Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:15

Тошкент тиббиёт академиясидан умид катта


Ўзбекистондаги Биринчи ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтлари ва уларнинг Хоразм ҳамда Фарғонадаги филиаллари бирлаштирилиб, Тошкент тиббиёт академиясига айлантирилди.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 1 август куни эълон қилинган қарорига мувофиқ, академияни тузишдан асосий мақсад Ўзбекистонда замонавий талабларга жавоб берадиган шифокорларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашдир.

Янги ташкил этилган академия профессори Шерзод Зокирхўжаевнинг сўзларига қараганда, институт академияга айлантирилгани билан ҳозирча бу ердаги таълим тизимида жиддий ўзгартиришлар кутилаётгани йўқ. Яъни академияда ҳам 7 йил таълим олган талаба умумамалиёт ёки турли йўналишлар шифокори даражасини олади. Кейин 3 ёки 2 йил магистратурада ўқиб, олий маълумотли шифокор мақомига эришади.

Совет даврида Ўзбекистондаги бу тиббий таълим муассасалари қўшни республикалардаги турдош олий ўқув юртларига нисбатан кучли мутахассис етиштириб берадиган етакчи билим даргоҳи ҳисобланарди. Бу институтларда олий маълумотли шифокор даражасини олиш учун 6 йил ўқиш ва яна бир йил тегишли мутахассислик бўйича таҳсил олиш керак эди. Ҳозир эса бу йўлни босиб ўтиш учун 10 йил зарур – 7 йиллик бакалавриат, 3 йиллик магистратура босқичини ўтиш керак.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳабибулла Оқиловнинг фикрича, олий маълумотли шифокор мутахассислигини олиш учун 10 йил ўқиш анча узоқ муддат.

“Талаба 7 йил ўқигани билан унга барибир олий маълумотли шифокор дипломи берилмайди. Умумамалиёт врачи дегани ҳеч нарсани билдирмайди. Шунинг учун академияда ўқиш муддатлари кўриб чиқилса керак”, - деди Ҳ.Оқилов.

Ҳозир Ўзбекистонда шифокорнинг ўртача бир ойлик маоши 30-35 минг сўм, яъни 30 АҚШ доллари атрофида. Бир жон бошига кетадиган энг зарур эҳтиёжлар учун ойлик харажат эса ўртача 70-80 минг сўмдир.

Ўн йил ўқиб олий маълумот олган шифокор ойига 35 минг сўм маошга ишлаб турган бир вақтда академия ташкил этиш қанчалик зарур эди?

Ҳ.Оқиловнинг айтишича, шифокорларга шароитлар яратиш жуда долзарб масала. Шу жиҳатдан академиянинг ташкил этилишини олқишлаш зарур.

Шифокорлар малакасини ошириш институти директори Жўра Собировнинг таъкидлашича, аслида тиббиёт академиясини ташкил этиш фурсати аллақачон етган эди. Тиббиёт соҳасида бўлаётган янгиликларни амалиётга тадбиқ этиш учун энди битта шу академияга мурожаат қилинади, холос. Яъни ортиқча югур-югур, қоғозбозлик камаяди. Қолаверса, академия мақоми чет элларда ҳам тан олинади.

Хуллас, ўзбекистонлик аксар тиббиётчилар ташкил этилган академияга катта умид билан қарамоқда. 2005-2006 ўқув йили учун собиқ 1 ва 2-Тошкент давлат тиббиёт институтларига ўқишга ҳужжат топширган абитуриентлар эса омади чопиб, кириш имтиҳонларидан ўтиб олса, академия талабасига айланади.
XS
SM
MD
LG