Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:52

Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг қаерда сақланаётгани номаълум


Шайбон Туҳмат ахборотлар тарқатишда айбланиб, шу йил 22 май куни ҳибсга олинган андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айни пайтда қаерда сақланаётгани номаълумлигича қолмоқда.

С.Зайноббиновнинг ўғли Илҳомжоннинг сўзларига қараганда, отасининг Тошкентга олиб кетилганига бир ойча бўлган. Шунча вақтдан буён унинг қаерда сақланаётгани тўғрисида яқинларига хабар қилингани йўқ. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг қаердалиги адвокатга ҳам маълум эмас.

Илҳомжон отасининг қаерда экани, нима сабабдан ўзи ёллаган адвокат у билан учраша олмаётганига қизиқиб терговчи Яҳё Иброҳимовга мурожаат қилган. Терговчи бу борага ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтиб, гапни қисқа қилган.

“Бу одам отамни Андижонда тергов қилаётган эди. У тергов ҳаракатлари Тошкентда давом этаётганини, бошқа гапдан хабари йўқлигини билдирди. Шундан сўнг Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарига ёзма равишда мурожаат қилдим. Жавоб бўлмади. Вилоят прокуратурасидан ҳам жавоб бўлмади. Ички ишлар вазирлигининг яқинига ҳам йўлай олмадим”, - деди Илҳомжон.

С.Зайнобиддиновнинг адвокати Мавлуда Аҳмедова ўз ҳимоясидаги шахс билан сўнгги марта июль ойи ўрталарида учрашганини билдирди.

“Мен ҳозир С.Зайнобиддинов устидан тергов ҳаракатлари қандай олиб борилаётганини била олмаяпман. Унга бошқа адвокат тайинланганидан ҳам, акс ҳолда нега менсиз тергов қилинаётгани сабабларидан ҳам бехабарман”, - деди М.Аҳмедова.

“Озодлик” мухбири С.Зайнобиддиновнинг тақдири хусусида Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурадан умуман жавоб ола олмади.

Эслатиб ўтамиз, С.Зайнабиддинов 13 май воқеаларидан кейин Андижонда амалга оширилган оммавий қамашлар жараёнида ҳибсга олинган. Унга дастлаб Жиноят кодексининг 139 (туҳмат қилиш) ва 244-1-прим моддалари (жамоат хавфсизлиги ёки жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) бўйича айб қўйилганди.

Яқинлари ва ҳамфикрлари С.Зайнобиддинов аслида Андижон шаҳри жиноят ишлари судида акрамийликда айбланаётган шахсларни ҳимоя қилгани учун ҳибсга олинганини таъкидламоқда.

Илҳомжоннинг билдиришича, уларнинг хонадони ва телефони ҳали ҳам назорат остида қолаётганга ўхшайди. Чунки хонадонга оддий одамлар қўнғироқ қилса ҳам улар олиб кетилиб, сўроқ-саволга тутилиб, яна қўйиб юбориляпти.

Илҳомжон хонадон аъзоларининг ўзига ҳеч қандай тазйиқ ёки таъқиблар бўлмаётганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG