Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:57

Ўзбекистон Шимолий Корея билан бир сафга қўйилади


Тўлқин АҚШнинг эътиқод масалалари бўйича халқаро комиссияси Давлат департаментига Туркманистон ва Ўзбекистонни эътиқод эркинлиги энг қаттиқ топталаётган давлатлар рўйхатига киритишга тавсия берди.

Ўтган йили бу рўйхатга Мянма, Вьетнам, Эрон, Хитой, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, Судан ва Эритрея киритилган эди.

Комиссия эътиқод масаласида “алоҳида муаммоли мамлакатлар” рўйхатига Ўзбекистон ва Туркманистонни киритишни тавсия этгани АҚШ бу давлатларда эътиқод эркинлиги топталишига жиддий эътибор қаратаётганидан дарак беради.

АҚШ Давлат департаменти халқаро ахборот дастурлари бюроси шу муносабат билан тарқатган хабарномада қуйидаги сўзлар бор:

“Комиссия, шунингдек, алоҳида муаммоли мамлакатлар рўйхатига Ўзбекистонни ҳам киритишни тавсия этади. Комиссиянинг ўтган йили Ўзбекистонда бўлиб, бу мамлакат тўғрисида чиқарган хулосаларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ислом динига эътиқод қўйган кишиларни қатъий назорат остига олишда давом этмоқда. Ҳукумат томонидан тавсия этилган тартибда диний амалиётларни бажармайдиган алоҳида мусулмонлар, уларнинг гуруҳлари ва масжидларига ёки, ҳукумат тасдиғига кўра, экстремистик сиёсий дастурларга алоқадор шахсларга нисбатан ҳукумат шафқатсиз чоралар қўлламоқда. Сўнгги йилларда айнан шундай айбловлар асосида минглаб кишилар озодликдан маҳрум этилган”.

“Озодлик” мухбири Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Исмоиловдан комиссия хулосасига муносабат сўради. У мамлакатда мусулмон бўлгани ёки бирор динга эътиқод қилгани учун ҳеч ким қамалмаганини билдирди.

“Қамалганлар орасида тақводорлар ҳам бор. Уларнинг бошқа диндорлардан фарқи нимада? Улар уюшган ҳолда қурол кучи билан конституциявий тузумни ағдаришга ҳаракат бошлаган, жойларда қўпорувчилик ишларини амалга оширган, бегуноҳ одамларни ўлдирган, аҳолини кўчага чиқиб, ҳукуматга қарши курашишга даъват қилган кишилардир”, - деди Ш.Исмоилов.

Ш.Исмоиловнинг таъкидлашича, тавсияномадаги Ўзбекистонда юздан зиёд диний жамоа ва конфессия ҳукумат томонидан рўйхатга олинмагани тўғрисидаги даъво ҳақиқатга зид. Ўзбекистонда барча дин вакиллари учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Мамлакат Адлия вазирлиги 16 диний ташкилотни рўйхатдан ўтказган ва ўтказмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, мамлакатда диний эътиқоди учун қамашлар кўп йиллардан буён давом этиб келяпти. Айни пайтда қамоқхоналарда диний эътиқоди учун қамалган 7 мингга яқин маҳбус бор. Улар “Ҳизб ут-таҳрир”, ваҳҳобийлик, акрамийлик каби диний оқимларга аъзоликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган.

С.Икромовнинг сўзларига қараганда, диний экстремистик гуруҳларга аъзоликда айбланиб қамалаётганларнинг аксарияти устидан сохта айбномалар асосида айби исботланмасдан ҳукм чиқарилган.

АҚШ Давлат департаментига берилган тавсиянома ҳақидаги хабарномада ёзилишича, “диний оқимга алоқадорликда айбланиб қамоқққа олинган маҳбусларни жазони ўташ муассасаларида қийнаш, азоблаш ҳолатлари, Ўзбекистон ҳукуматининг қийноқларни тугатиш тўғрисида берган ваъдасига қарамай, давом эттирилаётгани ҳақида ишончли маълумотлар ҳамон келиб турибди”.

Хабарномадаги бу даъвони эри “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланиб, 2001 йилда 14 йилга озодликдан маҳрум этилган Мабрура Рашидова ҳам тасдиқлади.

Унинг маълум қилишича, эри Обиджон Ёқубов яқинда қамоқхонада диндор маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётган ҳақида очиққа хат чиқарган. Хатда маҳбуслар резина тўқмоқлар билан калтакланиши, ҳатто маҳкумлар номусига тажовуз бўлиши ҳақида ёзилган.

Тавсияномада Андижондаги норозилик чиқиши шафқатсиз бостирилгани, ундан кейин инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, халқаро ташкилотлар вакиллари, журналист ва диндорларга нисбатан қатағонлар кучайгани қораланади.

Эътиқод масалалари бўйича халқаро комиссиянинг вазифаси дунё мамлакатларида фикр, виждон, дин ёки эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятни ўрганиб, АҚШ президенти, давлат котиби ва Конгрессга тавсияномалар беришдан иборат. Ушбу тавсиянома асосида АҚШ ҳукумати бошқа мамлакатлар билан муносабатларда муштарак инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш ёки рағбатлантириш сиёсатини олиб бориши мумкин.
XS
SM
MD
LG