Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 23:20

Аёлларга иш ўрни керак, кимгадир гузар ташвиши тушадур


Лобар Сирдарё вилоятининг Янгиер туманидаги “Бекажон” фирмаси раҳбари Эркиной Мамажонованинг 30 дан ортиқ аёлни иш таъминлаш учун қўшимча жой сўраб қилган мурожаатлари бир йилдан буён натижа бераётгани йўқ.

“Бекажон” фирмаси қизларга 7 йўналиш бўйича ҳунар ўргатиш мақсадида ташкил этилган. Ҳозир ўқув машғулотлари фирма раҳбари Э.Мамажонованинг уч хонали уйида олиб борилади.

Э.Мамажонованинг айтишича, машғулотларни тўлиқ ўтиш учун хоналар торлик қилади. Чунки дарсдан ташқари ўқув машғулотлари ҳам ўтиш керак. Шу атрофдаги ташландиқ бинони сўраб шаҳар ҳокимига қилган мурожаатлари эса бир йилдан буён натижа бергани йўқ.

Э.Мамажонова шу кунгача 500 дан ортиқ шогирд тайёрлаган. Фирмада 8 ишчи бўлиб, улар қизларга тикувчилик, пазандачилик каби ҳунарларни ўргатади.

“Жой етишмаслиги туфайли дарсларни ўз вақтида ўта олмаганимиз учун баъзан қизлар олдида хижолат бўламиз. Чунки улар ўқиш учун пул тўлайди”, - дейди ишчилардан бири Нафиса Абдураимова.

Маҳаллий хотин-қизлардан кўпчилиги иш ўрни ташкил этишни сўраб, “Бекажон” фирмасига кўп бора мурожаат қилган. Лекин жой муаммоси туфайли уларнинг бу мурожаатини рўёбга чиқаришнинг иложи бўлмаётир.

Ҳозир Э.Мамажанова сўраган бинони маҳалла гузарига айлантириш учун иш бошланган. Аммо бу ердаги хотин-қизлар маҳалла гузаридан кўра янги иш жойини афзал билади.

“Агар шу ерда ўрни яратилганида икки қизимни Тожикистонга пахта чопиқ қилишга жўнатмаган бўлардим”, - дейди маҳаллий хотин-қизлардан бири.

Янгиер шаҳри ҳокими ўринбосари Абдушокир Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, ҳоким учун 30 та аёлга иш ўрни яратишдан кўра, 6 минг аҳоли учун гузар қуриш муҳимроқ. Қолаверса, “Бекажон” фирмаси сўраётган бино шаҳар ногиронлар жамиятига қарашли. Унинг ишига ҳоким аралаша олмайди.

Шаҳар ногиронлар жамияти раҳбари Ғайбулла Нуруллаев эса бино ажратиш масаласида ўзига “Бекажон” фирмасидан мурожаат тушмагани, бу бинони маҳалла гузарига айлантириш ишлари аллақачон бошланиб кетганини билдирди.

Аммо фирма раҳбари Э.Мамажонова бино учун Республика ногиронлар жамияти ва вилоят ҳокимлигининг ҳам розилиги олингани, аммо маҳаллий раҳбарлар бунга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG