Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:14

Ражаббой Раупов бундан кейин “эшакни амаки” демайди


Феруза 6 июль куни шафқатсиз калтаклаб кетилган бухоролик журналист Ражаббой Раупов (Ражаббой Отатурк) Тошкентда иккинчи марта операция қилингандан кейин шифохонадан чиқди.

Р.Раупов Шофиркон туманидаги ўз уйи олдида Ҳусниддин Акрамов исмли шахс томонидан шафқатсиз калтакланган эди. Бошига оғир ва қаттиқ жисм билан 7 марта зарба берилгани сабабли унинг бош чаноғи суяклари майдаланиб кетган, Шофиркон туман шифохонасида тезда операция қилингани сабаблигина ҳаёти сақлаб қолинганди.

Р.Рауповнинг миясида бош чаноғи суяги синиғи қолиб кетгани сабабли у Тошкентдаги Нейрожарроҳлик илмий марказида иккинчи марта операция қилинди.

“Шу кунгача яхши гапира олмасдим. Чап қўлим ва чап оёғим ишламасди. Ҳозир аҳволим анча яхши. Лекин шифокорлар кўп гапирмаслигим, ёзмаслигим, ўйламаслигимни тайинлаган. Одамга нисбатан адолатсизлик, зулм соя солиб турган бир пайтда врачларнинг айтганларига амал қилиш жуда қийин”, - деди Р.Раупов.

Журналистнинг айтишича, калтакланганидан кейин на туман ва вилоят, на республика ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари унинг ҳолидан хабар олган. Бироқ шифохонага ётқизилгандан бошлаб қаттиқ назоратга олинган.

Р.Раупов яхши маънодами ёки ёмон маънода назоратга олинганини ҳали ҳам билмаслиги, лекин ёнига одам киритилмагани бор гап эканини таъкидлади.

“Ўзбекистонда юзлаб газеталар бор. Уларда мен билан содир бўлган воқеа ҳақида икки оғиз ҳам хабар берилмади. Мен бу ҳолатни ўзимга нисбатан тазйиқ, деб биламан”, - деди журналист.

“Тўғрини тўғри деб ёзишим учун худо жонимни омон қолдирди, деб ўйлайман, - дейди Р.Раупов. – Шу пайтгача эшакни амаки, деб келганман. Маддоҳона мақтов мақолалар ёзганман. Бундан кейин эшакни амаки демайман. Тўғри сўзни ёзаман”.

Эслатиб ўтамиз, Р.Раупов ўзининг калтакланишини Шофиркон тумани раҳбарларини танқид қилиб, мақолалар ёзгани учун уюштирилган суиқасд сифатида баҳоламоқда. Журналистни калтаклаган шахс айни пайтда ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинган бўлиб, унинг устидан жиноят иши қўзғатилган.
XS
SM
MD
LG