Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:33

Андижондан қочганлар кўплиги маълум бўляпти


Турғунбек Андижондаги хунрезликдан кейин мамлакатни тарк этганлар сони анча кўплиги маълум бўлмоқда. Улар Қирғизистондаги қочқинлар лагеридан эмас, балки қўшни мамлакатлардаги танишлариникидан бошпана топган.

Куни-кеча “Озодлик” радиосига Ўзбекистонга қўшни мамлакатлардан бирида яшириниб яшаётган андижонлик 4 фуқаро телефон қилди.

“Биз Андижон воқеаларидан кейин 14 май куни чиқиб кетганмиз. Уйимизга автобусларда аскарлар келган, турли тазйиқлар бўлган”, - дейди йигитлардан бири яшириниб юриш сабаблари ҳақида гапириб.

Йигитнинг сўзларига қараганда, ҳозир яшаётган жойида кун кечириш жуда қийин. Улар бир жойдан чиқмай яшашга мажбур бўлмоқда. Қариндошлари оз-моз маблағ етказиб туради.

“Сўзоқдаги қочқинлар лагеридан 80 кишини ушлаб, Ўзбекистонга ноқонуний равишда бериб юборишган. Шунинг учун биз бу лагерга боришга чўчидик. Ҳозир на уйга қайта оламиз, на бошқа жойга кета оламиз. Андижондаги ҳозирги ваҳималарни эшитиб, қўрқиб кетяпмиз. Энди БМТдан бошпана сўраш ниятидамиз. Аммо кимга мурожаат қилишни билмаймиз”, - деди қўшни давлатда юрган йигитлар.

Йигитлардан бири 13 май кунги воқеаларни тасвирлаб берди.

“Биз митинг бўлаётган майдонда эдик. Аскарлар БТРларда келиб, ўқ уза бошлади. Четда турганлар ўлди, яраланди. Қолганлар Сой томонга юра бошлади. 15-мактаб ва қурилиш техникуми олдида аскарлар БТРларда пистирмада турган, мактаб ва техникумнинг томида мерганлар қўйилган экан. Улар 10 минутча тинмасдан одамларга ўқ узди. Юзлаб одамлар, уларнинг ичида болалар, аёллар ва чоллар бор, ўша ерда ўлиб кетди”, - деди йигит.

Иккинчи суҳбатдош йигит ҳам барча одамлар қатори президентнинг халқ билан учрашишига умид қилиб, намойишга боргани ва кейинги воқеаларга бевосита гувоҳ бўлганини гапирди.

“Мен президентни кўрмаган эдим, - деди йигит. - Энди президентни ҳам кўрар эканман, нима гап бўларкан, деб қизиқиб ўша ерга боргандим. Тепада 2-3 марта вертолёт учиб айлангандан кейин президент келади, деб ҳамма кутиб турса, осма кўприк томондан БТР билан “Урал” машина келиб, тариллатиб отиб кетди. 10-20 ўликни ичкарига олиб кириб кетишди. Бирпасдан кейин (аскарлар) қайтиб, яна отиб кетди. Яна одамлар ўлди. Бу ҳол такрорланавергандан кейин одамлар Сой томонга юрамиз деди. 15-мактаб олдида шундай отишма бўлдики, ўша пайтдаги аҳволимни ўзим ва худо билади”.

Йигитлар ўз ватанига қайтишга юраги дов бермаётгани сабаблари ҳақида гапирар экан, ҳали ҳам уйларига уларни сўраб келишаётганини эшитаётганини билдирди.

“Менинг аямни МХХга чақириб олиб кетиш учун бир автобус аскарлар билан келишган. Маҳалла кўрсин, одамлар қўрқсин, қайтиб митингга чиқмасин, деган мақсадда шундай қилишган. Энди аям юраги оғриб, ётибди. Андижонда онам ва укаларим қолган. 2 қариндошимиз ўқ еб ўлди. Уларнинг бири 35, иккинчиси 24 ёшда эди”, - деди йигитлардан бири.

Иккинчи йигит эса 35 ёшдалиги, бутун оиласи Андижонда қолиб кетгани, учта фарзанди борлиги, уларнинг шароитидан хабарсиз эканини билдирди. Бу йигит оиласидан хабар олишга қўрқиши, чунки орқасидан биров тушиши мумкинлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG