Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:42

Б.Мусаев: “Россиядан ёрдам кутиш энг катта хатодир”


Шайбон Вашингтондаги Ҳадсон институти профессори Кристофер Браун Шанхай ҳамроҳлик ташкилоти АҚШ учун энг хавфли, исталган кўринишдаги ёвузликни кутиш мумкин бўлган тузилма эканини таъкидлади.

Унинг фикрича, Андижон воқеаларидан кейин Хитой Ташқи ишлар вазирлиги берган баёнотда расмий Пекин Ўзбекистон ҳукуматининг террорчилик, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашдаги ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлаши маълум қилингани ШҲТдаги ҳарбий ҳамкорликнинг асосий мақсадини намойиш этган. Шунинг ўзиёқ бу ташкилот нақадар ёвуз ва хавфли эканини намоён қилади. ШҲТнинг ёвузлиги кўпроқ Америка халқи ва қитъасига нисбатан кучлидир.

Профессор ташкилот аксиламерика кайфиятларни кучайтиришга хизмат қилиши, зеро, унинг сафига қўшилаётган барча давлатларда шундай кайфият устиворлигини айтади. У кейинчалик шундай давлатлар аксиламерика кайфиятидаги ўзига хос блокни юзага келтиришидан хавотир билдиради.

“Озодлик” мухбири К.Брауннинг мазкур хулосаларига ўзбекистонлик кузатувчиларнинг муносабатини ўрганди.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг эътирофича, ШҲТ ўз олдига қўйган иқтисодий мақсадлардан чекиниб, геосиёсий ўйинларга (Остонадаги саммитда АҚШдан Марказий Осиёдан чиқиб кетиш муддатини аниқлаштириш талаби) аралашиб кетаётгани тузилма ҳали концептуал жиҳатдан мукаммал ривожланмаганидан дарак беради. Шу сабабли у АҚШга қарши туриш қудрати ва имкониятига эга эмас. Шунга қарамай, ШҲТнинг сўнгги пайтлардаги фаолияти у аксиламерика кайфиятидаги блокка айланиши мумкинлиги тўғрисидаги хулосалар асосли эканини кўрсатади.

Демократик ташаббуслар маркази директори Искандар Худойбергановнинг мулоҳазасига кўра, ШҲТ ташкил этилгандан буён унинг ҳаракатлари, асосан, демократияга қарши қаратилган. Тузилма шу жиҳати билан хавфли ва ёвуздир.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев ШҲТ АҚШ учун хавф экани тўғрисидаги мулоҳазаларга қўшилди.

“Бу хавф аниқ бўлиб, АҚШнинг Марказий Осиёда мавқеини йўқотиши мисолида янада яққол кўринади. АҚШ бу минтақадан туриб Хитойни кузатиб борган эди. Энди у бу имкониятдан маҳрум қилиняпти”, - деди Б.Мусаев.

Профессор Кристофер Браун Марказий Осиёда АҚШ учун хавфли ўзгаришларнинг юзага келишига айнан Хитойни айбдор қилиб кўрсатади. Зеро, АҚШнинг Марказий Осиёга кириб келишидан анчадан буён ташвиш билдириб келаётган Хитой энди қарши чоралар кўра бошлаган.

Сиёсатшунос Ф.Толипов ШҲТнинг Остона саммитида АҚШга қарши декларация имзоланиши айнан Хитой ёки Россия йўриғи билан амалга оширилганига шубҳа қилмаслигини билдирди.

И.Худойберганов ҳам бу фикрга қўшилиб, ШҲТнинг бош ядроси Хитой ва Россия экани, тузилманинг бошқа аъзолари, жумладан, Ўзбекистон уларнинг қўлида ўйинчоққа айланиб қолаётганини таъкидлади.

“ШҲТ деб аталувчи гуруҳни бошқараётган Хитой ва Россия Ўзбекистондан қарта мисоли фойдаланмоқда. Улар бизни ўз манфаатлари йўлида ишлатмоқда. Яъни биз тадқиқот майдонига айланиб боряпмиз, биз орқали Ғарбнинг кайфияти ўрганилмоқда. Биз орқали АҚШнинг қитиқ-патига тегишяпти. Биз орқали устунликка даъвогарларнинг тортишуви кечяпти. Бу жуда хавфли жараён”, - деди И.Худойберганов.

Б.Мусаевнинг таъкидлашича, минтақадаги барча сиёсий ўйинлар ортида кўпроқ Россия турибди. Чунки Ўзбекистоннинг АҚШ билан алоқалари қанчалик кескин тус олса, Россиянинг бу ерда ўз таъсирини кучайтиришига йўл очилади.

“Биз (Ўзбекистон дейилмоқчи) ўз кучимиз билан хавфсизлигимизни таъминлай олмаймиз. Бордию минтақада бирор хавф туғилса, албатта, кимнингдир ёрдамига суянишимиз керак. Аммо бу ёрдамни Россиядан кутиш энг катта хатодир”, - деди Б.Мусаев.
XS
SM
MD
LG