шу сув омборини очтириб юбориш режасида бўлганини айтмоқда.

“Агар бу воқеалар яна 3-4 кун тинчимаганида Ислом Абдуғаниевич Хонабоддаги сув омборини очтириб юборар экан, деган гап 14 май куни тарқалди. Агар сув омбори очиб юборилса, Андижон 48 метр сув остида қолиши керак. Бу одам бизга дўстми, душманми, билмай қолдик. У ҳақиқий биринчи рақамли террорчининг ўзи экан. Ислом Абдуғаниевичдан Ўзбекистон халқи бутунлай норози”, - деди андижонлик бир қария.

Яна бир қария Ўзбекистон раҳбари 13 май куни Андижонга келганида вилоят ҳокими Сайдулло Бегалиевнинг раҳбар этиб тайинланганига унча кўп бўлмаганини назарда туриб унга: “Беш кунлик келинчак, агар бу иш тинчимаса, сув омборини очиб юбор”, - деб буйруқ бериб кетганини эшитганини билдирди.

Кампиробод сув омборини очтириб, вилоятни сувга бостириш ҳақидаги гаплар ҳақиқатда ҳам аҳоли орасида юрганини “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган бошқа андижонликлар ҳам тасдиқлади.

Вилоят аҳолиси орасида 13 май кунги воқеалар сирга тўла экани тўғрисида турли гаплар юрибди.

“Бу воқеаларга ўзимиз ҳам тушуна олмаяпмиз. Ҳарбий қисмни ҳам, қамоқхона ва ҳокимликни ҳам осонликча қўлга киритгани шубҳали. Бунга кимларнингдир кўрсатмаси ва ёрдами бўлгандир!? Бўлмаса, битта жойда тўполон бўлаётганида қолган иккитаси нега қараб турган”, - дейди кекса онахон суҳбатдош.

Онахон Андижон воқеалари арафасида қамоқхона атрофидаги вазиятни ҳам эслаб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, илгари қамоқхона хизматчилари ишхонасидан чиқиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, яна қайтиб ишга кириб кетган.

“Шу куни ҳам (13 май) постда турганлар ичган ҳолатда бўлган. Автоматларида ўқ бўлмаган. Ҳаттоки, минорада турган соқчи ҳам ичиб олиб, тепада ухлаб қолган бўлган, унинг ҳам қуролида ўқ бўлмаган”, - дейди онахон.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган андижонликлар 13 май воқеаларининг халқаро комиссия томонидан текширилиши масаласига ҳам муносабат билдирди. Уларнинг деярли барчаси Андижон фожеасини халқаро комиссия текшириши тарафдори эканини билдирди.

“Бу воқеаларга чеченлар, қирғизлар ва афғонларнинг иштироки борлигини Россия ташқи ишлар вазири ҳам айтди. Демак бу халқаро воқеа экан. Агар ҳукумат мулозимларининг бу ҳақдаги гаплари рост бўлса, буни халқаро ташкилотлар текшириши керак”, - деди қария суҳбатдошлардан бири.

Айрим суҳбатдошлар Ўзбекистон ўз айбини яшириш учун хорижлик мустақил кузатувчиларни мамлакатга киритмаётганини таъкидлади.

“Ҳукумат одамларни жангарилар отганини айтяпти. Шундай экан, нега жангарилар отган одамларни бутун дунёдан яширяпмиз”, - деди улар.
XS
SM
MD
LG